Киритилган қўшимчаларга кўра, Кодекс 73-моддасининг 4-қисмида кўрсатилган шахс (бундан умрбод озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилганлар мустасно) озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўташ даврида унга тайинланган жазони ўташ муддати қисқартирилиши мумкин. 

Бунда маҳкумларда тўғри маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришга қаратилган, белгиланган тартибда тасдиқланган адабиётлар рўйхатидаги китобларни ўқиганлиги факти тасдиқланиши лозим. 

Муддат ҳар бир ўқилган китоб учун 3 кунга, бироқ 1 йилда кўпи билан 30 кунгача қисқартирилиши мумкин.

Китоб ўқиганлик фактини аниқлаш унинг жазони ижро этиш муассаса маъмуриятига берган аризасига асосан, жазони ижро этиш муассасаси ходимлари, жамоатчилик вакилларидан иборат комиссия томонидан амалга оширилади.

Комиссия йиғилиши йилига камида 2 марта ўтказилади.

Имтиҳон натижалари бўйича комиссия томонидан маҳкумнинг китоб ўқиганлиги фактини тасдиқлаш ҳақида хулоса қабул қилинади.

Хулосанинг кўчирма нусхаси прокурорга юборилади, маҳкумга имзо қўйдириб топширилади, шунингдек маҳкумнинг ҳимоячисига унинг сўровига кўра берилади.

Маҳкумнинг китоб ўқиганлиги фактини тасдиқлаш ҳақида хулоса қабул қилинганда муассаса маъмурияти судга жазони ўташ муддатини маҳкум тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан қисқартириш тўғрисида тақдимнома юборади.

Маҳкум тузалиш йўлига ўтганлиги муносабати билан унинг жазони ўташ муддатини қисқартириш суд томонидан амалга оширилади.