Барча ташкилот ва идораларда аҳоли вакиллари иштирокида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти адлия бошқармаси томонидан ҳам аҳоли орасида соҳа вакиллари, мутахассислар иштирокида Конституциявий ислоҳотлар юзасидан турли учрашув, давра суҳбатлари, семинарлар ўтказилмоқда.

Ангрен ва Оҳангарон шаҳар адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан давра суҳбатлари ўтказилди. Унда хотин-қизлар ва тадбиркор аёллар иштирок этди. Тадбирда “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Семинарда Конституциявий қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда кенг аҳоли вакиллари ҳам фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди. Фуқаролар томонидан билирилаётган қатор таклифлар асосида Конституциянинг 27-моддасига киритилаётган қўшимчаларга кўра,  шахсий ҳаёт дахлсизлигига оид нормалар кучайтириляпти. Шунингдек, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги, ҳар бир шахс ёзишмаларни, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни, почта-телеграф жўнатмаларини ҳамда бошқа хабарларни амалга ошириш эркинлиги ва уларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эгалиги таъкидлаб ўтилди.  

Семинар якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Жасур Қаюмов,

Тошкент вилояти адлия

бошқармаси бўлим бошлиғи