Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси мазкур маълумотлар илмий жиҳатдан асосланмаганини маълум қилди.
«Кислотали ёғинлар атмосферада олтингугурт оксидлари (SO₂) ва азот оксидлари (NOₓ) узоқ вақт давомида тўпланиб, булутларда сув буғи билан кимёвий реакцияга киришиши натижасида ҳосил бўлади. Бундай жараёнлар асосан йирик саноат ҳудудлари ва тўғридан тўғри чиқинди манбалари яқинида кузатилади.
Ҳаво массалари узоқ масофаларга кўчиши жараёнида ифлослантирувчи моддалар концентрацияси атмосферадаги турбулентлик, вертикал аралашиш, қуруқ ва нам чўкиш жараёнлари таъсирида кескин камаяди. Шу сабабли манбадан минглаб километр узоқликда хавфли даражадаги кислотали ёғинлар шаклланиши деярли мумкин эмас», дейилади изоҳда.
Бундан ташқари, ёғинларнинг ҳосил бўлиши маҳаллий булут ҳосил бўлиш жараёнлари билан боғлиқ бўлиб, ёғинлар асосан ҳудуд устидаги атмосферада мавжуд бўлган сув буғи ва аэрозоллар ҳисобига шаклланиши қайд этилган.
«Метеорологик кузатувлар ва атмосфера ҳавоси сифати мониторинги маълумотларига кўра, кислотали булутларнинг Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудига кўчиб келиши хавфи кузатилмаяпти.
Шу муносабат билан оммавий ахборот воситаларида тасдиқланмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликни ҳамда фақат расмий манбаларга таянишни сўраймиз. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёлғон ёки тасдиқланмаган маълумотларни тарқатиш учун амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари мавжудлигини эслатиб ўтамиз», дейилади Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси изоҳида.