Йиғилишда келгуси беш йилда қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини камида 2 баробар кўтариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 миллиард долларга етказиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини янада ошириш лозимлиги, бунда кластерлар асосий таянч ва етакчи бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Маълумки, қишлоқ хўжалиги дунёдаги энг катта иш берувчи тармоқ ҳисобланади. Дунё аҳолисининг қарийб 40 фоизи бандлиги айнан ушбу соҳада таъминланган. Озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи кундан кунга долзарблашаётган бир шароитда бугун ушбу соҳани ривожлантириш ҳар қачонгидан муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида аҳоли бандлигини таъминлаш орқали даромадини оширишда қишлоқ хўжалиги энг катта имкониятга эга.
Ўзбекистонда ҳам қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг муҳим тармоғи саналади. Соҳада фойдаланилаётган ер майдони республика ҳудудининг 50 фоиздан ортиғини ташкил қилади ва аҳолининг аксарият қисми ҳам ушбу соҳада тирикчилик қилмоқда. Тармоқнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ҳам ошиб боряпти.
Қайд этиш лозим, бошқа соҳаларда бўлгани каби сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш орқали маҳсулот етиштиришни кўпайтириш, тармоққа илғор технологияларни жалб этиш, хўжалик юритишнинг янги шакллари – дунёда тобора кенг кўлланилаётган кластер ва кооперациялар тизимини ривожлантириш борасида ҳам муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада қонунларимиз ўзгартирилди, бир нечта қарор, дастурлар қабул қилинди.
Маълумотларга кўра, аграр соҳанинг “локомотиви” ҳисобланган кластерларга ер майдонининг берилиши натижасида пахтачиликда ҳосилдорлик бир йилда 10-15 фоизга ошган. Чорвачилик, ғаллачилик, ва мева-сабзавот етиштириш ҳажми ҳам кўпайган. Шу билан бирга толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилган. Шунингдек, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот 3 баробарга ортган. Экспорт ҳажми йил якунига қадар 3 миллиард долларга етиши кутиляпти.
Хўш, кластерлик тизими қисқа вақт ичида шунчалик самара бераётган экан, нима учун ундан кенгроқ фойдаланиб, ривожлантирмаслигимиз керак?
Давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган навбатдаги видеоселектор йиғилишида ана шу масалалар кенг муҳокама қилиниб, кластерлик фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликлар очиқ айтилди ва уларнинг аниқ ечимлари кўрсатиб ўтилди.
“Энг асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартиби, – деди Президент. – У соҳани ривожлантириш бўйича қўйилган талабларга мутлақо жавоб бермаяпти. Пахта-тўқимачилик кластерлари кредит муддатларини узайтириш ва миқдорини кўпайтиришни сўраяпти. Ҳозирда кластерларга кредит 11 ой муддатга ажратилади. Пахта хомашёсини етиштириб, уни қайта ишлашга эса камида 24 ой керак. Ерни экишга тайёрлаш октябрда бошланса-да, кредит 3-4 ой кечиктириб, январь-февраль ойларидан ажратилади. Бу эски тизим энди тўлиқ ўзгаради”.
Таъкидланганидек, йиғилишда асосий муаммо – амалдаги эскича молиялаштириш тартибини ўзгартириш, жумладан, кластерларга берилаётган кредит муддатини узайтириш, миқдорини кўпайтириш, янги кредит линиясини очиш, мева-сабзавотчилик кластерлари ва кооперациялари учун қўшимча имкониятлар яратиш, имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланди.
Эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибор қаратиб, уларга деҳқончилик сирларини ўргатиш ва кўмаклашиш, бунинг учун 100 миллион сўмгача бўлган мева-сабзавотчилик лойиҳаларига “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури шартлари асосида кредит берилиши қайд этилди. Шунингдек, кластер ва фермерлар техникани арзон харид қилиши учун импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни божхона тўловларидан озод этилиши белгиланди. Ҳосилдор ва касалликларга чидамли янги навларни экиш, уруғчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш учун имтиёзлар бериладиган бўлди. Ушбу мақсадлар учун йилига жами 25 триллион сўм йўналтирилади.
Йиғилишда тегишли идораларга ушбу ташаббуслар ижросини таъминлаш бўйича фармон ва қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Зафар АБДИРАИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати