Мамлакатимизда кекса авлод вакилларининг ҳаёт даражасини яхшилаш, саломатлигини асраш учун зарур шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз томонидан ёши улуғ инсонларга қаратилаётган эътибор, бу борада қабул қилинаётган қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар эндиликда қоғозда эмас, амалда акс этиб, кекса авлод вакилларининг жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ва иштирокини янада мустаҳкамламоқда. Бундан роппа-роса бир ой аввал давлатимиз раҳбарининг Олмазор туманидаги Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатига қилган ташрифида ҳам бу яққол намоён бўлди. Ташриф давомида бу ерда доимий яшовчилар билан алоҳида суҳбат уюштирилгани, нуронийларнинг ҳар бир фикри тинглангани ҳам юқоридаги фикрларимизнинг исботидир. Ўша куни кекса отахону онахонлар давлатимиз раҳбарига ташрифи, эътибори учун миннатдорлик билдирди. Зеро, Президентимизнинг бу ерда маданий тадбирлар ўтказиш учун янги бино ҳамда Нуронийлар паркини барпо этиш бўйича мутасаддиларга берган кўрсатмаларидан уларнинг ҳаётга муҳаббати, яшаш завқи ошганига шубҳа йўқ. Шунингдек, бу каби нуронийларни ҳар йили бир марта юртимизнинг энг яхши санаторийларда соғломлаштириш вазифаси топширилгани ҳам кексалар саломатлигини сақлаш борасидаги эзгу амаллардан бири бўлди.

Бу йўналишдаги қайси бир давлат дастурини олманг, унда кексаларга ғамхўрликнинг чинакам ифодаси акс этган.

Ўтган йили давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида кексалар, жумладан, ёлғиз кексалар билан ишлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича яхлит ва таъсирчан тизим яратиш зарурлиги, бу тоифа учун ажратилаётган ижтимоий тўловлар миқдорини қайта кўриб чиқиш кераклигини алоҳида таъкидлаган бўлса, жорий йил “Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Нуроний отахон ва онахонларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз ҳам қарз, ҳам фарздир”, деган қатъий чорловлари билан уларга бўлган юксак эҳтиромини намоён этди.

Шунингдек, республика “Нуроний” жамғармасининг молиявий имкониятлари янада кенгайтирилиши, бунинг учун ушбу жамғармага бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилиши, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 16 мингдан зиёд кексаларга ёрдам бериш, тўловлар миқдорини ошириш, кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш вазифалари ҳам белгилаб берилди.

Халқимиз севиб томоша қиладиган “Оталар сўзи — ақлнинг кўзи” кўрсатувининг мазмунан бойитилиши,  “Маҳаллада гурунг”, “Нуронийлар маслаҳати” каби янги кўрсатувлар ташкил этилиши ҳақидаги таклифлар эса ушбу ишлар кўламини янада оширди.

 

Саргардонликлар ортда қолди

Бундан 5-6 йиллар илгари ҳам пенсияга чиқишда талаб этиладиган ҳужжатбозлик, пенсия олиш билан боғлиқ муаммолар кўпчиликни ҳолдан тойдириб қўйган эди.

Қишнинг қаҳратонида оёғидан зах еб, ёзнинг саратонида қон босими ортса-да, қариялар пластик картадаги нафақа пулини қисман нақдлаштириш учун навбат олиб, банклар остонасида ўтиришга мажбур эди. Базўр навбати келганида, невараси тенги йигит-қизлардан “пул тугади, бошқа куни келасиз” деган гапни эшитиш уларга оғир ботди, кўнгиллари оғриди. Ўша кунларни эслар экан, андижонлик 78 ёшли Қосимбой ота Исломов: “Мана энди у кунларни бировга айтсангиз, ишонгиси келмайди. Тўғри-да, пенсиямизни ўз вақтида, яна тўлиқ нақд пул қилиб, уй-уйимизга олиб келиб бераётганларини кўрган невараларимиз ҳамиша шундай бўлган, деб ўйлайди-да, ахир. Айниқса, карантин кучайган даврда пулларимизни махсус ўраб, дезинфекциялаб етказиб тургани учун ҳукуматимизга мингдан-минг раҳмат деймиз”, дейди мамнуният билан.

Бугун ҳам ишлаб, ҳам нафақа пулини тўлиқ олаётган тажрибали, кекса ходимни ҳеч ким “ишласангиз “нафақангиз 50 фоизга қисқаради” деб хавотирга солаётгани йўқ. Улар эмин-эркин ишлаяпти, нафақасини тўлиқ оляпти. Аксинча, ғамхўрликларнинг энг аввали фидойи, ғайратли, тажрибали кекса ходимларга қаратиляпти. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, уларнинг бой тажрибаси, малакаси, йўл-йўриқ ва маслаги биз учун ғоят қадрли.

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб ўндан биринигина ташкил этаётган кекса авлод вакилларининг ҳар бири нафақат моддий, балки маънан, руҳан ҳам қўллаб-қувватланишга муносибдир. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2020 йил сўнгида юртимизда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 824 мингни ташкил этган бўлса, уларнинг 2 849 118 нафари ёшга доир пенсия олувчилар, 402 нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, 15 нафари эса меҳнат фронти фахрийларидир.

 

Орзулар армонларга айланмас энди

Фарзандларимиз ҳаётдаги йўлларини топиб, ўзларидан тиниб-тинчиб кетган чоғида ҳам уларни ўйлайверадиган меҳрибон халқмиз. Зеро, болажонлигимиз ҳам ота мерос қадриятларимиздан. Аммо кексаликнинг ҳам ўз завқи, ўз гашти бўлиши керак экан.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 майдаги “Кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу каби кексаларимизнинг орзулари рўёбига ҳам хизмат қилмоқда, — дейди “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов. — Мазкур қарор кексаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни мазмунан янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин.

Жумладан, қарор билан нуронийларга ғамхўрлик кўрсатиш ва уларга берилаётган ижтимоий, тиббий ва маиший хизмат турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш баробарида ҳар йили ноябрь ойи “Кексалар учун туризм ойлиги”ни ўтказиш белгиланди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан I гуруҳ ногиронлиги бўлган саёҳат қилувчи кексалар рўйхати шакллантирилиб, мазкур ойликнинг аҳамияти кекса авлод вакиллари, нуронийлар ўртасида кенг тарғиб этилди.

Ўтган йили мазкур ойлик илк бор мамлакатимиз бўйлаб юксак савияда ташкил этилиб, унга жами 56 минг 228 нафардан ортиқ кексалар қамраб олинди. Уларнинг 10 151 нафари кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийлар экани эса тадбирнинг аҳамиятини янада оширди.

Кекса саёҳатчиларнинг мароқли дам олишлари учун республикамиздаги меҳмонхона ва меҳмон уйлари, умумий овқатланиш жойларидаги хизматлар учун эса чегирмалар жорий этилди. Шунингдек, ойлик мобайнида “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан ички авиа йўналишларда, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан республика ичидаги амалдаги тарифларга ҳамда “Uzautotrans Service” МЧЖ томонидан маҳаллий йўналишларда қатновчи автобус чипта нархларига ҳам 15 фоиздан 25 фоизгача ихтиёрий чегирмалар берилди.

  • Аввал биз ҳам қачон саёҳатларга борамиз, ватанимизнинг машҳур жойларини кўрамиз, деб орзу қилиб яшар эдик. Ўзбекчилик-да, болам-чақам деймиз. Тўй-маъракамиз кўп. Камчилик ўзидан ортиниб, саёҳатга, зиёратга борар эди. Ҳозирга келиб, кексаларга имтиёзлар яратилди. Шунинг учун ҳар йили саёҳат қиладиганлар бор. Биз ҳам шу имтиёзлардан фойдаланиб, Самарқанд, Бухоро, Хиваларни кўриб келдик. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деб бежиз айтилмаганига гувоҳ бўлдик, — дейди пойтахтнинг Олмазор туманидаги “Ниҳол” МФЙда истиқомат қилаётган  Фарида ая Маҳмудова. – Бу каби шукроналикка йўғрилган фикрлар эмин-эркин юрт кезаётган қанча-қанча отахону онахонлар дилига жо бўлди.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги 14 та зиёратгоҳга кексаларнинг бепул киритилиши йўлга қўйилганида ҳам уларни руҳан қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган. Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан ҳам Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидаги 49 та маданий мерос объектларига киришда чегирмалар жорий қилинди. 1200 нафар фахрийларнинг концерт ва театрларга ташрифи ташкил этилди.

 Коронавирус балоси бутун дунёга, шу жумладан, юртимиз аҳолиси саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдираётгани боис ташкил этилган барча саёҳатлар, белгиланган лойиҳа ва тадбирлар карантин талаблари, шифокорлар кўрсатмаларига қатъий амал қилинган ҳолда ўтказилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу ойликда иштирок этган кексаларга зарур пайтда шифокорлар томонидан керакли тиббий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, туризм ойлиги доирасида “Ҳар куни 5 минг қадам” шиори остида пиёда юриш марафонлари ўтказилиб, соғломлаштириш тарғиб қитлинди.

 

Кексалар соғлиги — юрт бойлиги

Қоракўллик 84 ёшли Хайитмурод ота Сатторов ва унинг ўнга яқин тенгқурлари туман марказий касалхонасига миннатдорлик билдирар экан, бугун нафақат Бухоро, республикамизнинг барча ҳудудларида кексаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати аввалгидан сезиларли даражада яхшиланганини алоҳида тилга олдилар. Бугун ҳамшираларнинг қариялар ҳолидан мунтазам хабар олаётгани, карантин пайтида керакли дори-дармонларнинг етказиб турилгани ортидан Хайитмурод ота каби минг-минглаб қариялар ҳаётдан рози бўлиб, хизматларига шай турган барча-барчадан миннатдор бўляпти, дуога қўл очяпти.

Шу ўринда айтиш жоизки, ўтган йили Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва “Нуроний” жамғармаси томонидан жами 22845 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари соғломлаштирилди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган 3508 нафар пенсионерлар, шунингдек, касаба уюшмаси аъзоларининг пенсионер ота-оналари имтиёзли, 300 нафари бепул соғломлаштирилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқарувига тақдим этган маълумотга кўра, 12 минг 876 нафар кекса нуронийлар турли санаторийлар ва сиҳатгоҳларда соғлиқларини тиклаган, 66 минг нафари бепул чуқур тиббий кўрикдан ўтказилган.

 

Ёруғ кунлар учун курашганларни кафтда асраймиз

Президентимизнинг “Биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки доимо эъзозлаб, ардоқлашимиз, уларнинг соғлиги ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим. Жорий йилда уларга ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади. Жумладан, мамлакатимизнинг энг яхши санаторийларида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратамиз”, деган гапларидан уруш фахрийларининг кўнгиллари тоғдек кўтарилгани аниқ.

Ўтган йили 9 май “Хотира ва Қадрлаш куни” арафасида уруш қатнашчиларининг ҳар бирига 10 миллион сўм миқдоридаги бир йўла тўланадиган мукофот пуллари тантанали равишда топширилгани, бетоб қарияларнинг уйларига олиб бориб берилгани юксак эътиборнинг амалдаги ифодасидир.

Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида эса “Нуроний” жамғармаси Республика Бошқарувининг мурожаатига мувофиқ, “Дори-дармон” акциядорлик компанияси томонидан жамғармага тақдим қилинган 1860 дона дори-дармон аптечкалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида истиқомат қилиб турган ногиронлар ва ёлғиз кексалар, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига етказиб берилди.

Касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан 240 нафар ёлғиз кекса ва ногиронларга 57,8 миллион сўмлик коммунал хизматлар учун тўловлари қисман қоплаб берилди. Республикамиздаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида истиқомат қилаётган қарияларга, ногирон ҳамда ёлғиз кексаларга касаба уюшмалари ҳисобидан 75,6 миллион  сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

2020 йили Ватанимиз давлат мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги узоқ йиллик ҳалол меҳнатлари учун ҳамда ишламасдан, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган оналардан иборат жами 393 нафар фахрийлар, жумладан, уларнинг 144 нафари I-даражали, 124 нафари II-даражали, 125 нафари III-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тақдирланган фахрийларга жами 211 миллион 404 минг сўм миқдоридаги мукофот пуллари жамғарма ҳисобидан топширилди.

Фахр билан айтиш мумкинки, биз ҳар бир ишда катталар маслагига таянадиган, кичик бир оилавий зиёфатдан тортиб, тўйларгача давраларимиз тўрини нуронийларимизсиз тасаввур эта олмайдиган миллат вакилларимиз. Шундай экан, кексаларга бўлган чексиз ҳурматимиз, улар олдидаги битмас-туганмас фарзандлик бурчимиз бизни улар дуосини олишга, уларни рози қилишга ундайверади. Бунинг яна бир ҳикмати шундаки, фарзандларимиз ҳам ўз-ўзидан бу анъананинг давомчиларига айланиб, кексалар дуосининг олтиндан қиммат эканини англаб боришади. Шунинг учун ҳам элимиз, юртимиз кексалар дуоси билан яшнайверади.

Муножат МЎМИНОВА,

Янги Ўзбекистон мухбири