Кино инсон тафаккурини қисман бўлса ҳам ўзгартирувчи, дунёқарашини кенгайтирувчи, унга маънавий озуқа, руҳий мадад бериб, эзгуликка чорлаб турувчи санъат туридир. Унда томошабин ўз армони ва орзу-умидларини хаёлан бўлса-да, рўёбга чиқара олади: фильм қаҳрамонлари билан бирга воқеалар жараёнида ҳамоҳанг яшайди, қувонади, йиғлайди, кулади, куюнади, ачинади, ҳавас қилади ва, энг асосийси, яхшилик ҳамиша ғолиб бўлишига ишониб яшайди.
Ўзбекистон кино арбоблари уюшмаси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳиби Матёқуб МАТЧОНОВ ҳаётини театр ва кино санъатига бағишлаган истеъдодли санъаткор. У фаолияти давомида шу пайтгача юзга яқин бетакрор ва ҳаётий образ яратган. Унинг иштирокидаги фильмларни ҳамиша севиб, мароқ билан томоша қиламиз. Устоз санъаткор билан суҳбатимиз ҳам самимий ва дилкаш кечди.
— Матёқуб ака, суҳбатимизни давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекфильм”га ташрифи, киноижодкорлар билан учрашувидаги таассуротларингиз билан бошласак.
— Биласизми, учрашувдан маълум бўлдики, давлатимиз раҳбари кино янгиликларини эътибор билан кузатиб боради. Аслида Президентимиз 2017 йил августда юртимиз ижодкор зиёлилари билан бўлган учрашувдаёқ кино соҳаси вакиллари учун Учинчи Ренессанс даври бошланганди. Ўшанда ҳам янги Ўзбекистоннинг шаклланишида ўзбек миллий кинематографиясининг роли ҳақида холис фикр билдирган. 2018 йилда “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши эса фикримизнинг далилидир. Илгарилари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан йилига 5-6 та фильм ишлаб чиқариларди. 2018 йилдан 2020 йилга қадар эса 50 дан зиёд бадиий фильм ишланди. Уларнинг ўндан зиёди тарихий жанрдаги картинадир. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “Илҳақ” тарихий бадиий фильми ҳам Президентимиз ташаббусига кўра жорий йил 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўзбек миллий телеканалларида премьера сифатида намойиш қилинди.
“Ўзбекфильм” киностудияси реконструкция қилингани бизни бағоят қувонтирди. 2021 йилда аввалгидан-да кўркам “Киночилар уйи”нинг бунёд этилиши ва кўплаб янги ташаббуслар Президентимизнинг кино санъатига бўлган ҳурмати ва ишончининг ёрқин намунасидир. Авваллари павильонларда муайян бир фильмнинг ёзги эпизодлари олинса, аёзли кунларда совуқдан дийдираб-қалтираб ўтирардик. Бугунги кунда ҳамма шароитлар бисёр. Ҳозирдан мўъжазгина кино шаҳарчаси қад ростлаяпти. Унинг ичида киноакадемия, киномактаб ва киноижодкорларнинг яшаши учун имтиёзли уй-жойлар қурилади. Буларнинг барчаси яйраб ижод қилиш учун катта имкониятдир.
— “Халқнинг ичига киринглар, ёруғ ва иссиққина хонада ўтириб олиб тўқима сценарийлар ёзмасдан, халқ билан мулоқот қилиб, уларнинг дардини эшитинглар”, дея таъкидлаган Президентимиз соҳа вакилларига масъулиятни теранроқ англаш ва ўз истеъдодини ёрқинроқ намойиш этиш борасида нурли ва ёруғ бир йўлни очиб берди. Шундай эмасми?
— Ҳа, албатта, олдимизга аниқ вазифалар қўйилди. Биз бу ташаббусларни тўла қўллаб-қувватлаймиз. Халқимизга тарихимизни миллий фильмларимиз орқали кўрсатадиган вақт келди. Ишонаманки, киночилар бунинг уддасидан чиқишади. Биласизми, мен кўп хорижий давлатларда ижодий сафарларда бўлганман. Лекин бирорта мамлакатда киночиларни бу қадар қўллаб-қувватланганини кўрмаганман. Яқинда Қирғизистонда бўлиб ўтган халқаро фестивалда ҳам қатнашдим. Улар билан савол-жавоб жараёнида Ўзбекистонда фильмлар харажати давлат бюджети томонидан қопланишини эшитган ҳамкасбларимиз бунга ишонишмади. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги декабрь ойидан бошлаб “Қишки премьералар мавсуми”ни эълон қилди. Турли жанрдаги янги фильмларни томошабинларга ҳавола этишни режалаштирди.
Тарихий жанрдаги фильмларни суратга олиш ҳам йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Эътироф этиш керакки, бугун “Ўзбеккино” ёшларга катта эътибор бермоқда. Авлодлар алмашиниши табиий, давр талаби. Ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларга янги лойиҳаларни ишониб топшириш яхши самара беради, деган умиддаман. Бу йил агентлик томонидан “Дебют” фестивали ўтказилиб, 18 та ёш режиссёр учун грантлар ажратилди. Бу ҳам ёш киноижодкорларга кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир. Айни пайтда ўзбек санъатининг дарғалари, устоз санъаткорлар ҳақида ижодий портретлар қиляпмиз.
Президентимиз билан учрашувда гонорар масаласи ҳам кўтарилди. Тизим эски ҳолатда қолиб кетган, шу билан бирга, ижодкорларнинг меҳнат стажи билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди. Буларнинг ҳаммаси, насиб қилса, кўриб чиқилади. Киночилар бирлашиб, ҳамжиҳатликда ишлашимизни, халқимизга яхши асарлар тақдим этишимиз заруратини бугун даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
— Сиз раҳбарлик қилаётган ва “Олтин ҳумо” кинотақдимотини ўтказиш ташаббуси билан чиққан Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмасининг асосий фаолияти нималардан иборат ва ўтган 2 йил давомида қандай ижодий ишлар амалга оширилди?
— Президентимизнинг 2018 йил 24 июлдаги “Миллий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, Ўзбекистон кино арбоблари ижодий уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилот сифатида қайта ташкил этилди. Уюшманинг асосий вазифаси мамлакатимиз кино соҳасида хизмат қиладиган ижодкорларни уюштириш, уларнинг ижодий манфаатларини илгари суриш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Қолаверса, миллий кинематография йўналишларини белгилаш, янги бадиий жамоалар тузиш, бой анъаналарга таянган ҳолда жаҳон андозалари даражасидаги замонавий миллий кино санъати мактабларини яратиш, ўзбек кино арбоблари, етук кино мутахассислари тажрибасини оммалаштириш ҳам ташкилотимизнинг устувор вазифалари сирасидандир.
Сўнгги икки йилда миллий ва халқаро ҳамкорлар ҳамда мутахассисларни жалб қилган ҳолда долзарб мавзуларда конференция, семинар, давра суҳбатлари ва бошқа бир қанча нуфузли тадбирларни уюштирдик. Республика олий таълим муассасаларида ёшлар ва таниқли киноижодкорлар билан ижодий учрашувлар, “Қора вабо”, “Тинчлик ортида” сингари фильмлар намойиши ташкил этилгани шулар жумласидандир. Шунингдек, уюшмамиз ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг соҳага бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари учун стипендия жорий қилди. Алоҳида таъкидлашни хоҳлар эдим, 2019 йилда тантанали равишда ўтказилган “Олтин ҳумо” миллий кинотақдимоти киноижодкорлар ва киномухлислар учун чинакамига байрам бўлди. Кино соҳасининг ҳақиқий жонкуяр истеъдодлари ўн олти номинация бўйича тақдирландилар. “Олтин ҳумо” миллий кинотақдимотининг анъанавийлигини таъминлашга қарор қилганмиз.
Йил якунига қадар миллий кинотақдимотни ўтказиш ниятимиз ҳам бор. Бу тадбир пандемия туфайли бироз орқароққа сурилди. Пандемия даврида уюшмамиз ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда моддий-маънавий ёрдамга муҳтож киноижодкорларга ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, яна кўплаб лойиҳаларимиз мавжуд. Хусусан, 2021 йилда Худойберган Девонов номидаги Марказий Осиё давлатлари ёш киноижодкорларининг халқаро кинофестивалини ташкил этишга тайёргарлик кўрмоқдамиз.
— Янги фильм яратиш машаққатли, шу билан бирга, шарафли иш. Ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам бўлиши табиий. Сўнгги вақтларда ғоя ва савия жиҳатдан саёз фильм ва сериаллар бирмунча кўпайди. Айниқса, адабий тил қоидаларига деярли риоя қилинмаяпти. Воқеалар мавзуси деярли бир хил, конфликт бироз сустроқ, асар моҳияти юзакироқ, қаҳрамонларнинг ижроси ўхшамаган. Бундай кинокартиналар томошабин онгига, ўзбек киноиндустрияси тараққиётига зарар бермасмикин?
— Гуручнинг ичида курмаги ҳам бўлади. Бусиз иложи йўқ. Кино оламида ҳам шундай. Баъзи киноижодкорларимиз етарли ижодий тайёргарлик кўрмай туриб ишлаб чиқариш жараёнига киришиб кетадилар. Бунинг оқибатида кинонинг айрим томонларида камчиликлар юзага чиқиб қолади. Бугунги томошабиннинг диди, дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати бошқача. Уларга қаҳрамонларимизни рўйи-рост, бўй-басти билан кўрсата олишимиз керак. Яратилаётган тарихий фильмларимиз эса яқин келажакда юқоридаги саволларингизнинг барчасига мукаммал жавоб бўла олади. Шунинг учун ҳам тарихий фильмлар яратишимиз лозим. Томошабинга ибрат бўладиган улуғ аждодларимиз образини гавдалантира оладиган, қадриятларимизни қадрлашга ўргатадиган фильмларимиз ҳам жуда кўп аслида.
Асл санъат инсонларни юксак идеалларга ундайди. Демак, сўзимиз ҳам, амалимиз ҳам шунга монанд бўлиши зарур. Даставвал фильмларга миллийликни, ўзбекона руҳни, мамлакатимиз ҳавосини олиб киришимиз зарур ва бу борада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Кино санъатимиз усталарининг бебаҳо тажрибасига таянган ҳолда миллий кинога нисбатан нафақат халқ муҳаббатини, балки тарихий шон-шуҳратини қайта тиклашимиз даркор ва бунга, албатта, яқин келажакда эришамиз.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА
суҳбатлашди