Тадбир “Якатут” маҳалласида жойлашган “Bahrombek Ixtiyor o‘g‘li” фермер хўжалигига қарашли 10 гектарлик замонавий иссиқхонада “TuronBank” АТБ ташаббуси билан ўтказилди.
Семинардан кўзланган асосий мақсад — лимончиликда илғор тажрибаларни оммалаштириш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ташаббусларни рағбатлантиришдан иборат.
Тадбирда тажрибали агрономлар, лимон етиштирувчи тадбиркорлар ва мазкур йўналишга қизиқиш билдирган фуқаролар иштирок этди. Семинар давомида иссиқхона шароитида лимон етиштириш технологиялари, кўчат парвариши, ҳосилдорликни ошириш ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши самарали курашиш усуллари юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, тадбирда эронлик мутахассис Саид Муваҳедий иштирок этиб, лимончиликда замонавий ёндашувлар, иссиқхонада самарали парвариш қилиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ушбу семинар иштирокчилар учун ўзаро тажриба алмашиш, янги билим ва кўникмаларга эга бўлиш ҳамда лимончиликни янада ривожлантиришда муҳим майдон вазифасини ўтади.