Делегация аъзолари Мозандарон вилоятида фаолият юритадиган “North Industrial Marine Coating Co.” компаниясининг лак-бўёқ заводидаги ишлаб чиқариш қувватлари ва лаборатория фаолияти билан танишди.
Корхона бошқаруви раиси Суҳроб Пурмаддоҳ билан Китоб туманида лак-бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани барпо этиш бўйича сармоявий лойиҳани амалга ошириш юзасидан музокаралар ўтказилди. Уларнинг якунлари бўйича жорий йил август ойида С.Пурмаддоҳ бошчилигидаги делегациянинг Китоб туманига сафарини уюштириш ҳамда маҳаллий ҳамкор билан режалаштирилган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.
Амалий сафар доирасида мамлакатимиз делегацияси аъзолари Теҳрон кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар ва савдо қилувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистондан Эронга тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш истиқболлари мавзусига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида иштирок этди.
Тадбир доирасида Қашқадарё вилояти ва Китоб туманининг сармоявий ва савдо-иқтисодий салоҳияти тўғрисидаги тақдимот маросими ҳам ташкил этилди.
Теҳрон кийим-кечак ишлаб чиқарувчилар ва савдо қилувчилар уюшмасидаги музокараларнинг якунлари бўйича Китоб тумани ҳокимлиги ва Эроннинг “Payam Gostar Tejarat Farda” ўртасида Ўзбекистондан Эронга 5 миллион доллар миқдорида тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш юзасидан келишув имзоланди.
Китоб тумани делегацияси аъзолари Эроннинг «AMS Industrial Group» компанияси ишлаб чиқариш қувватлари билан ҳам танишди. Компания бошқаруви раиси Беҳном Фатхихаллаж билан Китоб туманида тош майдалаш, қум ва шағал маҳсулотларини тайёрлашга ихтисослашган корхона барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари юзасидан музокаралар ўтказди.
Уларнинг натижалари бўйича «AMS Industrial Group» компанияси раҳбарининг Китоб туманига амалий сафарини уюштириш ва сармоявий лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.
Сафар доирасида Китоб тумани делегацияси «Golrooyan Engineering Co.» компанияси вакиллари билан туманда турли хил ўлчамдаги пластик сув бочкаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани барпо этиш бўйича лойиҳани ҳаётга тадбиқ этиш истиқболлари юзасидан музокаралар ўтказиб, бирламчи келишувга эришди.