Хабарингиз бор, бир неча кундан буён Пойтахтимизда “Тошкент ёшлар форуми — 2020” тадбири бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбирнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов спикер сифатида иштирок этди.
200 дан ортиқ ёшлар иштирок этган бу учрашувда О.Ҳасанов билан "Келажак лидерлари" мавзусида сўз борди. Унда лидер аслида қандай бўлиши, ёшлар лидерга айланиши учун нима қилиши кераклиги каби муҳим саволлар юзасидан суҳбатлашилди.
Суҳбат чоғида О.Хасанов “Ёшлар форумининг мақсади битта — ёшларнинг ишончини қозониш. Бизга, Президентимизга ёшларнинг ишончи жуда ҳам керак. Олдин ёшларни сўз билан ишонтириш мумкин эди. Лекин ҳозир замонавий билимга эга, АКТни биладиган ёшларни ишонтириб, ёлғон ваъдалар билан алдаб бўлмайди”, — дея алоҳида таъкидлади.
“XXI аср ёшларини 20 аср ғоялари билан бошқариб бўлмайди. Бундай усулда бошқармоқчи бўлганлар узоққа бормаяпти. Ҳозирги замонга мослашишимиз керак, мослашмасак бўлмайди”, — дея таъкидлаб ўтди Отабек Хасанов.
Шунингдек, ёшларга бугун давлат фуқаролик хизматида бўлаётган ўзгаришлар, давлат хизматидаги вакант лавозимларнинг босқичма-босқич очиқ мустақил танловлар орқали, меритократия тамойиллари асосида энг муносиб кадрлар билан тўлдириб борилаётгани ҳақида маълумот берилди.
Тадбир амалий жараёнлар билан ҳам қизғин кечди. Хусусан, иштирокчи ёшларнинг икки нафари шу ернинг ўзида vacancy.argos.uz порталидан рўйхатдан ўтказилиб, ҳужжатлари вакант лавозим учун электрон тарзда юборилди.
Энг асосийси, бугун ёшларнинг давлат фуқаролик хизматидаги ўзгаришларга бефарқ эмаслиги уларнинг таклифларида аён бўлди. Жумладан, иштирокчилар томонидан давлат хизматида ишнинг самарадорлигига, натижа ва сифатига алоҳида эътибор қаратиш, бу орқали муносиб кадрларни тизимда қолдириш юзасидан таклифдар билдирилди.
Тадбир сўнггида интерактив савол-жавобда фаол қатнашган ҳамда тадбир давомида муносиб таклифлар берган ёшларган "Лидерлар китоби" совға қилинди.
Кўзида эртанги кунга умид порлаган бу ёшлар бу каби учрашувларни тез-тез ташкил этиб туришни ҳам таклиф этдилар.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ахборот хизмати