Бу йил тўртинчи синфга ўтган Элбек ҳам бобосининг этагидан тутганча қандай қилиб бўлса-да мактабга бормаслик уринади. Бутун қишлоқдаги хонадонларда бошланадиган бу ташвиш ота-оналарни анча қийин аҳволга солиб қўяди. Катталарнинг боши қотиб, қандай қилиб бўлса ҳам болаларни мактабга юбориш пайида. Ахир ҳар йили янги мактаб қурилиши ҳақида айтилган гапларга энди болалар ҳам ишонмай қўйган.

Албатта, бунинг ўзига хос сабаби ҳам бор. Бу қишлоқнинг болалари ўқишни ёмон кўрганларида эмас, муаммо шуки, мактаб қишлоқдан анча олисда жойлашган.

Янги ўқув йили бошланиши билан қишлоқ болалари яқин-атрофдаги тўртта мактаб томон ўқишга қатнайди. Мактабларнинг энг яқини камида етти километр олисда жойлашган. Болаларнинг ҳар куни шунча йўл босиб мактабга қатнаши осон эмас. Кимдир катта йўл бўйлаб, баъзилар катта канал ёқалаб ўтишга тўғри келарди. Ота-оналар ёш болаларни имкон даражасида ўзлари олиб бориб қўйишга ҳаракат қилишар, аммо дарсга ўз вақтида етиб бориш уддасидан чиқаверишмасди.

Ташвишнинг энг каттаси қиш-қировли кунларда бошланади. Қор-ёмғирли ўтадиган аёзли кунларда болалар мактабга боролмасди. Амаллаб бир кун бориб келган бола тоби қочиб, уйда қанча вақт ётиб қолади. Қишлоқ аҳолиси баъзи вақтлари бошланғич синф ўқувчиларини ўз уйларида мослаштирган ҳолда ўқитишга ҳам мажбур бўлишди...

Шу қишлоқ оқсоқолларидан Нормўмин бобо шу муаммони орқалаб шу пайтгача тақиллатмаган эшиги,  ёзмаган жойи қолмади. Қандай қилсада, мактаб қурдириб олишга ҳаракат қилди. Лекин, охирги йилларда кексалиги сабабми ёки эшикма-эшик юравериб чарчадими, эътибор ҳам қилмай қўйди.

2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла” йили қишлоқ аҳолиси учун қувончли келди. Боиси, одамларнинг дарду ташвиши ортга чекиниб, янги мактаб қурилиши бошлаб юборилди.   

Эндиликда жорий ўқув йили Нишон тумани Янгиобод қишлоғи ўқувчилари катта хурсандчилик билан кутиб олиши шубҳасиз. Боиси, қишлоқ аҳолисининг азалий орзуси ушалиб инвестиция дастури асосида 176 ўринли янги мактаб биноси қуриб битказилди.

Бу янгилик қишлоқ одамлари учун том маънода катта воқеа бўлди. Ҳамма хурсанд, оғизларида фақат шу гап.  Зеро, фарзандлар  таълим-тарбияси  ҳар бир ота-онани ўйлантиради. Уларнинг қулай шароитда ва сифатли таълим олишини исташи табиий ҳол.

— Биласизми, бир умр бу мактабни орзу қилиб яшадик, — дейди Нормўмин бобо Қурбонов. — Бир тасаввур қилинг: болангиз олти-етти километр масофадаги мактабга кетди. Қиш кунлари ташвиш баттар ошади. Қор-ёмғир, совуқ. Яна катта канал ёқалаб юриш керак. Бу пайтда ота-она уйда тинч ўтира оладими? Йўқ, албатта. Гоҳида ёш болаларимиз, набираларимизни елкамизда кўтариб олиб борардик. Дарсдан чиқишини мактаб эшиги олдида пойлаб вақтимиз ўтарди. Аммо, бунга имкони йўқларчи? Боласини мактабга жўнатмасдан уйда олиб ўтиришга мажбур бўлган. Бошқа илож топилмагандан кейин ҳамма ўз тинчини уйлайди.

Бундан икки йил аввал бошланғич синфларни ҳатто уйда ўқитишга мажбур бўлдик. На илож, икки хона уйни мослаштириб, синфхона тарзида фойдаланилди. Шу ерга ўқитувчиларнинг ўзлари келишиб, болаларга дарс беришди. Аммо, бунга ҳам кейинчалик рухсат берилмади. Натижада яна ўша олис мактабларга қатнай бошлашди.

Ўзим бир неча бор ҳокимиятларга, турли идораларга мактаб қуриб беришларини сўраб мурожаат қилдим. Аммо, эрта-индин деб, ортга суришдан нарига ўтишмади. Ҳаракатларимнинг бари бесамар кетди, деб уйлагандим. Ундай эмас экан. Юртимизда таълимга эътибор, инсон қадрини улуғлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўз ўнгимизда намоён бўлди. Чиройли мактаб бунёд этилди. Бундан ҳар биримизнинг кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Айниқса, болаларни айтмайсизми? Авваллари мактабга боришга ошиқмаган болалар бу йил ҳозирдан тайёргарликни бошлаб юборишган. Тезроқ таътил тугаса-ю, янги мактабга қатнаса.  

Янги қурилган мактаб биносига боқиб, кўзимиз тўймайди. Деярли ҳар куни келиб, айланиб кетаман. Ичкариларига кириб, хоналарни томоша қилиб, шукрона айтаман. Бу масканда таълим олган ёшларнинг ўзларига, эртанги кунига ишончи ортиши шубҳасиз.

Республикамизда, жумладан Қашқадарёда ўқув йили бошида умумтаълим мактабларида янги ўқув бинолари фойдаланишга топширилиши эзгу анъанага айланган.

— Жорий ўқув йилида 38 та мактабда инвестиция дастури доирасида янги ўқув бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилади, — дейди Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси махсус таъмирлаш эксплуатация бўлими бош мутахассиси Алламурод Бойтўраев. — Шунингдек, “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастури доирасида 24 та, давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифи давомида берилган топшириқларга асосан 18 та ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 4 та мактабда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ишларни амалга ошириш учун жами 349 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.  

Жорий йил Нишон туманида ҳам учта янги мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилади. Бу учта манзилдаги янги қурилган ўқув бинолари шу пайтгача аҳоли эришиши керак бўлган муаммолардан бири эди. Эндиликда, бу ҳудудларда ўқувчилар учун барча имкониятлар яратилди. Янги ўқув йилидан бошлаб янги мактабларда таълим олишади.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлашдек эзгу мақсад мужассам. Шу боис, нафақат шаҳар ва туман марказларида, балки энг чекка-чекка манзилларда ҳам аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб, шароитлар яратилмоқда. Нишон тумани Янгиобод қишлоғидаги янги мактаб бугун олис ҳудуддаги боболар ва болаларнинг кўнгилида нур, кўзларида қувонч бўлиб  қад кўтарди.

         Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири