Ҳар бир давлат тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродасига, демократия ва ижтимоий адолат принципларига, шунингдек фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак мақсадлардан оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.
Конституция инсоният ҳаётида илк бор умуминсоний принципларга амал қилиб, инсон, унинг ҳаёти, эрки, шаъни, қадр-қимматини ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтарди. Айниқса, Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ белгилаб берар экан, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқароларининг қонун олдида тенглигини кафолатлади ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.
Ўзбекистон халқи ўз Қомусини яратаётганидаёқ инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитетига садоқатини намоён қилиб, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган эди.
Ҳозирги шиддатли ўзгаришлар даврида амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг пировард мақсади ҳам айнан ўша эзгу умидларни рўёбга чиқаришдан иборат эканлиги барчамизга аён. Бугунги кунда Конституциямиз бундай изчил ислоҳотларнинг амалга оширилишини таъминлаб берадиган асосий ҳуқуқий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.
Мамлакатимизнинг демократик тараққиётини таъминлашнинг асосий принципларини белгилаб берган Конституциямизнинг қоида ва нормаларига таяниш алоҳида аҳамият касб этади.
Кейинги йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.
Ислоҳотларимиз аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш борасида ҳам ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. 2021 йил 29 октябрда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ташаббуси билан Умуммиллий Конституция имтиҳонини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ва уни амалга ошириш механизми (Концепцияси) ишлаб чиқилди. Ушбу концепция орқали юртимизда фаолият олиб бораётган идоралар, ташкилотлар, муассасаларнинг ишчи-хизматчи ходимлари, ўқув юртларининг ўқитувчи ва талабалари, ногиронлиги бўлган фуқаролар, ҳаттоки уйида ўтириб қарилик гаштини сураётган қарияларимиз, қўйингчи, барча юртдошларимиз бу имтиҳонда қатнашишлари мумкинлиги таъкидлаб ўтилди. Фуқароларнинг Конституция ҳақидаги билимларини синовдан ўтказиш мақсадида Умуммиллий Конституция имтиҳони ташкил этилди. Имтиҳон жамиятимиз ҳаётининг мезони бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш, Конституцияга оид билимларни мустақил ривожлантиришга кўмаклашиш, ёшларни Конститyсияга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Мазкур имтиҳонни ўтказиш фуқароларнинг Конституцияда белгиланган нормалар ҳар бир инсон ҳаёти, унинг қадр-қиммати билан чамбарчас боғлиқ эканини англашига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз ҳаётини тубдан демократик тарзда тараққий эттириш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла рўёбга чиқариш ва кафолатлаш борасида бундан буён ҳам бош мезон ва асосий дастуруламал бўлиб қолаверади.
Дилдора Юсупова,
Жамоат хавфсизлиги университети доценти,
Гулбаҳор Мақсудова,
Тошкент шаҳар юридик техникуми катта ўқитувчиси