Вилоятни ҳар томонлама ривожлантириш, айниқса, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат тармоғини кенгайтириш, тўқимачилик соҳасини янада ривожлантириш ва бу орқали аҳоли даромадларини оширишга эришиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Қайд этилганидек, 2020 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва инфляцияни жиловлаш – иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги бош вазифа этиб белгиланди. Шунингдек, иқтисодиётни юқори суръатлар билан ривожлантириш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттириш, рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, улар учун янги халқаро бозорлар топиш ва экспортни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, ҳудудда 2020 йилнинг тўққиз ойи давомида ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 18 триллион 554,6 миллиард сўмни ташкил этди. Йил якуни билан бу кўрсаткич 25 триллион сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Жорий йил вилоят маҳаллий бюджет даромадлари режаси 1 триллион 396 миллиард сўмни ташкил этиб, амалда 1 триллион 549 миллиард сўмни ёки 153,2 миллиард сўмга ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда.
Вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари коронавирус тарқалишининг олдини олиш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни таъмирлаш ва тартибга келтириш, ижтимоий соҳа муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маҳаллалардаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга сарфланди.
Таъкидланганидек, инқирозга қарши курашиш бўйича ўз вақтида қабул қилинган фармон ва қарорлар пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, солиқчи-кўмакчи моделини амалга оширишда келиб тушган 875 та мурожаатлар ижобий ҳал этилиб, 252 та корхонанинг 5,6 миллиард сўм солиқ қарздорликлари муддатлари узайтирилди.
Давлат мулкини ижарага олган 760 та тадбиркорлик субъектлари учун 1,6 миллиард сўм ижара тўловларини ҳисоблаш тўхтатилди. Тадбиркорлик субъектларининг 172,5 мингта кредит шартномалари бўйича жами 1 трилион 176 миллиард сўмлик тўловларнинг муддати узайтирилди.
Бу эса тадбиркорларга жуда катта кўмак бўлиб, пандемия даврида вилоятдаги йирик корхоналар фаолияти узлуксиз давом этди. Вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган 8 минг 559 та тадбиркорлик субъектлари фаолияти қайта тиклашга эришилди.
Вилоятда тадбиркорлик субъектларини фаолиятини яхшилаш юзасидан кўрилаётган чоралар натижасида жорий йилнинг ўзида 5 минг 799 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилди ҳамда рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони 26 минг 740 тага етказилди.
Жорий йил давомида жами 99 минг 101 нафар аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 4,4 триллион сўм кредит маблағлари ажратилди. Жумладан, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 36 минг 706 нафар мижозларга 811,8 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилиб, бунинг ҳисобига 37 минг 803 та янги иш ўринлари яратилди.
Вилоят бўйича 34 минг 761 та эҳтиёжманд оила 47 минг 858 нафар нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлари “Темир дафтар” рўйхатига олинган.
Ҳозирда эҳтиёжманд оилаларнинг 27 минг 58 таси ёки 78 фоизи ҳудудлардаги туман ва шаҳар Халқ депутатлари кенгашлари қарорлари асосида эҳтиёжманд оилалар рўйхатидан чиқарилди. Бугунги кунгача 34 минг 761 та оиладаги 47 минг 797 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, “Темир дафтар”даги оилаларни коронавирус пандемияси даврида турмуш даражасига салбий таъсирини юмшатиш, моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 91,9 миллиард сўмлик моддий ёрдам пуллари ва зарур маҳсулотлар тарқатилди. Жумладан, “Саҳоват ва кўмак” ҳаракати доирасида 49,4 миллиард сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилиб, бу ишларни давомийлиги таъминланиб келинмоқда.
Келгуси йилда маҳаллий бюджетнинг даромадлар режасини орттириб бажарилиши ҳисобидан вилоятдаги 13 та шаҳар ва туман, 208 та маҳалладаги аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун сектор раҳбарларини қўллаб-қувватлаш мақсадида зарур маблағ ажратилади. Шунингдек, вилоят, шаҳар ва туман депутатларини халқ олдида обрў-эътиборини кўтариш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва жойида ҳал этишларида амалий ёрдам бериш мақсадида маҳаллий бюджет ҳисобиданҳам маблағлар ажратилади.
Янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларга фаолиятини ташкил қилиш ҳамда уларга ғояларни шакллантириш, бизнес-режаларни тайёрлаш ва уларни тижоратлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини янада оширишни ўргатиш учун беминнат хизмат қилувчи “Бизнес-инкубатор” марказини дастлаб Наманган, Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларда ташкил этиш режалаштирилган
Юқорида белгиланган вазифаларни амалга оширилиши ҳисобига 2021 йилда 6,5 мингта тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, улар сони 33,5 мингтага етказилади. Банклар томонидан бу соҳага ажратилаётган кредитларни 2 баробар ошириб, 6 триллион сўмга етказиш таъминланади
Вилоятдаги кичик саноат зоналари 75 тага етказилади. Мисол учун, Чортоқ туманида самарасиз фойдаланилмаётган 37,5 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этиб, умумий қиймати 230 млиллиард сўмлик 110 та лойиҳа амалга оширилади. Бунинг ҳисобига 5 минг 500 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилмоқда
Ёшлар ўртасида тадбиркорликка қизиқиши ва уларни истакларини амалга ошириш мақсадида вилоятнинг ҳар бир ҳудудида “Ёшлар” кичик саноат зоналарини ташкил этиш бошлаб юборилди. Наманган шаҳридаги Юксалиш даҳасида ёш тадбиркорлар учун “Ёшлар” махсус кичик саноат зонасини ташкил этилди. Ушбу 30 гектарли ҳудудда 65 та лойиҳа амалга оширилиши ва келгусида “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизлар учун 3,5 мингта янги иш ўрни яратилади
Сессия доирасида Наманган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ш.Абдураззақов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоятда жорий йилда амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар борасида жўрналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.