Мамлакатимизда куни кеча ўз ишини якунлаган II республика “Китобхонлик ҳафталиги” том маънодаги китоб байрамига айланиб кетди ва минг-минглаб китобхонлар, айниқса, ёш авлод вакилларини қамраб олгани билан аҳамиятли бўлди. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, ҳафталик нафақат таълим муассасалари ва кутубхоналар, балки аҳоли гавжум жойларга ҳам кириб борди.
Жумладан, тадбир доирасида китобхонлар ўзи севган шоир ва ёзувчилар билан учрашиш имкониятига эга бўлди, жойларда 300 дан ортиқ турли маданий-маърифий дастур, театр томошалари, дизайнер-рассомларнинг ижодий кўргазмалари ташкил этилди.
Бир ҳафта давомида юртимизда фаолият кўрсатиб келаётган етакчи нашриётлар ва китоб савдоси ташкилотлари арзонлаштирилган китоб савдо ярмаркалари уюштирди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Меҳр кутубхонаси” ижтимоий лойиҳаси доирасида мамлакатимиздаги меҳрибонлик, мурувват ва саховат уйларига 3500 дан ортиқ китоб беғараз ҳадя этилгани унга алоҳида мазмун-моҳият бағишлади.
Пойтахт Тошкентда ҳам ҳафталик режасида белгиланган барча тадбирлар кутилганидек ташкил этилди. Китобхонлар Миллий кутубхонада бир пайтнинг ўзида бир нечта тадбирга гувоҳ бўлди. “Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш, илмий тадқиқотлар ва ёшлар китобхонлиги” мавзусидаги давра суҳбатлари, “Бир адиб ҳақида” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар, ношир ва кутубхоначилар ўртасида учрашувлар, букблогерлар иштирокида маҳорат дарслари шу табаррук масканда ташкил этилди.
Бош кутубхона, шунингдек, олий ўқув юрти талабаларидан таркиб топган жамоалар иштирокидаги “Заковат” интеллектуал ўйини, ноширлар ва болалар адибларининг учрашувларига ҳам гувоҳ бўлди.
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг 30 йиллиги муносабати билан ҳафталик доирасида Хитой тили ва маданияти фестивали ташкил этилгани ҳам унинг нуфузини яна бир карра оширди, дейиш мумкин. Фестивалда хитой санъати, маданияти, хаттотлик асарлари кўргазмаси, анъанавий чой маросимлари, Конфуций номидаги ўзбек-хитой институти талабалари томонидан мусиқа ва рақслар намойиш этилди.
Миллий кутубхонадаги қатор тадбирлар билан бир вақтда “Мен севган кутубхонамга китоб совға қиламан” акцияси, мактаб ўқувчилари учун “Севимли китобим муқоваси” маҳорат дарслари, Бенков номидаги республика рассомлик мактаби ўқувчиларининг тасвирий санъат асарлари кўргазмалари ҳам ташкил этилди.
Кўнгилларга кўчди китоблар сеҳри
Пойтахтимизнинг “Magic City” боғи ҳудудида ташкил этилган махсус павильонларда нашриётлар томонидан арзонлаштирилган китоб савдо ярмаркалари ўтказилди. Чегирма билан ҳаттоки 10 минг сўмга ҳам яхшигина китоб сотиб олган талабалар бир-бирларини етаклаб келгани, қандай китобларга эҳтиёжлари борлигини айтганида, ноширларда янги ғоялар уйғонгани аниқ.
– Ҳақиқатан ҳам, мана шундай кўргазмаларда, ёшлар билан яқиндан суҳбатларда уларнинг қандай китобларни хоҳлаётгани яққол кўринар экан, – дейди “Янги аср авлоди” нашриёти бўлим бошлиғи Мирзоумар Халилов. – Ёшларнинг китобга муҳаббати ортаётганидан хурсандман. Зулфияхоним шеърлари, ўзбек адиблари китоблари, ўзини ривожлантиришга доир асарларни кўпроқ сўрашди. Ҳарбийлар ҳам детектив, ватанпарварлик руҳидаги китобларни сотиб олишяпти. Буларни кўриб, китобхонлик байрамлари бардавом бўлсин, дегинг келади.
– Биз бўлажак ўқитувчилар сифатида, айниқса, кўп китоб мутолаа қилишимиз керак, – дейди Низомий номидаги педагогика университети талабаси Сабина Ўсарова. – Биричи марта келганимда ўзимга мақбул нархда 5 та китоб сотиб олгандим. Бугун яна ёқтирган китобларимни чегирмада сотиб олиш учун келдим. Бундай имконият биз, талабалар учун айни муддао.
Мазкур боғда китоблар кўргазмасигина эмас, шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, янги асарлар тақдимотлари, маҳорат дарслари, кўплаб интеллектуал викториналар ташкил этилдики, танловларда ўз билимларини синаб ғолиб бўлганлар энг яхши совға – китобга эга бўлдилар. “Bolajon” телеканали билан ҳамкорликда ташкил қилинган “Китоб оламига саёҳат” викторинаси, акция, савол-жавоб ўйинлари ҳафталикка келган кичкинтойларни ҳам бефарқ қолдирмади. “Нур” болалар театри чиқишлари эса тадбирларга алоҳида мазмун бахш этди.
“Magic City” шаҳарчаси олий ўқув юртларининг нашриёт-матбаа соҳасида таҳсил олаётган талаба-ёшлар бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшди. 32 та нашриёт-матбаа ижод уйи ўтказган меҳнат ярмаркасида соҳага мутахассислар тайёрловчи 7 та олий ўқув юртининг 340 нафар талабаси иштирок этиб, 40 нафардан ортиғи билан меҳнат шартномалари тузишга келишиб олинди.
Машаққатли меҳнат — мукофотга муносиб!
II республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг тантанали ёпилиш маросими ЮНЕСКО томонидан Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни сифатида байрам қилинадиган 23 апрель санасида пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида бўлиб ўтди. Унда мазкур тадбирда фаол қатнашган нашриёт вакиллари, соҳа меҳнат фахрийлари, барча турдаги ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари хозир бўлдилар.
– Бу йилги тадбир, аввало, қамровининг кенглиги билан кўзга ташланди. Аҳолимизнинг китобга эҳтиёжи катта эканини кўрсатди, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори, ташкилий қўмита раиси Асаджон Хўжаев. – Энди шу эҳтиёжни қондириш, сифатли маҳсулотлар беришни ўйлашимиз керак. Бунинг учун янги нодавлат нотижорат орган бўлган Ноширлик уюшмаси олдида жуда катта масъулиятли вазифалар турибди.
Тантанали тадбирда узоқ йиллардан буён ахборот-кутубхона соҳасида фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ кутубхона ходимлари “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Шунингдек, аҳолининг китоб маҳсулотларига эҳтиёжини қондиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган нашриётлар, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, устоз ношир ва матбаачилар, босма ОАВлар, ижтимоий тармоқ ижодкорларнинг меҳнатлари ҳам ҳафталик ташкилий қўмитаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Муножат Мўминова,
“Янги Ўзбекистон” мухбири