Кимки “Сайлов ўтди – сафарбарлик тугади”, деб  ўйласа,  хато  қилади. Ҳақиқий сафарбарлик энди бошланади. Чунки халқимиз бизга ишониб топширган катта-катта режа ва дастурларни ўзимиз бажармасак, айтинг, четдан ким келиб бажариб беради?

Келгуси етти йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилган стратегик мақсадларга эришиш учун бизда барча куч ва имкониятлар бор.

Қудратли халқимизга таяниб, ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни ишга солиб, ислоҳотларимиз суръати ва самарасини янада оширамиз, ҳеч қачон сусайтирмаймиз. Қанчалик қийин ва машаққатли бўлмасин, танлаган йўлимиздан ортга қайтмаймиз.

“Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак пойдевори” деган шиор бугундан бошлаб ҳаётимиз қоидасига, ҳар қайси раҳбарнинг, барча халқ ноиблари, вазир ва ҳокимларнинг кундалик фаолият дастурига айланиши шарт", – деди давлат раҳбари.

"Конституциямизда муҳрлаб қўйилганидек, жонажон Ўзбекистонимизни, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаромиз тинч ва эркин, бахтли ва фаровон яшайдиган ижтимоий давлатга айлантирамиз.

Жумладан, таълим ва тарбия, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳаларини ривожлантириш, янги уй-жойлар қуриш, аҳолини ичимлик суви, энергия билан ишончли таъминлаш, ижтимоий инфратузилмалар ишини яхшилаш бўйича белгилаб олган вазифаларни албатта бажарамиз.

Биз учун Ватан рамзи бўлган маҳалла тизимини барча ислоҳотларимизда марказий ва ҳал қилувчи бўғинга айлантирамиз.

Тадбиркорлик учун янада қулай имкониятлар яратиб, янги-янги иш ўринлари очиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг бандлигини ошириш эътиборимиз марказида бўлади.

Аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқамиз" - деди Президент сўзининг давомида