Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, “Янги китоб” ва “Баёз” нашриётлари билан ҳамкорликда саҳоватпеша ҳомийлар кўмагига турли таълим даргоҳларига турфа тиллардаги ва мавзулардаги китобларни тақдим этиш бўйича “Китоб – маънавий нур” акциясини бошлаб юборди.

Қисқа фурсат ичида ушбу нашриётларда чоп этилган элликдан ортиқ адабиётлар, жумладан Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”, Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”, Ортиқали Намозовнинг “Одиловни отмоқчи эдилар”, Коэльо Паулонинг “Ал Кимёгар”, “Иблис ва Прим хоним”, Дейл Карнегининг “Оилада бахтга эришиш йўллари”, Ги Де Мопассаннинг “Азизим”, Лазиз Раҳматовнинг “Дунё мамлакатлари: Австралиядан Ҳиндистонгача”, Владимир Куниннинг “Балои нафс” асарлари, турли фойдали луғатлар ва тест китоблари, қўлланмалар, таржималар Ички ишлар вазирлиги ва Адлия вазирликларининг Малака ошириш марказларига, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига, Тошкент шаҳри Сирғали туманидаги “Қурувчилар” маҳалласига туҳфа этилди.

Айниқса, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиядаги акция китоб ярмаркасига айланиб кетди. Курсантлар ўзларини қизиқтирган турли асарларни мароқ ва қизиқиш билан мутолаа қилдилар, ўзларига маъқул энг сара китобларни танлаб олдилар.

– Бугунги кунда нашриётларимизнинг устувор мақсадларидан бири аҳоли, айниқса ёшлар орасида Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббусдан бири ҳисобланган китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларнинг талаб ва истакларига мос адабиётларни тайёрлаб, чоп этишдан иборат, - дейди “Янги китоб” нашриёти бош муҳаррири Анвар Намозов. – Минг афсуски, ҳар қандай яхши китоб ҳам ўқувчи яъни истеъмолчига етиб бормас экан, кўзлаган улуғвор мақсадларимизга тўлиқ эриша олдик, дея олмаймиз. Шу сабабли биз ноширлар ўз ишимизни замонавий бозор талабларига мосланган ҳолда ўқувчиларга янада яқинроқ бўлишимиз лозим. Худога шукр, номини тилга олишни истамаган ҳомийларимиз ҳам маънавият борасида бизни қўллаб-қувватлаб келишмоқда.

– Дарҳақиқат, яхши китоблар албатта кенг аҳоли қатламларига, олис олис қишлоқларга қадар етиб бориши шарт. Шу мақсадда биз республикамиз миқёсида юзга яқин “Истеъмолчилар кутубхоналари”ни бунёд этиш ишларини давом эттираяпмиз. Ҳозирга қадар уларнинг йигирмага яқини ишга туширилди, - дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов. –“Китоб – маънавий нур” акцияси шу кунларда карантин даврида китоб дўконлари ва бозорлари ишламаётган шароитда оилаларда қолаётган ўқувчилар эҳтиёжларини қондиришни кўзлайди. Албатта, одамларни бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш жуда муҳим. Шу билан бирга “маънавий ошқозон”ни – тафаккурни ҳам оч қолдиришга йўл қўйиб бўлмайди. Бошқа томондан, синовли даврда иқтисодий аҳоли бир қадар қийинлашган нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлашни назарда тутганмиз. Бугун эса акциямизни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов шахсан қўллаб-қувватлади ва уни оммалаштириш зарурлиги ҳақида ижобий фикрлар билдирди.

–  Федерациянинг хайрли ташаббусини албатта Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан илиқ кутиб олинди ҳамда барча маҳаллаларда ҳам ташкил этиш учун тегишли чоралар кўришни режалаштирганмиз, - дейди мазкур вазирликнинг матбуот котиби Саодат Боймирзаева – Акцияга бошқа нашриётларни ҳам жалб этган ҳолда ҳар бир маҳалла ҳудудида ташкил этиш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, янги ва кўркам ҳолда ташкил этилаётган Маҳалла биноларини ҳомийлар кўмагида замонавий адабиётлар билан тўлдириш ҳам бирламчи вазифаларимиз қаторига киради. Шуниси аниқки, китоб кириб борган оилада нур ва файз бўлади, ўрганишлар чоғида кўп адабиёт ўқиган оилаларда ажримлар камроқ кузатилишига, хотиржамлик ва қут-баракага, бахтиёрликка гувоҳ бўлдик.

Манижа БАҲРИЕВА,

журналист