Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигига қаратилаётган юксак эътибор тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг барча ҳудудга етиб бораётгани, тиббий хизматнинг халққа яқинлаштирилгани мисолида ўз ифодасини топмоқда.

Давлатимиз раҳбари иштирокида шу йилнинг 18 март куни соғлиқни сақлаш ходимлари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” шиори остида ташкил этилган учрашувда соҳадаги ютуқ ва камчиликлар чуқур таҳлил этилди. Кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди. Уларнинг рўёби узоқ куттирмади, бугун ҳаётга татбиқ этилиб, ижросини топиб бормоқда.

Президентимиз мулоқот чоғида “Республикамизда спинал мушак атрофияси диагнози қўйилган бемор болаларга зарур дори воситаларини бепул етказиб бериш тизими жорий этилади. Бунга ҳар йили 110 миллиард сўм ажратилади”, деди бу борадаги муаммоларга эътибор қаратиб. Орадан кўп ўтмай, шу йилнинг 25 апрель куни давлатимиз раҳбарининг “Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Спинал мушак атрофияси — она ҳомиладорлиги вақтида болада вужудга келувчи энг кўп учрайдиган ирсий касаллик бўлиб, ўз вақтида (6 ой ичида) муолажа ўтказилмаса, 2 ёшгача болаларда касаллик оқибати 50 фоиз ҳолатда ўлим билан якунланади. Халқаро статистик маълумотларга кўра, мазкур касаллик янги туғилган ҳар 6-10 минг чақалоқда бир ҳолатда учраб, уларнинг 50 фоизи 2 ёшга етмай, нафас етишмовчилиги сабаб вафот этади.

Юртимизда 77 нафар болада ушбу касаллик таҳлили намуналари тасдиқланган. Уларнинг 24 фоизи қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида, 40 фоизи икки ва ундан кўп спинал мушак атрофияси билан туғилган болали оилаларда ва 36 фоизи ота ҳам, она ҳам ушбу ген ташувчиси бўлган оилаларда туғилган.

Мазкур қарорда жорий йилнинг 1 майига қадар У.Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонасида спинал мушак атрофияси хасталиги билан оғриган бемор болалар учун қўшимча 10 та койка ташкил этиш белгиланган. Бугун шифохонада бу касалликка чалинган болаларга қулай шарт-шароит яратиш ва ота-оналар сарсон-саргардонлигининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган ушбу койкалар кўплаб дардмандларга малҳам бўлди.

Шифохонанинг ёруғ ва озода йўлаги бўйлаб юрар экансиз, барча зарур шарт-шароитга эга хоналарда шифо топиш илинжидаги болалар ва фарзандининг соғайишидан умидвор ота-оналарга кўзингиз тушади. Уларнинг хасталик, ташвиш ҳоритган юзидаги миннатдорликни, эртанги кунга умидни сезиш қийин эмас. Зеро, ота-онаси бундай оғир дардга чалинган болаларни рисоладагидай парваришлай олмаслиги муқаррар. Чунки бу норасидалар малакали тиббий ёрдам ва муолажага муҳтож. Давлат эса улардан бор эътибор ва ғамхўрлигини аямаяпти.

Шу пайтгача спинал мушак атрофияси касаллигига чалинган болалар даволанадиган аниқ жой йўқ эди. Улар ҳар хил шифохоналарда, туман, вилоят ёки республика тиббиёт муассасаларида даволанарди. Қарорда бу тоифа касалларни даволаш, парваришлаш жараёни босқичма-босқич аниқ қилиб кўрсатилди.

Бемор маслаҳат поликлиникасида кўрикдан ўтказилгач, унда спинал мушак атрофияси аниқланса, индивидуал хусусиятлардан келиб чиқиб, якка тартибдаги реабилитация дастури тузилади. Бу дастурга барча мутахассислар кўриги ва мураккаб лаборатор текширувлар киритилган. Даволаш жараёнида бемор боланинг онаси билан мунтазам суҳбат олиб борилади. Унинг аҳволи ва даволашнинг самарадорлиги баҳоланади.

Самарадорлик паст ҳолатларда бунинг сабаби аниқланади ва якка тартибдаги реабилитация дастурига ўзгартиришлар киритилади. Мақсад даволаниш жараёнида мушак-асаб тизимидаги хасталикларни реабилитация қилиб, болаларнинг ҳаракатчанлигини оширишдан иборат. Шифохонада дори-дармон ва овқатланиш мутлақо текин, барчаси давлат томонидан молиялаштирилган.

— Президентимиз қарорига мувофиқ, бемор болалар патогенетик дорилар билан мунтазам таъминланяпти, — дейди Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Фарҳод Ҳамроев. — Бу дегани мушак-асаб тизимидаги реабилитацияга қўшимча ҳолда ҳамда асосий даво сифатида патогенетик дорилар қўшилгани ҳозиргача эришган натижаларимиз самарадорлигини бир неча баробар оширади ва бу борада ижобий кўрсаткичларга сабаб бўлади.

Бухоролик Фарзона Фахриддиновага спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилганида 7 ойлик эди. Ҳозир у 4 ёшда. Скрининг марказида ташхисни илк бор эшитган онасининг кўзига дунё қоронғи кўриниб кетди. Гулчирой Мирзаева қизининг ривожланишда тенгдошларидан орқада қолаётганидан ташвишланган, аммо бу қадар жиддий касаллик хаёлига ҳам келмаганди. Фарзандини олиб бормаган жойи қолмади. Бухоро шаҳридаги турли шифохоналарда икки ярим йил мунтазам даволатди, аммо натижа бўлмади. Чунки бундай ташхис қўйилган болалар учун ихтисослаштирилган шифохонанинг ўзи йўқ эди. Кейин Республика болалар руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ҳақида эшитиб, ўтган йилнинг ноябрь ойида илк бор шу ерга келди. Шифохонага жойлаштиришда бироз муаммолар бўлганди ўшанда. Аммо 15 кун давомида олинган муолажа илк натижаларини кўрсатди, Фарзонанинг ҳаракат тизимида ижобий ўзгаришлар кузатилди.

— Мана, яна шу ердамиз. Болаларимизнинг соғлиғи ва келажагини ўйлаб, Президентимиз топшириғига биноан, қўшимча 10 ўрин ажратилгани бемор болалар ва ота-оналарнинг мушкулини осон қилди. Шифокор кўригидан сўнг зарур таҳлилларни топшириб, шифохонага тезда жойлашдик, — дейди Когон туманининг Янгиҳаёт қишлоғида яшовчи Гулчирой Мирзаева. — Авваллари дори-дармон қиммат, биз ҳамма вақт ҳам сотиб ололмасдик. Энди дорилар текин бериляпти. Бу ерда яратилган шарт-шароит, барча муолажаларнинг бепуллиги, шифокорларнинг хуш муомаласи ва маслаҳати, масъулияти ўз самарасини беряпти. Қизим муолажа бошланганининг учинчи куни гавдасини

тик тутди. Авваллари озгина юрса, чарчаб қолар, зинапоядан умуман чиқолмасди. Бундан тўрт ой олдин тушкунликка тушиб қолгандим. Ҳозир фарзандим бемалол юраётганини кўриб, кўнглимда умид уйғонди. Бизга шундай умид ва ишонч берган Президентимиздан миннатдормиз.

“... Мендан биров бир сўм сўрамади”

Соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқот чоғида давлатимиз раҳбари “Бундан буён аҳоли имтиёзли йўлланма билан нафақат давлат шифохоналарига, балки ўзи танлаган хусусий клиникаларга ҳам бемалол бориши мумкин бўлади...”, деган эди.

Ўтган вақт давомида ушбу топшириқни бажариш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсиясига кўра, ўнга яқин нодавлат тиббиёт ташкилоти билан ҳамкорлик шартномаси имзолади.

Улар орасида Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги “Dr. Boboyev jarrohlik markazi” ҳам бор. Замонавий жиҳозланган марказ Туркиядаги қатор тиббиёт муассасалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Мамлакатимизда илк маротаба аҳолига кўрсатилган юқори технологик тиббий хизматлар учун мазкур клиникага Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси пул тўлади.

— Шу йил 18 апрелда клиникамиз Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шартнома имзолади ва имтиёзга эга беморларни ордер тизими асосида даволаш йўлга қўйилди, — дейди “Dr. Boboyev jarrohlik markazi” директори Қобилжон Худойқулов. — Бу беморлар учун ўз танловига кўра юқори технологияли клиникаларда даволаниш имкониятини бермоқда. Бемор олис ҳудуддан пойтахтга келиб даволанишга мажбур бўлмайди. Натижада маблағи тежалади ва унга сарфланадиган давлат харажати ҳам кескин қисқаради. Яна бир аҳамиятли жойи шундаки, клиникалар ўртасида эркин рақобат муҳити яратилади ва юртимизнинг барча ҳудудида тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалади.

Бугунга қадар 20 нафардан ортиқ беморда юқори технологияли жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Яна 6 нафар бемор электрон навбатда.

 — Анчадан буён соғлиғим ёмонлашиб, буйрак етишмовчилигидан азият чекаётгандим, — дейди Сарвигул Ҳамроева. — Йўлланма билан хусусий шифохонада даволаниб чиқдим. Жарроҳлик амалиёти ўтказилгач, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Даволаш, дори-дармон, жарроҳлик амалиёти учун мендан биров бир сўм сўрамади. Ҳамма харажатни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси тўлаб берди. Бу биз учун жуда катта енгиллик бўлди. Уйимизга яқин, барча қулайликларга эга хусусий шифохонада даволаниб, вақтимизни ва маблағимизни тежадик. Ҳаммаси учун кўпдан-кўп раҳмат.

Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижроси бугун ана шу каби мисолларда ўз ифодасини топаётир. Эзгу ишлар қамрови кенгайиб бормоқда. Зотан, инсон қадри улуғ юртда ҳеч ким, ҳеч қачон эътибордан четда қолмайди.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири