Барча соҳалар каби тоғ-кон саноатида ҳам турли ихтиролар ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш орқали иқтисодий самарадорликка эришиш айни ҳақиқатдир. Биргина Навоий кон-металлургия комбинати Шимолий кон бошқармаси мутахассислари ташаббуси билан амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамиятга эга.
Ўтган йиллар давомида бошқарма ходимлари томонидан 10 дан ортиқ ишланмалар учун турли мамлакатларнинг патентлари қўлга киритилди. Уларнинг 3 таси бугунги кунда ишлаб чиқаришга жорий этилиб, кўрилган соф фойда 600 млрд сўмдан ортган.
Яқинда кончилар томонидан яна бир лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Бу Шарқий очиқ усулда қазиб олиш конидаги экскаваторларни кўчириб ўтиш лойиҳаси бўлиб, у биринчи бор муваффақиятли синовдан ўтказилди.
Мутахассисларнинг айтишича, илгари конда ишловчи экскаваторларни бир нуқтадан бошқасига кўчириш ортиқча вақт ва маблағ талаб қилган. Эндиликда бу ихтиро орқали ана шу муаммога ечим топилди.