Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2016 йилдан буён 5,5 баробар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми, 3,3 баробар, қурилиш ишлари 3,7, хизмат кўрсатиш соҳаси эса 3,6 баробар ошди. 2026 йилгача тўрт мингдан зиёд ўрта ва кичик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 120 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.
Бунинг учун машинасозлик, электротехника, энергетика, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал каби соҳалардаги саноат лойиҳаларини ишга туширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича салоҳиятли ҳудуд. Шунинг учун сўнгги йилларда янги саноат тармоқлари вужудга келди. Цемент ва базальтдан қурилиш материалларини энг замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқариш илк бор шу ҳудудда бошланди. Кейинги беш йилликда вилоятда 310 та янги лойиҳа амалга оширилади.
Фориш, Бахмал, Зафаробод ва Янгиобод туманларида 56 та кон ўзлаштирилиб, ихтисослаштирилган кластерлар ташкил этиш белгиланган. Биргина Фориш туманида базальт тош чуқур қайта ишланиб, композит қувур, минерал плита, арматура, сунъий тола, газетка каби маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган технопарк ташкил этилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ердаги лойиҳалар сони 13 тага етади.
Жиззахда тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Пахтани қайта ишлаш йўналишида ўтган йили саккизта истиқболли лойиҳа ишга тушиши натижасида 1174 та янги иш ўрни яратилган бўлса, озиқ-овқат саноати тизимида учта янги лойиҳа ишга туширилди ва 350 киши доимий иш билан таъминланди.
— Бугунги кунда вилоятда жами 4 533 та саноат корхонаси мавжуд бўлиб, йириклари 30 та, кичик саноат корхоналари 2 721 тани ташкил этади. Улар томонидан шу йилнинг ярим йили якуни бўйича 8,8 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, — дейди вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Сарвар Абдуллаев. — Бундан ташқари, вилоятда 2023-2024 йиллар учун янги шакллантирилган маҳаллийлаштириш дастурига асосан, 52 та корхонада 86 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Умуман, саноатни ривожлантириш бўйича яратилган имкониятлар натижасида жорий йилга келиб маҳаллийлаштириш дастури корхоналари сони 2017 йилдагига нисбатан саккиз карра, лойиҳалар сони 4 та, ишлаб чиқариш ҳажми эса 412 карра ошди.
Вилоятда маҳаллийлаштириш дастури доирасида сўнгги олти йилда 539 турдаги янги маҳсулот, хусусан, электр ўтказгичлар, турли маиший техника буюмлари, 300 турдан зиёд вентил, аксессуар, қуёш сув иситкичлари, экспортбоп қандолат маҳсулотлари, сэндвич панел кабиларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
2019 йилда Жиззах вилоятида автомобиль саноати йирик кластери ташкил этилиши айтилган эди. Ушбу ниятлар бугун ижобат бўлмоқда. Айни пайтда автомобилсозлик саноатида тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришдан тортиб соҳага керакли кадрлар тайёрлашни ҳам ўз ичига оладиган тайёрлов соҳаларини қамраб олувчи йирик кластер ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Ўтган йил охирида “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида ишга тушган “ADM Jizzakh” автомобиль заводи конвейеридан яқинда ўн минггинчи KIA автомашинаси чиқди. 2021 йилда иш бошлаган завод йилига 25 минг дона автомобиль йиғиш қувватига эга бўлиб, лойиҳанинг биринчи босқич қиймати 12 миллион АҚШ долларидан ошган. Бугунги кунда ушбу завод мультибренд ҳисобланиб, унда 13 турдаги KIA, Renault, Chery ва Lada автомобиллари йиғилади. Ҳозир корхонада 150 нафарга яқин малакали мутахассис ишламоқда.
Иккинчи босқичда “Jizzax avtomobil zavodi” томонидан Volkswagen тижорий автомобиллари, учинчи босқичда эса “Auto Motors Asia” тижорий ва юк автоларини ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.
Жорий йилнинг 19 май куни муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари асосида автомобиллар ишлаб чиқарадиган “BYD Uzbekistan Factory” заводи қурилишига старт берилди. Ишлаб чиқариш майдони 10,6 гектар бўлган мазкур завод “Jizzax Auto” негизида ташкил этилиб, халқаро сифат ва хавфсизлик стандартларига мувофиқ фаолият кўрсатади. У NEV автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича илғор технологияларни жорий этиш имконини беради.
— Вилоятда саноат тармоқлари ривожланиши баробарида экспорт ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Ўтган йили 211 миллион долларлик экспорт амалга оширилиб, 2016 йилдагидан 2,5 баробар кўпайган, — дейди вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бўлими бошлиғи Маъруф Маликов. — Шу даврда 35 турдаги маҳсулот экспорти амалга оширилди ва 12 турдаги янги маҳсулот экспортга чиқарилди. 2016 йилда 59 та экспортчи корхона мавжуд бўлган бўлса, 2022 йилда 173 та корхона маҳсулотларини Россия, Хитой, Туркия, Қозоғистон, Тожикистонга сотди. Экспорт географияси 24 давлатдан 42 давлатга, жумладан, Чили, Перу, Шимолий Македония, Сенегал, Молдова каби давлатларга кенгайди.
Айни пайтда вилоят иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги соҳасининг улуши катта. 2016-2022 йиллар давомида қишлоқ хўжалигида 1 216 та лойиҳа фойдаланишга топширилиши натижасида 14,8 минг одам ишли бўлди. Айниқса, фойдаланишдан чиққан бўз яйлов ерлар ўзлаштирилиши орқали қишлоқ хўжалиги экин майдонлари кенгайиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш имконияти яратилди. Сўнгги уч йилда 8283 гектар сувли ер, 49 506 гектар лалми майдон деҳқончилик учун ўзлаштирилди ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Фермер, кластер ва олимлар ҳамкорлиги, соҳага илмий-инновацион ёндашиш натижасида рентабеллиги паст ерлардан юқори ҳосил олиш мумкинлиги амалда ўз исботини топмоқда. Пахта ҳосилдорлиги юқорилади. Татбиқ этилаётган илғор замонавий технологиялар самарасида ғаллачиликда ҳам юқори марралар забт этилмоқда. Бундан етти йил олдин сувли ерларда ғалла ҳосилдорлиги ўртача 32,4 центнер эди. Бугунга келиб бу кўрсаткич 73,7 центнерга етди. Ҳатто жорий йилда гектаридан 100 центнердан зиёд ҳосил олган фермер хўжаликлари бор.
Вилоятдаги ер майдонлари пахта ва ғалладан қисқартирилиб, деҳқон хўжаликлари ташкил қилинди. Бунинг натижасида 47920 та иш ўрни яратилди. Жорий йилда 4460 гектар ер аукцион орқали сотилди, етти мингга яқин деҳқон хўжалиги ташкил қилинди ва уч мингга яқин иш ўрни пайдо бўлди.
Дала четларига тут кўчатлари, мевали дарахтлар, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар экилди. Фермер хўжаликларида дала шийпонлари ташкил этилиб, парранда ва асалари боқиш йўлга қўйилди.
Жаҳон банки хулосасига кўра, 2050 йилга бориб Сирдарёнинг сув ресурслари 5 фоиз, Амударёники 15 фоизгача камайиши башорат қилинмоқда. Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан самарали фойдаланиш ва кўламини кенгайтиришни тақозо этади. Вилоят фермер хўжаликлари томонидан 2016-2022 йиллар мобайнида 75,3 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиб, 2019 йилда 11,2 миллион куб метр сув тежалган бўлса, 2023 йилга келиб 28,9 миллион куб метр сув тежалишига эришилди.
Иқтисодий юксалишлар, ўз навбатида, шаҳар ва қишлоқларнинг обод қиёфасида, аҳолининг фаровон турмушида яққол кўзга ташланмоқда. Мавжуд 308 та қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғини инфратузилмасини яхшилаш мақсадида тасдиқланган дастурлар доирасида сўнгги олти йилда жами 6,0 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Натижада нафақат Жиззах шаҳри, балки туманлар маркази ва маҳаллалар ҳам замонавий, обод, кўркам манзилларга айланмоқда.
Вилоят аҳолиси саломатлигини сақлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, янги турдаги ва юқори технологияли тиббий хизматларни йўлга қўйиш борасида ҳам ибратли ишлар қилинмоқда. Тиббиёт муассасалари кўпайиб, ўринлар сони ошди. Вилоятнинг 97 та маҳалласида янги поликлиникалар очилди. Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларидан 8 тасининг вилоят филиаллари ташкил этилди. Хусусан, 2 та шундай марказ учун янги бинолар қурилиб, дунё стандартларига жавоб берадиган сўнгги русумдаги замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланди.
Мазкур филиалларда энг мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда. Ўтган йили вилоят марказида икки марта буйрак кўчириш жарроҳлик амалиёти бажарилган бўлса, жорий йил Зомин туманида ҳам шундай операция муваффақиятли бажарилди. Ҳолбуки, олдинлари бундай мураккаб жарроҳик амалиётларини ҳатто Тошкентда ҳам ўтказиш имконсиз эди.
Хуллас, вилоятда қайси соҳани қараманг, ислоҳотларнинг ижобий таъсири, натижадорлигини, аҳолининг ҳаётдан розилигини, эртанги кунга катта ишонч билан яшаётганини сезасиз. Бу эса Жиззах вилояти яқин йилларда янада ривожланган ҳудудга айланишидан дарак беради.
Фарҳод НЕЪМАТОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири