Бироқ айни ёшлик палласида шуни ёдда тутиш жоизки, орзулар асосан билим воситасида ушалади. Ҳар қандай ютуқ учун мустаҳкам замин, яъни қатъий ирода, аниқ мақсад ҳамда вақтида эгалланган ва эгалланишда давом этаётган билим лозим. Билим тушунчасига эса “китоб” сўзи эгиздир.

Бугунги кунда юртдошларимиз орасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлоднинг бадиий адабиётга меҳрини ошириш, маърифатли авлодни вояга етказиш йўлида ул­кан ислоҳотлар кечмоқда.

Келинг, шу ўринда мамлакатимизда китоб­хонликнинг муҳим босқичга кўтарилиш палла­сига тўхталиб ўтсак.

2017 йил 30 июнь. Тошкентда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг (ҳозирги Ёшлар ишлари агентлиги негизидаги) қурул­тойи ўтказилди. Қурултойда Президентимиз иштирок этиб, ёшлар билан очиқ мулоқот қил­ди. Йиғилишда алоҳида эътибор қаратилган, куйиниб гапирилган мавзулардан бири китоб­хонлик эди. Мен йиғилишда Сирдарёдан туриб видеоконференция орқали иштирок этгандим. Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳар йили “Энг китобхон мактаб”, “Энг китобхон маҳалла”, “Энг китобхон оила” каби танлов­лар ўтказиш, якуний босқич ғолибларини тақ­дирлаш учун қимматбаҳо совғалар, жумладан, юртимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар­ни мукофот тариқасида бериш ташаббусини кўпчилик қатори мен ҳам катта қувонч билан қабул қилгандим.

Очиғи, китоб ўқиган инсонга машина совға қилиш кўпчилик учун ишониш қийин бўлган ҳолат эди. Шунинг учун афсус билан айтиш жоизки, кўпчилик “Ўқиб шаҳар олармидинг?”, “Ўқиган билан нима бўлардинг?”, “Нари борса ўқитувчи бўласанми?” деган гапларни ҳеч бўл­маганда бир марта бўлса ҳам эшитган.

Бу гапларни мен ҳам эшитганман. Тўғри, ота-онам ҳамиша қўллаб-қувватлаб, ўқишимни, яхши таълим олишимни хоҳлаган. Аммо атрофдагилар мен каби оддий қишлоқ боласининг муваффақиятга эришишини истаса-да, ишона олмас эди. Бироқ Президентимиз каттаю ки­чикни бирдек келажакка дадил қарашга ўргата олди. “Ёш китобхон” танлови эълон қилиниб, ғолибига “Spark” автомобили совға қилиниши ҳақидаги лавҳалар ОАВда намойиш этилди. Ўша кунларнинг бирида ота-онамга юзландим:

— Сизларга машина совға қиламан!

Даладан чарчаб келган дадам ҳайрон қаради.

Мен эса давом этдим:

— Биринчи ўринни олган иштирокчига ма­шина совға қилинадиган танлов эълон қили­нибди. Албатта, қатнашиб, шу танловда ғолиб бўламан.

Бу гапимдан ота-онамнинг чеҳраси ёришиб, кейин шу мақсадимга етишишим учун барча шароитларни қилиб беришди. “Ёш китобхон”­га қизғин тайёргарлик кўра бошладим. 2017 йилги танловда омадим келмагани учун эмас, балки билимим етмагани сабабли энг охирги ўринни — 14 та ҳудуд ичида 14-ўринни қайд этдим. Танловда ютқазиб келганимдан кейин аксарият қишлоқдошларим мени кўрганларида “Ҳа, Ўрмон акамнинг ўғли-я, калит қўлингда турганди. Шарт-шарт гапириб, машинани ютиб келмайсанми? Лекин биринчи ўринни олган қиз ўткир экан-а? Майли, яна ҳаракат қил, ал­батта, қатнаш. Бизнинг қишлоқдан ҳам чиқсин “Президент совғаси”ни ҳайдаб юрадиган”, деб айтишни одат тусига айлантирдилар.

Бундан хижолат бўлардим, қайсидир маъно­да мағлубият аламини ҳис қилардим. Бироқ ай­нан шу сўзлар ҳам туртки бўлиб, танловда кет­ма-кет иштирок этавердим. Икки эмас, уч эмас, бешинчи йил деганда — 2022 йилнинг 7 апрель куни “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида 15-19 ёш тоифасида 1-ўринни қўл­га киритдим ва ота-онамга 2017 йилда берган ваъдамни бажардим.

“Президент совғаси”ни ютиб келганимдан сўнг қишлоғимизда китобга бўлган муҳаббат ортиб кетди. Дадам эса “Spark”да бутун вилоя­тимиз бўйлаб элликка яқин мактабга мени олиб борди. Бу мактабларда ўқувчилар билан учраш­дим. Ўқувчилар эса битта гапни такрорлар эди: “Сизга ҳавас қиламиз, биз ҳам китоб ўқиб, ма­шина ютамиз”.

Одамлар ҳавас қиладиган даражага ети­шимга Президентимиз илгари сурган ташаб­буслар ва ёшларга яратилаётган имкониятлар сабабчи бўлди. Юртимизда китобхонларга кўр­сатилаётган ғамхўрлик туфайли илм-маърифат йўлидаги авлоднинг кўксига шамол тегди. Бизга “Spark” берилган бўлса, бугунги ғолиблар элек­тромобиллар билан тақдирланмоқда. Биз бирин­чи бор қатнашган пайтда республика босқичида 2-ўринни олган иштирокчи компьютер билан тақдирланган бўлса, бугун 75 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритмоқда. Бу мамлакати­мизда ислоҳотларнинг йилдан йилга юксалиб, қамрови ҳам кенгайиб бораётганидан далолат. Сўнгги йилларда мана шундай китобхонлик танловларида 3 миллиондан зиёд ёш иштирок этибди. Бу ҳазилакам рақам эмас.

Яқинда Президентимизнинг “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртаси­да китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тад­бирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Албатта, барчамиз айни қарорни китобга меҳр ва китоб сингдирган ватанпарварлик руҳидаги янги Ўзбекистонга муҳаббат билан қарши ол­дик.

Қарор асосида “Китоб — маърифат манбаи” лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида китобхон­ликни тарғиб қилиш ва йилига ўртача 10 та китоб ўқиш мақсади жорий этилиши, Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида Китобхонлик ма­даниятини ривожлантириш жамғармаси тузи­лиши, “Жадидлар изидан” китобхонлик клуби лойиҳаси асосида мактаб ўқувчилари йилига камида 20 та китоб ўқишининг таъминлани­ши, клубнинг энг фаол аъзолари тақдирланиши белгиланди.

Шунингдек, танловлар орқали истеъдодли муаллифларни аниқлаш ва уларга ижод қилиш учун шароит яратиш мақсадида бир йилгача БҲМнинг 50 баравари (20 миллион 600 минг сўмгача) миқдорида ҳақ тўланиши, энг сара хорижий адабиётларни ўзбек тилига ва мил­лий адабиётларни хорижий тилларга таржима қилиш, нашрга тайёрлаш ва чоп этиш харажат­ларининг 50 фоизи ҳамда муаллифлик ҳуқуқи учун харажатларнинг 80 фоизининг жамғарма томонидан қопланиши қайд этилди.

Шу билан бирга, китобхонлик рейтинги шакллантирилиши, “Янги Ўзбекистон қиё­фасидаги туман (шаҳар)” мақомини олган ҳу­дудларда 330 та маҳалла кутубхонаси ташкил қилиниши, “TOП-100” китобхон дастури дои­расида ўқувчи ва талабалар орасида энг кўп ки­тоб ўқиганларнинг тақдирланиши, ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида (10 миллион 300 минг сўм) пул мукофоти берилиши, “Му­толаа” рақамли платформаси лойиҳаси орқали жамоат транспорти ва инфратузилма объектла­рида электрон ва аудиокитоблардан бепул фой­даланиш имконияти яратилиши — буларнинг барчаси янги Ўзбекистон китобхон мамлакат сифатида юксалаётганидан далолат.

Ёшлар, хусусан, ёш китобхонлар вакили сифатида айта оламанки, бу қарор, аввало, биз­нинг нурафшон келажагимиз учун қабул қи­линди. Эндиликда Ўзбекистонда китобхонлик бўйича алоҳида жамғарма фаолият юритади. Бу имкониятдан унумли фойдаланиб, тенгдошларим, ука-сингилларим ўз устиларида янада кўпроқ ишлашлари лозим.

Қарорда китобхонлик бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар аниқ ва равшан белгилаб қўйилган. 11 қисмдан иборат дастур тўлиқ ки­тобхонлик ҳаракатига қаратилган. Шунингдек, жамғармада тажрибали мутахассислар, олимлар, зиёлилардан иборат Васийлик кенгаши таркиби шакллантирилгани ҳам китобхонларни қувонти­ради. Васийлик кенгашининг аниқ иш режалари­га китобхонлик бўйича танловларнинг тизимли ташкил этилишини назорат қилиш, соҳа ривожи йўлидаги муаммоларни аниқлаб, улар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб бориш вазифалари юклатилган бўлиб, булар ҳам кенгашнинг мамлакатимизда китобхонлик дара­жасини юксалтириш йўлида ўзига хос ўрин тути­шидан дарак беради.

Бугун юртимизда китобхонлик соҳасидаги ислоҳотларга кўпчиликнинг ҳаваси келмоқда. Бунга ўзим гувоҳман. Озарбайжонда ўтказил­ган халқаро форумда мамлакатимиздаги ёшлар сиёсати бўйича тақдимот қилган эдик. Унда ки­тобхонлик борасидаги ишларга тўхталганимда, бир озарбайжонлик иштирокчининг “Эҳ-а, зўр танлов-ку. Ўзбекистонга бориб, китоб ўқиб, машина ютиб келсак бўларкан” деган сўзлари ҳали-ҳамон ёдимда.

Китоб ва китобхонлар бўйича ишлар­нинг кўлами ҳақиқатан кенг. Хусусан, “Янги Тошкент” мажмуасида янги кутубхона қад ростлаётгани сўзимиз исботи. Имом Бухорий мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази ва муҳташам кутубхона. Бу уч мажмуа бир вақтнинг ўзида қад кўтармоқда. Яъни илм, эътиқод, маърифат, маънавият, инновация ва илғор ташаббуслар бир вақтнинг ўзи­да юксалмоқда. Яқинда Президентимиз ушбу кутубхона қурилиши билан таниш­ди. Ушбу жараённи телевидение орқали кўриб, шуни ҳис қилдимки, мазкур кутубхона янги Ўзбекистон кутубхо­наси сифатида халқимизнинг шонли тарихидан муносиб ўрин эгаллайди.

Ҳа, чиндан ҳам не-не инсонлар кўришни орзу қилган замонларда яшаяпмиз. Бир вақтлар Қодирий, Чўлпон, Мунавварқори, Фитрат каби жадид боболаримиз маъ­рифат йўлида ҳаракат қилгани учун асоссиз жазоланган эди. Бугун-чи? Бугун улар бошлаб берган ҳаракат ёшлар қалбига сингиб бормоқда. Мактабларда уларнинг номлари билан аталувчи клублар ташкил этилмоқда. Бу ҳам улар орзу қилган кунларни биз кўраётганимиздан дало­лат.

Ҳеч ёдимдан чиқмайди: 2022 йилнинг 30 июнь куни. “Янги Ўзбекистон” боғидаги павильонда Президентимиз “Ёш китобхон” ва “Ёш китобхон оила” танловлари ғолиблари билан мулоқот қилди. Ўшанда давлатимиз раҳ­бари “Сизлар китоб ўқиб чарчамасанглар, мен мукофот бериб чарчамайман”, деганди. Шу куни Президентимиздан “Мард ўғлон” давлат мукофотини қабул қилиб олгандим. Тақдирлаш маросимида эса давлатимиз раҳбари ота-онан­гизга салом ва раҳматимни етказиб қўйинг, дея қўлимни маҳкам сиқиб қўйганди. Бугун оддий уй бекаси бўлган онамнинг кўксида “Маънави­ят фидойиси” кўкрак нишони порлаб турибди, отам “Президент совғаси — “Ёш китобхон” ғолиби” деб ёзиб қўйилган машинада мағрур юрибди. Мен буларнинг ҳаммасига янги Ўзбе­кистонда Президентимиз яратиб берган имко­ниятлар натижасида эришдим.

Бугун Гулистон давлат университетида ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритяп­ман. Фаолиятим давомидаги асосий лойиҳа ва ташаббусларим ҳам айнан китобхонликка қаратилган. Хусусан, талабалар орасида ки­тобхонлик дебатларига алоҳида эътибор қарат­моқдамиз. Ҳар ҳафта “Мутолаа майдони” лойиҳаси орқали “Мутолаа” иловасидаги бирор асарни ўқиб, муҳокама қиламиз. Шунингдек, “Мушоира” клуби фаолиятини йўлга қўйиб, ёш ижодкорларнинг шаклланишида бор ғайра­тимизни сафарбар этяпмиз.

Университетимиз ёш ижодкорларининг китобини нашр этишни режа қилдик. Телеви­дение билан ҳамкорликда “Бир асар муҳокама­си”, “Мунозара” каби телелойиҳаларни йўлга қўйиб, китобхонлик тадбирларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритяпмиз.

Яқинда университетимизнинг янги ва замо­навий Ахборот-ресурс маркази фойдаланишга топширилди. Ёшлар ишлари агентлигининг совғаси сифатида “1000 китоб” лойиҳаси доирасида таржима қилинган китоблар янги ку­тубхонамизга тақдим этилди.

Биз ҳали ўз устимизда жуда кўп ишлаб, тинимсиз ўқиб, яратиб берилаётган имконият­лардан оқилона фойдаланган ҳолда янги Ўзбе­кистонни маърифатли жамият ва китобхонлар юрти сифатида юксалтиришимиз лозим. Пре­зидентимиз қарорида ҳар йили киши бошига 10 дона китоб ўқилишига эришиш алоҳида қайд этилган. Лекин ишонаманки, яратилаёт­ган имкониятлар натижасида биз бу рақамни ҳам тез орада забт этиб, бундан-да юксак на­тижалар сари интила бошлаймиз. Ҳали бир инсон йилига 30-40 дона китоб ўқийдиган кун­ларга ҳам етиб борамиз. Марра аниқ, мақсад равшан. Фақат ҳаракат қилсак, бас.

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ,

Гулистон давлат университети ёшлар етакчиси,

“Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби,

“Ёш китобхон” танловининг республика босқичи ғолиби