Уларни бир қарашдан танийсиз. Қўлларида планшет ё телефон... Нималарнидир ахтаришади, нималарнидир қиёслашади. Ўтирган жойлари кутубхона ё соя-салқин дарахтзор, хиёбон... дунё билан ишлари йўқ, гўё бу оламда ўзларию орзулари, интилишлари бор, холос. Ҳа, адашмадингиз, улар – олийгоҳларга кириш учун астойдил ҳаракатда бўлган абитурентлар. Нафсиламрини айтганда, уларнинг ҳаммасини абитуриент, деб аташ ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Чунки таълимда юз берган ислоҳотлардан, янаям аниқроқ ифодаласак, имтиёзлардан фойдаланиб, уларнинг анчаси аллақачон муддатидан аввал керакли балларни тўплаб, хорижнинг олийгоҳларига кириб олишди.

Яқинда бир ҳамкасбим “Олтин қалам” ХVII Миллий мукофоти совриндорларидан бири бўлиши муносабати билан суҳбатлашиб қолдик. Гап айланиб оилавий масалаларга келганида, суҳбатдошим оналарга хос ғурур билан:

– Тўнғич ўғлим бирваракайига хорижнинг иккита олийгоҳига кириш учун етарли балларни йиғди. Лекин ҳали-ҳануз китобдан бош кўтармаяпти. “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ҳаракат қилиб кўраман. Ўтиб кетсам яхши бўларди. Барибир ўз юртингда ўқиш бошқача-да, ахир, ўз юртингнинг одамлари қолиб тоғу тошлари ҳам сени суяйди, деган гап бору...” деган фикрини эшитиб, кечагина қўлидан етаклаб юрган фарзандимнинг улғайиб қолганини ҳис қилиб кўнглим ўсди, – деди.

Ҳа, ўғил-қизларимиз ҳам жисман, ҳам фикран улғайишмоқда. Шунинг учун фақат суҳбатдошимга ўхшаган зиёли оналарнинг фарзандлари битта-иккита бўлиб эмас, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг турли гўшаларида ташкил этилган Президент мактаби, ижод мактаблари битирувчилари ҳам гурас-гурас бўлиб, тўп-тўп бўлиб институт, университетларга интилмоқда. Сирдарё вилоятида фаолият олиб бораётган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳибаси Покизахон Аҳмаджоновани тинглаймиз:

– Ўқувчиларимиз мактаб учун белгиланган дастурдан ташқари ҳам турли тўгарак машғулотларига, адабиёт, санъат, илм йўналишларидаги танловларда ҳам фаол иштирок этишади. Аксарият ҳолларда ғолиб бўлиб ҳам қайтади. Ана шу жараёнлар болаларимиз қалбида айрича бир дадиллик, ўзларига ишонч руҳини уйғотмоқда. Бу йил йигирма нафар илк қалдирғочларимиз мактабимизни битирди. Ўйлайманки, ҳаммаси ўзлари орзулаган олийгоҳларга кириш бахтига эга бўлишади....

Сезганингиздай, Президент мактаблари, ижод мактаблари битирувчилари олдида айни кунларда “Ким бўлсам экан?” деган савол кўндаланг бўлиб тургани йўқ. Яна ҳамкасбим сингари ўз ота-оналаридан кўрганларини болалари ҳаётида такрорлаётган оилаларнинг ҳам бу савол атрофида машаққатлари йўқ бўлса керак. Чунки суҳбатдошимнинг ота-оналари фақат унигина эмас, ўғиллари Жавоҳирхўжа ва Жасурхўжани ҳам бола ёшидан турли тўгаракларга етаклаб олиб боришган, уларнинг ўзлари қизиққан соҳалари бўйича қўшимча машғулотларга ундашган.

– На дарсдан сўнг, на дам олиш кунлари бўш вақтимиз бўлмасди. Спорт, мусиқа... хуллас, қадамимиз етадиган жойда қандай тўгарак, ансамбль бўлса, ҳаммасига қатнашардик, – дейди ҳамкасбим ўсмирлик даврларини хотирлар экан.

Аммо ўғил-қизларимизнинг қизиқишларига қараб касбга йўналтиришга жуда катта аҳамият берилаётган бизнинг давримизда, мактаблардаги ўқув сифатини кўтариш масаласига давлат даражасида эътибор кўрсатилаётган дориламон замонимизда ҳам битирувчиларнинг олийгоҳларга кириши билан боғлиқ қатор муаммолар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Бу муаммолар бугун пайдо бўлган эмас, кечаги бепарволик, ғофиллик, яна аллақайси хатоларимизнинг давоми, десак ҳақ гапни айтган бўламиз. Дейлик, ўқитувчиларнинг маоши босқичма-босқич оширилаяпти. Улар ортиқча қоғозбозликдан халос қилинаётгани ҳам бор гап. Лекин мактабда дарс бераётган муаллимларнинг ҳаммаси ўз касбининг усталарими? Ахир, етакчи талабалар имтиҳон олдидан рўйхат билан пул тўплаган, “5” га мунча пул, “4” учун мунча, “З” учун мунча”, дея ажратиб ўтирган замонлардан буён нари борса, ўн-ўн икки йил ўтгандир. Сессия пайтини ота-оналар “йирик чўзилиб, ингичка узиладиган пайт”, дея аташарди. Талабаларнинг ўзи ҳам “Ўқисанг, ўқимасанг, барибир, оладиганини олмагунча, баҳосини қўймайди”, деб юришарди. Ўша талабаларнинг бир қисми бугун мактабларда дарс бермаяптими? Улар орасида ўз устида ишлаб, маошини ҳалоллаб олаётганлари ҳам бордир. Бироқ “ҳаётда ҳамма нарсани пул ҳал қилади”, тарзидаги кайфиятда қолганлари ҳам кам эмас. Айнан шу кайфиятдаги муаллимлар қўлида ўқиётган ўқувчилар кўнглини то мактабни битиргунча ҳам “Ким бўлсам экан?” деган савол безовта қилмайди. Айнан шундай ўқувчиларнинг аттестатидаги баҳолар ҳам озғингина “3” бўлади. Бошланғичдан бошланган ўртамиёналик то битиргунларича давом этаверади. Умуман, ўзлаштиришдаги ўртамиёналик даражасига жиддийроқ ёндашув йўқлиги бор гап. Ҳар бир бола учун астойдил жон куйдирилса, юз фоиз бўлмасаям, ўзлаштириш сифати кўтарилади. Аммо дарс ўтишдаги дангасалигимизни, “Ҳамма ўқийверса, подани ким боқади?” деган баҳона билан ниқоблашни яхши кўрамиз.

Аксарият ўқитувчилар шу руҳиятда бўлганидан ё “Нима бўлса бўлар, керак бўлса, ота-онаси ўқитиб олсин”, деган кайфиятдалигидан битирувчилар билан боғлиқ муаммоларнинг яна биттаси худди шу жойда ўзини намоён қилади. Битирувчи қараса, “аъло”, “яхши” баҳога ўқиган тенгдошлари елиб-югуриб олийгоҳларга кириш учун ҳужжат тайёрлашяпти. Уларнинг эртасини тасаввур қилишади: озода кийимларда ўқишга қатнашяпти, индинини тасаввур қилади: иш жойлари тайин, ҳаётда ўринларини топган... Уларнинг ҳам кўнгли қўзғалади, “Мен ҳам ўқийман, қанақа қилиб бўлсаям ўқишга киритасиз”, дея оёқ тираб олади.. Эҳтимол, бир-иккита ота-она ўғли ё қизининг етуклик аттестатини қўлига олиб:

– Аҳволингни қара, сени қайси институт ёки университет қабул қилар экан? – дер. Лекин аксарият ота-оналар: – Бир бош уриб кўрсин, ҳозир “йўқ”, десак, ўзини бир нарса қилиб қўймасин, – дейишади. Табиийки, бугун билимдан бошқа ҳеч қандай куч олийгоҳ дарвозасин очишга қодир эмас. Йиллар давомида “Ким бўлсам экан?” деган савол билан оғринмагани учун аро йўлда қолиб кетади ва одамлар орасида:

– Ҳа, энди ўқиш деганга бели бақувватлар киради, бизнинг кучимиз етмади, – деган гап-сўзларни тарқатишади. Ота-оналар ҳам орият юзасидан бу гап- сўзларга қўшилишади. Бир-икки ҳафта кўкрагини захга бериб ётиб, сўнг бирон касб-ҳунар ўрганишга борганлари бу муаммодан чиқиб кетади. Аммо “Қишлоққа қайтишга уяламан”, деб шаҳарда қолганларининг ҳаётида янги машамашалар бошланиб кетиши ҳеч гап эмас. Кими арава судраб мардикорликка чиқади, кими каззобларга қўшилиб қолади...

Айниқса, “Агар мана шу йил ўқишга кира олмасанг узатиб юбораман”, деган шарт билан шаҳарга юборилган қизларимиз ҳаётида анчагина кўнгилсизликларни кузатганмиз. Талаба бўлиш бахтига эришса, хўп-хўп, бундай бўлмаса-чи...

Бир пайтлар болаларим ёшроқ пайтларида рўзғор юмушларига қийналиб қолганимда М. исмли аёлни мардикор бозоридан ёрдамга олиб келганман. Иттифақо, наманганлик қўшнимиз кириб қолган. Уни кўриб аёл ўзини ҳаммомга урган. Чиқиб кетганидан сўнг йиғлаб-йиғлаб тарихини гапириб берган.

– Бу опа бизнинг хешимиз бўлади. Менинг бу аҳволда яшашимни билмаслиги керак. Ўн етти ёшимда ўқийман, шифокор бўламан, деб шаҳарга келганман. Дадам:

– Майли, бу йил сенга имкон берамиз. Кирсанг, ўқиб кетасан. Агар бундай бўлмаса, келишинг билан тўй қиламиз, совчилар тайёр, – дейишди. Мактабда ўртача ўқигандим, имтиҳонлардан ўта олмадим. Аммо ёш эдим, узатилишга, эр, оила юкини гарданимга олишга мутлақо ҳоҳишим йўқ эди. Шунинг учун уйдагиларни “Кирдим”, деб алдадим. Ота-оналарим содда одамлар эди, ишонишди. Бирон жойда ишлаб, кечалари тайёргарлик кўрсам, янаги йил кириб кетарман, ота-онамнинг олдида юзим ёруғ бўлар, дедим. Кундузи иш тополмагач, кечаси ишлайдиган кафега идиш-товоқ ювувчи бўлиб ишга кирдим. Абитуриентлигимда танишган, ўзимга қисматдош қизлар билан ижарада турардим. Бир-икки ой ишлагач, ювишда ишлатиладиган гелдан қўлимга нарса тошиб кетди. Пулсиз, ижарадан қарз бўлиб қийналиб юрсам, хонадошларимдан бири “Э, юрасанми, бунақа, ёшсан, чиройлисан, фойдаланиб қолмайсанми”, деб қолди. Авваллари қўрқдим, сўнг енгил яшашга ўрганиб қолдим. Ўқиш орзуси ҳам ўлда-жўлда қолиб кетди. Йиллар ўтиб, турмуш ҳам қургандай бўлдим. Лекин бир-икки бор яширин равишда аборт қилдирганимдан сўнг фарзанд ҳам кўрмадим, рўзғорим бўлмади. Мана, энди уйга ҳам боролмайман, на уйим, на жойим, на оилам, на қариндошим бор. Қанча вақт ўтиб кетган бўлса-да, қишлоқдошларим олдида сирим фош бўлиб қолишидан ҳануз қўрқиб яшайман.

Албатта, барча ўқишга кира олмаган қизларнинг тақдири бу хилда адашиб кетмайди. Мен Тошкент давлат юридик институтига етти ёзда етти бор ҳужжату имтиҳон топшириб саккизинчи йили кирган навоийлик Гули исмли қизни биламан. Ҳозир хусусий нотариус очган, ишлари мақтовга лойиқ. Лекин на ўғил болага, на қиз болага ўқишга киришдан аввал ота-она томонидан юқоридагидай шарт қўйилиши ҳамиша ҳам яхшилик билан тугамаслигини айтмоқчи эдим. Бир пайтлар Косово, кейинроқ Сурия, Украина яна аллақаерларга адашиб-улоқиб кетганларнинг ҳам хатоларининг илдизи – ўз вақтида “Ким бўлсам экан?”, деган савол билан оғримаганида.

Ўрни келганида ўзим кузатадиган яна бир ҳолат ҳақида ҳам гапиргим келяпти. Баъзи оилалар, мактабларда касбга йўналтиришда хатоликлар бўлиб туради. Фарзандлар руҳига “Сен ҳаммадан зўрсан”, деган кайфият сингдирилади. “Менинг ўғлим бошлиқ бўлади, бошлиқ бу, бошлиқ”, дея меҳмонлар олдида кичкиналарини эркалатишади. Бир қарашда ҳазилга ўхшаш бу кайфият эркатойлар катта бўлгач ҳам давом этаверади.

– Менинг болам прокурор бўлади. Биздан ҳам бир чиқсин...

– Қишлоқ хўжалигида ўқийди, ҳоким бўлади...

– Банкир бўлади, қўлида пул ўйнайди...

Ҳаётингизда бир марта бўлсаям, бундай гаплар қулоғингизга тушмаган, деб бўлмайди. Албатта, орзу қилиш яхши. Лекин ҳолва деган билан ҳамиша оғиз чучийвермайди. Бўйидан баландга сакраган орзунинг оёғи синиб, шикастланиши мумкин. “Ким бўлсам экан?” деган савол ҳақида ўйлаганда бу жиҳатларини ҳам хотирдан фаромуш қилиб бўлмайди, бизнингча.

Замонлар ўзгарди. Ҳар бир оилада вояга етаётган фарзандга фақат шу хонадоннинг боласи деб эмас, юрт боласи деган муносабат йилдан-йилга мустаҳкам тортмоқда. Болаларимиз вояга етгач, муаллақ бир ҳаётда қолмаслиги учун, бирон касб-ҳунар эгаси бўлиб, оёқда маҳкам туриши учун давлат томонидан мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Имконият – бошловчи, имконият – етакловчи. Барибир ҳар ким ўзи ўз тақдирининг эгасидир.

...Уларни бир қарашда танийсиз, қўлларида планшет ё телефон... нималарнидар ахтаришади, нималарнидир қиёслашади. Кимларгадир улар кўпдек туюлар, етарлидек кўринар, лекин салкам ўттиз олти миллионлик аҳолиси бор, улардан олтмиш фоизи ёшлар бўлган мамлакат учун, менинг наздимда, улар камдек... Уларнинг аксарияти ҳануз қишлоқларда, тоғларда, адирларда, яна юртимизнинг аллақайси пучмоқларида қолиб кетаётгандек... Отаётган тонг, ботаётган шомни шунчаки кутиб, кузатаётгандек... Тоғни талқон қиладиган ёшларда қалбларида Ватанга, халққа дахлдорлик туйғуси заиф, жуда заифдай... “Бирон давлатга бориб ишласаму, лак-лак пул топсам” – орзусининг чўққиси шу нуқтадай...

Эрта, жуда эрта уларнинг қалбида “Ким бўлсам экан?” деган савол уйғонсагина, шу саволни уйғотиш кучига эга бўлсаккина, бу каби “дай, дек”лардан халос бўлиб, кўнглимиз ёришадигандек, тўлиқ, тугал бир ҳаловат келадигандай...

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими