Мамлакатимизда ҳар йили 600—700 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 минггача иш ўрни яратилади. Демак, бу борадаги талабни тўла қондириш доим долзарб масала саналади.

Хусусан, хориждаги ватандошларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шароитларини яхшилаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш ҳам охирги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Россия, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Араб Амирликлари билан меҳнат миграцияси борасида халқаро шартномалар имзоланди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июлдаги “Хорижга ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Боиси, унда мамлакатда меҳнат миграциясидай долзарб муаммони ҳал этишнинг аниқ механизмлари ўз ифодасини топгани ҳолда, уни амалга ошириш йўллари белгилаб берилган.

Масалан, Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига таълим ташкилотларининг меҳнат органлари йўлланмаси билан юборилган ишсиз фуқароларни касб-ҳунар, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитиш билан боғлиқ харажатларини Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Ҳудудларда “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказларида битирувчиларнинг касбий малакасини “World Skills” стандартлари асосида баҳолаш, баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга “Skills паспорт” бериш амалиёти йўлга қўйилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида 2019 йил сентябрь ойида Яшнобод туманида тажриба сифатида илк фаолиятини бошлаган “Ишга марҳамат” мономарказида йилига 5 минг 600 кишини ўқитиш имконияти яратилди. Талаб юқори бўлган қурилиш, маиший хизмат, техник-муҳандислик каби соҳалар бўйича жами 22 та касбга ўргатиш йўлга қўйилди. Аҳамиятлиси, марказ тил ўқитиш курсларига хорижлик мутахассисларни жалб этиш бўйича Россия давлат халқлар дўстлиги университети, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Нанкин политехника институти билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Мономарказда таълим олган ўқувчилар нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам ишлаш имкониятига эга бўлмоқда.

Сўнгги йилларда меҳнат мигрантларига кўплаб ана шундай имкониятлар яратиляпти. Шу йил 1 сентябрдан бошлаб эса 2022 йил 1 сентябрга қадар Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “lаbоr-migration” дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган фуқароларга компенсация тўланиши белгиланди.

Хусусан, касб-ҳунар ёки хорижий тилларга ўқиган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларига, башарти улар муваффақиятли топширилганда — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваригача, йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваригача, ривожланган давлатларда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда компенсация тўланади.

Бунда мазкур бандда назарда тутилган компенсацияни олиш учун меҳнат миграциясига кетаётган фуқаро “lаbоr-migration” дастурий мажмуаси орқали масофавий тарзда ёки бевосита Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бандликка кўмаклашиш марказларига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. 

Ариза Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 1 иш куни ичида кўриб чиқилиб, фуқарога мазкур бандда назарда тутилган компенсацияларни тўлаш асосли деб топилганда хорижий тиллар ёки касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун компенсация суммаси фуқаро томонидан аризада кўрсатилган имтиҳон ўтказиладиган ташкилотларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун компенсация суммаси фуқаро томонидан аризада кўрсатилган йўл чиптасини сотадиган касса ёки транспорт ташкилотининг, “ишчи виза”ни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун компенсация суммаси фуқаро томонидан аризада кўрсатилган “ишчи виза”ни берувчи ташкилотнинг ҳисоб рақамига тўлаб берилади.

Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 2021 йил 1 сентябрга қадар “lаbоr-migration” дастурий мажмуасида меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга мазкур қарорда назарда тутилган компенсацияларни олиш имконини берувчи алоҳида саҳифа ташкил қилинишини таъминлайди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Бандликка кўмаклашиш марказлари эса ходимлари учун меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга хизмат кўрсатиш, уларга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёз, субсидия ва компенсацияларни олишга кўмаклашиш масалалари бўйича ўқув курсларини йўлга қўйган ҳолда, меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга компенсацияларни тўлашда коррупция ҳолатларига, ортиқча сарсонгарчилик ва қоғозбозликка йўл қўймаслик чораларини кўради.

Қувонарли жиҳати, 2021 йил 1 августдан бошлаб транспорт компанияларининг  меҳнат миграциясида бўлган даврида жароҳат олган, бахтсиз ҳодисага дуч келган, ўткир ёки оғир касалга чалинган фуқароларни, шу жумладан уларнинг вояга етмаган фарзандларини Ўзбекистон Республикасига олиб келиш билан боғлиқ харажатлари, шунингдек, ушбу фуқароларни тиббиёт ходими кузатуви остида қайтаришда тиббиёт ходимининг хизмат сафари харажатлари Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Албатта, ҳозирги мураккаб шароитда энг катта жабр кўрганлар меҳнат мигрантлари ҳисобланади. Шу жиҳатдан уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Зотан, қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилса, ўша ерда бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпаяди. Бу исбот қилмас ҳақиқатдир.

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати