Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Умумтаълим мактабларидаги таълим сифати пойтахтда ҳам, олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шарт. Бунинг учун чекка ҳудудларда мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа — 100 фоиз устама ҳақ тўланади”, дея таъкидлаган эди.

Айни шу ғоя Президентимизнинг жорий йил 11 январда имзоланган “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топди. Халқ таълими тизими ривожига салмоқли ҳисса қўшадиган бу меъёрий ҳужжатнинг қабул қилиниши республикамизнинг барча ҳудудида таълим сифатини ошириш, энг чекка ҳудудларда ҳам ўқувчиларга замонавий билимларни эгаллаши учун муносиб шароит яратишда муҳим пойдевор бўлди.

Жамиятда ўқитувчининг мақомини юксалтириш, мавқеини ошириш, ижтимоий таъминланганлик даражасини кўтаришга қаратилган бу каби ислоҳотлар шукуҳи бухоролик ёш педагоглар оиласини ҳам четлаб ўтмади. Инглиз тили ўқитувчиси Фаррух Муродов ҳамда турмуш ўртоғи Наргиза Қувонова олис ва чекка ҳудудда ишлаш, таълим сифатини оширишдек хайрли ишга ҳисса қўшишни истади. Шу мақсадда Халқ таълими вазирлиги билан боғланди. Уларга Бухоро билан чегарадош Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятининг чекка ҳудудларидаги мактабларда ишлаш тавсия этилди.

Эр-хотин маслаҳатлашиб, Нуробод туманининг Арғон қишлоғидаги 54-мактабда дарс беришга қарор қилди. Вилоят марказидан анча узоқда жойлашган қишлоқ аҳли, мактаб жамоаси инглиз тили ўқитувчиларини самимий кутиб олди. Уларга ўзлари таълим берадиган мактаб яқинидан уй ажратилди. Яшаш учун зарур шарт-шароит яратилди.

Нуробод туманининг олис ва чекка ҳудуди — Арғон қишлоғидаги 54-мактабда йиллар давомида инглиз тили дарси ўтилмаган, таълим сифати қониқарсиз деб топилгани учун “қизил тоифа”га киритилганди. Бу ҳолат ота-оналарнинг эътирозига ҳам сабаб бўлаётганди. Ана шу гўшага бухоролик оила — инглиз тили ўқитувчиларининг келгани мактаб ўқувчилари, ота-оналар учун ҳақиқий байрам бўлди. Янги муаллимлар қисқа вақтда таълим сифатини оширишга бел боғлади. Инглиз тили дарслари юқори савияда ташкил этилди. Дарсдан сўнг ўзлаштириши суст болалар билан индивидуал машғулотлар ўтказилди. Бу ўқувчилар қалбидаги орзуларга қанот бағишлади. Яқинда Халқ таълими вазири ушбу мактабга бориб, ўз касбининг устаси бўлган фидойи педагогларга миннатдорлик сифатида “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонини топшириб келди.

— Арғон қишлоғи дашт, деярли чўлдан иборат. Туман марказигача 45-50 километр йўл босиш керак. Автобус кунда бир марта туман марказига қатнайди. Аммо қишлоқ аҳли очиқкўнгил, меҳрибон, мард, олижаноб инсонлар. Улардаги самимият, софлик кишини ҳайратлантиради. Катта-кичикнинг ўқитувчига ҳурмати баланд, уларни эъзозлайди. Шундай пайтда педагоглик касбини танлаганимдан хурсанд бўламан, — дейди Фаррух Муродов. — Бизни олис масофадан келиб, шу ерда ишлашимиз учун қизиқтирган ягона сабаб фақат устамалар эмас. Ўқитувчилик касбига ҳурматимиз боис, болаларнинг чет тилини ўрганиши учун ёрдам беришга келганмиз. Салоҳиятимизни синаб кўриш, болаларнинг таълим олишига ҳисса қўшиш истаги устунлик қилди. Уларнинг кўзига қараш, илмга чанқоқлигини кўриш, ана шу эҳтиёжни қондириш бахтини мен сўз билан ифодалай олмайман.

Наргиза Қувонова аввалига турмуш ўртоғи билан олис ҳудуддаги таълим масканига бориб ишлашга иккиланди. Бегона жойга тез мослашиб кетармиканмиз, деган хавотир уни бироз безовта қилди. Бироқ касбига фидойилик иккиланиш ва ҳадикни енгишда ёрдам берди.

— Келганимизда назарим тушгани болаларнинг юзидаги ҳаяжон бўлди, — дейди муаллима. — Уларнинг кўзи ёниб турарди. Ўқувчилар учун инглиз тили янги фан, биринчи синф боласи дарсда қандай ўтирса, 11-синф ўқувчиси ҳам худди шундай эътибор билан сабоқни тинглайди. Ўқувчиларнинг чет тилларга қизиқиши баланд, улар жуда ҳам фаол.

Ўзига қулай шароит, туғилиб ўсган маҳаллани ташлаб, бошқа ҳудудга бориб ишлашга қарор қилиш инсондан касбига муҳаббатни талаб этади. Чет тили ўқитувчиларининг сўзларини тинглар эканман, киши кўз олдида улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг “Биринчи муаллим” асаридаги Дуйшен гавдаланади.

Президентимиз соҳа ривожига бағишланган йиғилишларда ўқитувчиларни рағбатлантириш ҳақида сўз юритар экан, “Уларнинг ойлигини минг АҚШ долларига чиқармагунча тўхтамаймиз”, дея таъкидлаган эди.

— Мен фаолият юритаётган мактаб ҳам олис, ҳам таълим сифати паст бўлиб, “қизил тоифа”га киргани учун иш стажимдан келиб чиқиб, устама белгиланган, — дейди Фаррух Муродов. — Соҳада фаолият бошлаганимга ўн йилдан ошгани сабабли қирқ фоиз устама оламан. CEFR сертификатига эга, биринчи тоифали педагоглигим қўшимча ўттиз фоизлик устама олиш ҳуқуқини беради. 1,5 ставка дарс бераман. Жами 10 миллион 490 минг сўм қўлимга тегади. Бу 1000 АҚШ доллари дегани. Аввал олган маошимдан уч баравар кўп. Мен бемалол айта оламан: олий маълумотли, дипломли, чет тилини билган мутахассислар учун бу зўр имконият.

Айни пайтда Фаррух ва Наргизага ўхшаган бошқа ўқитувчилар ҳам Нурободга келиб, дарс беряпти. Уларнинг деярли ҳаммаси 1,5 ставкадан дарс соатига эга.

Олис ва чекка ҳудудларга бориб ишлаш истагидаги ўқитувчиларга қўшимча қулайлик яратиш учун Халқ таълими вазирлиги томонидан “Янги Ўзбекистон устозлари” лойиҳаси йўлга қўйилган. Шу орқали педагогларнинг ҳужжат топшириши учун қулай шароит яратиляпти. Бу эса, ўз навбатида, таълим жараёнининг барча босқичини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, ўқитиш сифатини юксалтириш, соҳага малакали ўқитувчиларни жалб қилиш ва жамиятда уларнинг мавқеини оширишда муҳим омил бўлади.

 

Рисолат МАДИЕВА,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири