Тадбирда туман ҳокими ўринбосарлари, республика маънавият ва маърифат Қорақалпоғистон бўлими мутасаддилари, тумандаги фахрий нуронийлар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Тадбир доирасида 21-сонли умумтаълим мактабида «Бобомнинг айтишича» иншолар танлови ўтказилди. Шунингдек, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда 65 ёшдан ошган кекса авлод вакилларининг хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Тажрибали, малакали шифокорлар отахону онахонларга ташхисга асосан ўз маслаҳат ва тавсияларини берди.

Тумандаги «Сарабий» овул фуқаролар йиғинида ўтказилган маъданий тадбир ҳудуддаги ёши улуғ нуронийларга хуш кайфият бағишлади. Маданият бўлимининг «Жайхун» шамоллари ансамбли жамоасининг куй- қўшиқлари йиғилганларга манзур бўлди.

Худди шундай тадбир Мўйноқ туманида ҳам ташкил этилди. «Кексалар ҳафталиги» тадбири доирасида марказдан олисда жойлашган «Учсой» овул фуқаролар йиғинидаги кекса отахонлардан хабар олинди. Шифокорлар кўригидан ўтказилган нуронийларга байрам совғалари топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида 2-сонли умумтаълим мактабида «Мўйноқ» ва «Орол» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи кексалар учун концерт дастури намойиш этилди.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Янги Ўзбекистон» мухбири