Тадбир IT Park томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон киберспорт ассоциацияси кўмагида ва ИНҲА университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
30 майда SCO Students cup халқаро турнирининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов иштирок этди ва нутқ сўзлади.
АКТ вазири сўнгги йилларда юртимизда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, шулар қаторида Киберспорт ривожи учун ҳам етарлича шароитлар яратиб берилаётганини таъкидлаб, ушбу халқаро турнирда иштирок этаётган жамоаларга муваффақиятлар тилади.
CS: GO ва DOTA 2 бўйича турнирларда жами 50 та жамоа иштирок этади. Иштирокчилар географиясини Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Россия каби мамлакатлар ташкил этади. Умуман олганда, турнир 1 000 дан ортиқ киберспортчиларни қамраб олган.
Турнирнинг умумий соврин жамғармаси 200 миллион сўмни ташкил этади. Улардан ҳар бир интизом бўйича ғолибларга 50 миллион сўмдан, 2-ўринни эгаллаган жамоаларга 30 миллион сўмдан, якуний жадвалнинг 3- ва 4-қаторларида жойлашган жамоаларга 10 миллион сўмдан берилади.
CS: GO ва DOTA 2 ғолиб-жамоаларини тақдирлаш маросими 2 июнда бўлиб ўтади, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.