Қадим қалъанинг ғарбий қисмида олиб борилаётган қазишмалар натижасида йирик монолитли тўшама топилди. Бу тўшама 40х40х10 ҳамда 41х41х10 сантиметр ҳажмдаги ғиштлардан тикланган бўлиб, умумий майдони 28х14 метр. Бу иншоотдан нима мақсадларда фойдаланганлигини ҳозирча фақат тахмин қилиш мумкин. Қадимшунос олимлар фикрича, бу жой диний маросимларни бажариш учун қурилган бўлиши мумкин.

Ана шу бино пойдевори қолдиғи ичидан милодий III-IV асрларга оид сопол буюмлар парчалари топилди.

Шунингдек, қалъа марказида олиб борилган қазишма натижасида милоддан аввалги IV-III асрларга оид турар-жойлар қолдиқлари ҳам аниқланди.

Илк антик даврга оид қатламлардан топилган сопол буюмлар орасида манжетсимон гардишли хумлар топилгани фан учун катта аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Ушбу топилмалар қалъанинг барпо қилинган санаси ҳақида шу кунгача тарихчилар тилга оладиган санани қайта кўриб чиқишни тақозо этади. Негаки, шу кўринишдаги сопол идишлар турлари милоддан аввалги VII-V асрларга оид бўлиб, нафақат Хоразм, балки Марказий Осиё ҳудудларида жуда кенг тарқалган.

Яна эътиборли топилмалардан бири сопол ҳайкалчадир. Сопол ҳайкалча ниҳоятда нафис ишланган, ундаги тасвир яққол сақланиб қолган. Бундай ҳайкалчалар турлари Хоразм ёдгорликларининг илк антик даври қатламларидан кўп бора топилган.

Катқалъадан топилган осори атиқалар бу ерда антик даврдаёқ одамлар яшайдиган катта манзилгоҳ бўлганлигини кўрсатади.

Маъмун академияси олимлари ушбу манзилдаги қазишмаларини кейинги йилларда ҳам давом қилдириш ниятида.

 Рўзимбой ҲАСАН,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири