Аччиқ бўлсада, айтиш керак, айрим юртдошларимиз табиатга беписанд муносабатда бўлмоқда. Баъзилар ҳеч иккиланмай ариққа чиқинди ташламоқда.

Бошқалар эса табиатни асраш керак эканини билсада, унга нописанд муносабатда бўлаётганлар олдидан жим ўтиб кетади. Ортиқча дахмаза нимага керак, уйимизда ичгани сувимиз бўлса, хонадонимиз покиза турса бўлдида, деб ўйлаймиз. Бироқ янглишамиз.

Еримиз, осмонимиз битта. Ўзимизга алоҳида тоза ҳавони яратиб ололмаймиз. Кўчадаги ғубор остонамиздан кириб келаверади. Остонамиз, кўчамиз, маҳалламиз покиза бўлса, уйимиз пок бўлади. Бунинг учун эса кўнгил экологияси тоза бўлиши керак. Бундай инсонга аслида, экологик таълим ҳам шарт эмас. У қўлидаги харид чекини дуч келган жойга улоқтирмайди. Машина ойнасидан чиқинди улоқтириб, хотиржам кетавермайди. Чиқиндини саралаб ташлашдай оддий, аммо муҳим жиҳатларга эътиборли бўлади. Бир сўз билан айтганда, кўнгил экологияси билан ҳисоб­лашиб яшайди.

Саноқдаги экологик муаммолар ечими нимада? Кўнгил экологиясини асраб қолиш, жамиятда экотафаккурни ривожлантириш учун нималар қилишимиз керак, каби саволларга жавоб топиш учун халқимиз ардоғида бўлган бир гуруҳ юртдошларимизга юзландик.

Экологик маданият халқимиз тафаккуридан мустаҳкам ўрин олса...

Озодбек НАЗАРБEКОВ, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири:

— Халқимизда азал-азалдан кўчат экиб, боғ яратиш энг эзгу амаллардан бири саналади. Буни отанинг фарзанд туғилганида унга атаб яхши ниятда ниҳол қадаганида ёхуд боболарнинг набираларига кўчат парваришлашни ўргатиши мисолида кўриш мумкин. Бундан ташқари, халқимиз кўклам келганини шунчаки байрам, ўйин-кулги қилиб кутиб олмаган. Ҳамжиҳат бўлиб, кўчаю хиёбонларни, йўлларни, ариқларни тозалаган. Яъни экологик маданиятини шу орқали намоён қилган. Бундай хайрли анъаналар шу зайилда авлоддан-авлодга ўтиб, қадрият даражасига кўтарилганки, табиатни асраб-авайлаш глобал миқёсда долзарб масалага айланган бугунги даврда ушбу анъаналарнинг ўрни ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Зеро, иқлим ўзгаришлари замонамизнинг энг жиддий «бош оғриғи»дир. Бу алалоқибат озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, сув ҳамда ресурслардан фойдаланиш муаммоларини кучайтиради.

Президентимиз давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ экологик муаммоларни ҳал этишга жиддий эътибор қарата бош­лади. БМТ Бош Ассамблеяси сессияларида, нуфузли халқаро анжуманлар ва саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Шу билан бирга, амалий ишлар ташаббускори бўлди. Масалан, Орол денгизининг қуриган тубида юз минглаб гектар ўрмон ва бутазор барпо этилди. Айни пайтда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва қишлоқларимизни яшил майдонга айлантириш, «яшил» энергетикани ривож­лантириш саъй-ҳаракатлари кучайган. Булар иқлим муаммоларини бартараф этиш янги Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан далолат беради.

Юртимизда 2025 йил Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили деб эълон қилинди. Бу ҳам бежиз эмас, албатта. Президентимиз қайд этганидек, янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсади экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг ресурслар тежамкорлигига асосланган «яшил» ривожланиш моделига ўтишдир. Унда узоқ кўзланган аниқ режалар ва чора-тадбирлар орқали атроф-муҳит ва экологияга зарар етказмаган ҳолда иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш кўзда тутилган. Шу туфайли бугун «яшил иқтисодиёт» деб номланган ўта муҳим тушунча ҳаётимизга кириб келди.

Маданият вазирлиги жамоаси ҳам кўкаламзорлаштириш, энергия тежамкорлиги, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш йўлидаги умуммиллий ҳаракатга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Биргина мисол, 2024 йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вазирлик томонидан кузги мавсумда 100 минг туп манзарали ҳамда мевали дарахт ва бута кўчати экиш режалаштирилган эди. Юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ҳаётга татбиқ этилаётган умуммиллий лойиҳа маданият ва санъат соҳаси вакилларини ҳам эзгу мақсад атрофида бирлаштирди. Ўтган йилнинг 23 декабрь ҳолатига кўра, жами 189 минг 900 туп турли дарахт кўчати экилди.

Албатта, ҳар биримиз табиатни асрашга муносиб ҳисса қўшишимиз, буни доимий мақсадга айлантиришимиз керак. Бу билан келажак авлодга ҳам тоза ҳаво, тоза иқлим қолдиришга эришамиз. Бунинг учун, аввало, оилада, жамиятда экологик маданиятни кучайтирсак, бу борада ҳеч қандай назоратга ҳожат қолмайди. Агар битта дарахт келтирадиган фойдани тушуниб етсак, ҳар бир дарахтга минглаб назоратчи пайдо бўлади. Дарахтнинг жони борлигини ўйлашнинг ўзи унга инсондек муносабатда бўлишга ундайди.

Бугун айнан маданиятга асосланган иқлим ҳаракатлари ҳақида сўз бор экан, биз маданий билимлар, урф-одат, анъана ва қадриятларни янада бойитиш орқали атроф-муҳит муҳофазасига ҳам ижодий, ҳам ижобий ёндашишни мустаҳкамлаймиз. Агар экологик маданият тафаккурда мустаҳкам қарор топса, дарахт экиш, маҳаллалар, кўчаю хиёбонларни обод қилиш ҳар бир кишининг кўнгил амрига айланади.

Демак, оилада экологик маданиятни шакллантириш зарур. Бунда ижодий маҳсулотлар, дейлик, фильмлар, спектакллар, ижтимоий роликлар каби воситалар алоҳида аҳамиятга эга. Ўтган йил ноябрь ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида БМТ Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясининг 29-сессияси (CОП29) дои­расида келажак учун ўта муҳим бўлган мавзу — иқлим ҳаракатларига маданият орқали ёндашувни шакллантириш бўйича давра суҳбатларида иштирок этиб, гўзал қадриятларимиз, анъаналаримиз, юртимиздаги эзгу саъй-ҳаракатлар ҳақида сўз юритдик, фикр-мулоҳаза ва таклифларимизни билдирдик.

Жумладан, иқлим бўйича глобал маданият элчилари дастурини ишга тушириш ва шу орқали санъаткорлар, мусиқачилар, ёзувчилар, блогер ва ­медиа вакиллари билан биргаликда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш, иқлим бўйича маданий алмашув дастурларини яратиш ва бунинг ёрдамида турли халқлар ўртасида ижобий тажрибалар ва янгиликларни ўзаро алмашиш, иқлим масалаларига бағишланган маданий форумлар ташкил қилиш, жамоатчиликни экологик ва ижтимоий масъулиятга ўргатиш, ижодимиз орқали иқлим ўзгариш­лари ҳақида маълумот бериш ва шу каби таклифларни илгари сурдик. Энди буни халқимиз орасида ҳам кенг тарғиб этишимиз керак.

Биз бугун меҳр билан парвариш қилаётган ҳар битта ниҳол кун келиб, улкан дарахтга айланади. Қанчадан қанча инсонлар жазирама иссиқда унинг меваси ҳамда соясидан баҳраманд бўлади. Айниқса, ёши улуғ нуронийларимиз дуога қўл очиб, кўчат эккан инсон ҳаққига жамики яхшиликларни тилайди. Унда эса катта ҳикмат, қут-барака, файз бор. Биз ана шу барака, ҳикмат мағзини етказиб бера олишимиз керак. Бунинг учун ҳар биримиз тоза табиатнинг тарғиботчиси, бошқаларга ибрат бўлишимиз зарур. Лўнда айтганда, шахсий ибрат, ислоҳотни ўзимиздан бошлаш ва уни кенг тарғиб этиш, моддий — экологик масалаларнинг маърифий ечими ҳисобланади.

Анъаналаримизни вакцина сифатида қўллашимиз зарур

Ўктамжон ОХУНОВ, Андижон вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ­бошлиғи ўринбосари:

— Ҳамма даврнинг ўз маданияти бор. Уйларимиз пастак, бироқ файзли — томлари, деворлари сувалган, оқланган бўларди. Кечки пайт ота-онамиз ишдан келишига ҳамма ёққа сув сепиб, супуриб қўярдик. У пайтда тамаддун бугунгидек бўлмаса ҳам сувни Аллоҳ берган неъматлардан бири деб билганмиз. Ариққа кулча оқизиб еб, бирортамиз касал бўлмасдик. Чунки ариқлар ҳам топ-тоза эдида. Катталар сув кирланмасин деб ариққа қўл ҳам ювдирмасди. Шундай зилол, шаффоф сув оқар эдики, ётиб олиб ичардик. Ариқ бўйлари ҳамиша гул билан обод эди. Бизникида атиргул экиларди. Ариқни қазиб тозалаш анъанаси ҳам миллатимизнинг қонига сингган. Маҳалла эркаклари билан умумий фойдаланишдаги катта ариқлар тозаланарди. Дадам билан ҳар баҳор уйимиз ичидаги ариқни қазиб тозалардик. Ариқ четига чиқарганимиз балчиқниям челакда томорқанинг бир чеккасига олиб бориб ташлардик. Ҳайвон ҳеч қачон ариқ бўйига боғланмаган. Молхонани ҳар куни икки марта тозалаб, супурилган жойига тупроқ сепардик. Энди билсам, тупроқ сепилган жойда пашша кўп айланмас экан. Мағзава ҳам тўғри келган ерга эмас, ҳовлининг бир бурчагида қазилган ўрага тўкиларди. Ҳатто ҳовлида куралган тоза қор ариққа, лой аралашган таг қисми томорқага ташланарди.

Қолаверса, дарахтларга ҳам ўзгача меҳр билан қарардик. Зарурат сабаб дарахт кесишга тўғри келса, ўрнига дарҳол 2 тасини экиб қўярдик. Бу билан яшилликнинг боқийлиги таъминланган экан. Борган сари ота-боболаримизнинг ақл-закосига қойил қоляпман. Биз кўрган катталарнинг ҳаммаси экофаол эди. Улар туфайли ҳар бир маҳалла обод, тоза бўлган. Юриш-туриши, ейиши покиза халқнинг фикри ҳам, нияти ҳам покиза бўлади. Айтингчи, ҳақиқий экологик маданият, соғлом турмуш тарзи эмасми бу? Балки шунинг учун ҳам у пайтларда касаллик кам бўлгандир!?

Яна бир нарсани англадим, ота-оналаримиз тонгда мактабга, ишга кетишимиздан олдин бежиз бизни бирор иш қилишга ўргатмаган экан. Бу бора-бора одатга айланади. Эрталабки ҳаракат эса кун бўйи тетик юришимизга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳозир ҳам уйқудан тургач, бир стакан тоза сув ичиб, бир соат пиёда юраман. Ишхонада ҳам имкон қадар яёв ­юришга ­ҳаракат қиламан. Кечки овқатдан сўнг пиёда юриш кўрсаткичимни 10 минг қадамга етказмагунча ухламайман. Бу ҳар куни беш, беш ярим километр яёв юриш дегани. ­Президентимиз биз, нуронийларга «Яёв юришни сизлар тарғиб қилинглар», дегани жуда яхши бўлдида. Тарғиботни аввал ўзимда синаб кўрдим. Пиёда юрган одамнинг кайфияти яхши бўлади. Бошқа спорт турларидагидек кучли толиқиш сезмайди.

Япон ўқувчиларининг мактабни тоза тутишига ҳавас қиламиз. Аслида, японлар биздан ўрганган бўлса не ажаб. Чунки ўқувчилик давримизда бир ҳафтада бир марта синфдош шеригим билан синфхонамизни тозалаб кетардик. 4-синфдан бошлаб шунга одатланганмиз. Эгат олишни ҳам мактабда ўргатишган. Чунки тажриба участкамиз бўларди. У ерда гул ўстирардик. Ҳозирги ёшларга ҳам тўғри тушунтира олсак, мактабни тозалаш, дарахт экиш тадбирларини мажбурий деб қабул қилмайди. Чунки жуда кўп ёшлар билан учрашаман. Юқоридаги хотираларимни айтиб берганимда, аксариятининг юз-кўзида ўзгариш сезаман. Диққат билан эшитаётганидан хурсанд бўламан. Фақат, айтганимдек, тўғри тушунтиришимиз керак. Зеро, ҳозир мактабларда алоҳида тарбия дарси ҳам ўтиляпти. Вақт ҳам, имкон ҳам бор.

Шуни унутмаслик керакки, бу тараққиёт дегани яхшилик билан бирга, баъзи ножўя таъсирларни ҳам олиб келади. Улардан сақланиш учун ахлоқий, маънавий қадриятларимизни вакцина сифатида қўллашимиз керак. Тўғри, рақамлаштириш, замонавийлашиш яхши. Лекин биз шаклланаётган болалар билан ишлаймиз. Уларга экологик маданиятни туб моҳияти, ҳаётий мисоллар билан сингдира олсак, албатта, қабул қилади.

Масалан, БМТнинг сув тўғрисидаги статис­тикасини ўқиб қўрқиб кетдим. Биз бемалол ишлатаётган сувга қаерлардадир одамлар ойлигининг 70 фоизини сарфлаяпти. Ўзимизда ҳам дўконларга келаётган 5 литрли, 10 литрли минерал сув тез сотиляпти. Бу тоза сув кама­йиб бораётганидан далолат ахир. Шуни билиб туриб ҳам сувни қадрламаслигимиз ачинарли. Сувни туганмас ресурс деб биладиган болаларимизга шунақа мисоллар билан гапирсак, лоақал юздан бири сувни тежаш кераклиги ҳақида ўйлайди.

Биз, Андижон нуронийлари ҳам имкон қадар сув тарғиботини бошладик. Беҳуда оқаётган сув қувурига жўмрак қўйиш, ёрилганларини тузатишни назорат қилиш обиҳаётни тежашга ёрдам беради. Сувнинг бир томчиси ҳам азиз. Атроф-муҳитни асрашга шундай ҳисса қўшишимиз керак. Болаларимизга йил номининг асл моҳиятини англата билишимиз шарт. Шундагина улар табиатни ўзини асрагандай ҳимоя қилиш зарурлигини ҳис қилади.

Битта ниҳол топдикми, ерга қадайлик!

Жаҳонгир ПОЗИЛЖОНОВ, хонанда:

— Давлатимиз раҳбари 2025 йилнинг номини эълон қилганида хурсанд бўлдим. Чунки йил номи остида мамлакатимизда улкан ободончилик ишлари бўлади. Кўп­лаб боғ-роғлар ташкил экилади. Яшил макон яратиш йўлидаги умуммиллий ҳаракатимиз ҳар қачонгиданда кучаяди.

Шу билан бирга ўйладим, наҳотки, бугун табиатни асрашимиз учун алоҳида тарғибот керак бўляпти? Наҳотки буни алоҳида ўрганишимиз керак? Халқимиз азалдан барака покликда бўлишини айтиб келганку? Аждодларимизнинг табиатни ниҳоятда улуғлагани бизга сабоқ эмасми? Сувни, тупроқни ғоят азиз билганку улар.

Болалигимизни эсласам, қанчалик шўх бўлмайлик, ота-онамизнинг гапига қулоқ солган эканмиз. Масалан, тўғри келган жойга чиқинди ташлама, сувга туфлама, тупроқ ўйнаганингдан сўнг қўлингни тозалаб юв, деган кўрсатмалар хотирамизга муҳрланиб қолган. Бехосдан ўша ишларни қилсак ҳам гўёки айбдордек сезардик ўзимизни. Ана шу тарбия таъсирида улғайганимиз учун ҳам атроф-муҳитга, табиатга эътиборсиз қарай олмаймиз. Аслида, ободлик кўнгилдан бошланиши рост. Кўнглимиз, амалларимиз тоза бўлса, атрофимиз, маҳалламиз юртимиз обод бўлади. Обод юртга эса байрамлар ярашади. Очиқ осмон остида концертлар берамиз. Кўзи ёниб турган, бахтдан қувнаган ёшлар бизга янада илҳом бағишлайди. Фарзандларимиз соғлом бўлса, кўнглига ­ўйин-кулги сиғади. Саломатлик эса бевосита яна табиатга, экологияга боғлиқ. Тоза ҳаво, тоза тупроқ экологик тоза маҳсулот керак уларга. Она тупроқни тоза сақлашни фарзандлик вазифамиз деб биламан.

Маърифатпарвар бобомиз Абдурауф Фитрат тупроқни тоза сақлаш ҳақида фикр билдирган. Тупроқда микроблар шаклланиши, чиқиндилар тупроққа аралашгач, иссиқ ҳаво ва шамолда атрофга зарарли бактериялар тарқатишини айтган. Шунинг учун кўпроқ дарахт экиб, атрофимизни яшилликка буркайлик. «Яшил макон»га битта гул ўстириш билан бўлса ҳам ҳисса қўшайлик. Битта ниҳол топдикми, ерга экиб қўяйлик, боғлар яратайлик. Ахир чўпни ҳам кўкартириб юборадиган тупроғимиз бор.

Давлатдан жуда кам электр оламиз

Дилшод ИСМАТУЛЛАЕВ, «Чуст текстиль» тўқимачилик корхонаси раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган рационализатор-ихтирочи:

— Юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ортидан тадбиркорларга ҳам янги имкониятлар, имтиёзлар бериляпти. Ўзингиз ўйланг, энергия, сув тежовчи ускуналарни қўллаш, корхонани «яшил белбоғ» билан ўраганимиз сабаб «яшил» тадбиркор мақомига эришиб, қўшимча имтиёзларга эга бўлиш... бу табиатга жуда катта эътибор. Мазкур янгиликлар ҳозирданоқ кўпгина тадбиркорларни ҳаракатга келтирди. Аслида, булар шундоқ ҳам тадбиркорнинг фойдасига хизмат қилади. Хусусан, биз бир йилдан буён қуёш панелларидан самарали фойдаланиб келяпмиз. Энг сифатли деб топилган Хитой қуёш панелларидан сотиб олганмиз. Уларнинг ўзидан тажриба ўрганиб келиб, ўзимиз ўрнатишни йўлга қўйдик. Айни пайтда маркетинг хизматимиз самарадорликни ўрганяпти. Мақсад — фойдага ўтиш. Бу 3-4 йилда ўзини оқласа, харажатни камайтириш учун ўзимизда ишлаб чиқарилган қуёш панелларидан сотиб оламиз. Чунки барча объектларимизни тўлиқ шу тизимга ўтказишни режалаштирганмиз.

Президентимиз 2021 йилда корхонамизга ташрифида ангар усулидаги қурилишимизга юқори баҳо берган эди. Бугун айнан шу шаклдаги биноларимиз бизга катта фойда келтирмоқда. Яъни ангар услубида қурилган биноларга қуёш панелларини ўрнатганмиз. Бу анча қулай. Уларни ерга ўрнатса, кўп жой эгаллайди. Қолаверса, ускунани тозалаш, хизмат кўрсатиш ҳам қийин бўлади.

Бир йилдан бери қуёш панелларидан фойдаланяпмиз. Ўтган вақт ичида самарадорлик юқори бўлди. Умумий ҳисобда 60-65 фоиз, десак бўлаверади. 700 киловаттдан ошиқ электр энергияси олишни бошладик. Корхона ишламаган кунлари йиғиладиган электрни сот­япмиз. Ўзимиз жуда кам, умумий истеъмолимизнинг 5-10 фоиз электрини сотиб оляпмиз. 90 фоизини қуёш панелимиз қоплаб бермоқда. Ишчи ходимларимиз учун қурилган 4 қаватли ётоқхонамиз фасадларига ҳам қуёш панели ўрнатдик. Бу билан ётоқхона ўзини энергия билан таъминлаб, даромадимизга ҳисса қўшяпти.

Сўзим якунида айтишни истардимки, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш шу юрт ҳавосидан нафас олаётган барчанинг шарафли бурчидир. Айниқса, ўзини маданиятли ҳисоблаган тадбиркор табиатга зарар етказмаслик, ундаги ресурслардан оқилона фойдаланиш, авайлашни ўйлаши шарт. Чунки жамият, кўпгина ёшлар бизга ҳавас билан қарайди. Уларга намуна бўлишимиз зарур. Қолаверса, табиатга, одамлар соғлиғига зарар етказиш билан кўриладиган фойда узоққа бормайди. Шундай экан, аввало, борлиқдаги неъматларни қадрлайлик.

Муножат МЎМИНОВА,

ёзиб олди.