Қонунчилик ҳужжатларининг ижросини қатъий таъминлаш эса давлат бошқаруви самарасига таъсир этмай қолмайди, албатта. “Иш боши – интизом” деганларидек, интизом бор жойда самара бор, натижа бор. Қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ташкил этиш ва самарали мониторинг тизимини яратиш, белгиланган марраларга эришиш бўйича барча даражадаги раҳбарларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 10 февралида Президентимизнинг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унда қонунчилик ҳужжатлари ва Президент топшириқларининг сўзсиз, ўз вақтида ва самарали ижро этилиши учун мутасаддиларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб берилди, бунда ижро интизомини мустаҳкамлашнинг бир нечта устувор вазифаларига эътибор қаратилди. Дастлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича қатъий назоратни ташкил этиш, тегишли экспертизаларни ўтказиш, шунингдек, ваколатли органлар билан ўз вақтида келишиш муҳим бўлса, кейинги вазифа қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларини бевосита ижрочиларга тезкор етказиш, жумладан, кенг жамоатчилик ва аҳолига эришилаётган натижалар ва белгиланган мақсадларни тушунтириш бўйича комплекс чоралар кўришдир.
“ЖАМИЯТДА ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ”
Конституциявий-ҳуқуқий маданият жамият умумий ҳуқуқий маданиятининг муҳим таркибий қисми, унинг алоҳида шакли тарзида майдонга чиқади. Айни вақтда, жамиятнинг ҳуқуқий маданияти шу жамиятда ҳаракатда бўлган қонунлар билан, айниқса, Асосий қонун – Конституция билан, бевосита алоқадорликда намоён бўлади. Давлатимиз раҳбари ҳуқуқий маданият мавзусига алоҳида эътибор қаратиб, 2019 йил 9 январдаги фармони билан “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Концепцияси”ни тасдиқлаганлиги ҳам фикримизнинг жонли далилидир.
Конституциявий маданият Конституцияга мослик, конституциявий қадриятлар, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳақидаги билимларнинг оддийгина йиғиндиси эмас, балки бу билимларга муносабатдир: яъни, улар ҳаёт ва фаолиятнинг регуляторига (тартибга солувчи омилига) айландими ёки йўқми? Мана шу билимларга, маънавий бойликка ижобий муносабат шакллансагина, конституциявий маданият мавжудлиги ҳақида гапириш мумкин. Зеро, конституциявий маданият инсон ва жамият ҳаётида ижодий ва тартибга солувчи роль ўйнайди. Бундай маданият асосини юксак ривож топган конституциявий-ҳуқуқий онг ташкил этади. Шу билан бирга, жамият аъзоларида, давлат органлари, мансабдор шахслар ва фуқаролик жамияти тузилмаларида муайян конституциявий тафаккур, конституциявий дунёқараш қарор топиши лозим.
Юртимизда ижобий конституциявий маданият шаклланганлиги, биртомондан, конституция нормаларини қўлловчи органлар, мансабдор шахслар, ижтимоий тузилмаларнинг рисоладагидек фаолиятида, иккинчи томондан, Конституция ва қонунларнинг муҳофаза механизмлари, мутасадди идоралар ва шахсларнинг ижрочилик интизомида намоён бўлади.
“IJRO.GOV.UZ” ЯГОНА ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИ ҚАНДАЙ МЕХАНИЗМ АСОСИДА ИШЛАЙДИ?
Самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш жараёнида ҳар бир ходим ўз зиммасидаги вазифаларни виждонан, сифатли ва масъулият билан бажариши муҳим аҳамият касб этади. Шу боис замонавий бошқарув услубларини амалиётга жорий этиш, назоратни амалга ошириш шаклларини такомиллаштириш ва белгиланган вазифалар бажарилишини таъминлаш борасида давлат органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш бўйича қатъий талаблар ва баҳолаш мезонлари кучайтирилмоқда. Ижро интизоми тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янги механизмларни жорий этиш бўйича ишларни ташкил қилишда Президентнинг юқорида қайд этилган фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асос бўлди.
Аввало, келиб тушаётган барча топшириқ ва мурожаатлар уларнинг ижрочиларга етказилишидан тортиб ижро этилишига қадар доимий назоратни таъминлаш мақсадида тўлиқ электрон форматга ўтказилди. Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг барвақт ижросини таъминлашда назорат режалари ишлаб чиқиш, ижрочиларнинг топшириқлар устида бир вақтнинг ўзида ишлашини мувофиқлаштириш, марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмаларда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларни ижро этиш жараёнининг кунлик мониторингини амалга ошириш ҳамда бошқа давлат органлари билан маълумотлар ва ахборотлар тезкор алмашувини йўлга қўйиш каби босқичлардан иборат аниқ механизм жорийланди.
“ТЕХНОЛОГИК ЗАНЖИР” НИМА?
Умуман айтганда, янги ижро интизоми тизими жорий қилинишининг тезкор самараси барча вазирлик, давлат қўмиталари ва ҳокимликлар фаолиятида бевосита намоён бўлмоқда. Бунга эришишнинг асосий омилларидан бири ижро интизомини мустаҳкамлашда ягона ва узлуксиз “технологик занжир”нинг яратилиши катта аҳамият касб этди. Қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ҳар томонлама пухта ҳамда профессионал даражада тайёрлашдан тортиб улар ижросини самарали ва режали ташкил қилиш, уларнинг бажарилиш ҳолатини мақсадли ўрганиш ва аниқланган камчиликлар бўйича таъсирчан чоралар кўришгача жараёнлар “технологик занжир”нинг устувор вазифалари этиб белгиланди. Вазифалар қаторига барча давлат бошқарув органлари раҳбарияти ва ходимлари шахсий масъулиятини белгилаш ҳамда ижрони ўз вақтида таъминламаган раҳбар ва ходимларга нисбатан қатъий интизомий чораларни қўллаш кабиларнинг киритилиши унинг аҳамиятини янада оширади.
Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, қарор, фармойиш ва топшириқлари ижросини назорат қилишнинг янги тизими жорий этилгани муҳим жараёндир. Барча давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи органлар “ijro.gov.uz” ижро интизомини мониторинг қилувчи идоралараро ягона электрон тизимига уланди.
Қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича ўрнатилган янги ўзаро ҳамкорлик тизимига мувофиқ, давлат бошқаруви органлари ўз ишини беш босқичда амалга оширади.
Биринчи босқичда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг электрон нусхалари Ўзбекистон республикаси Президенти Администрацияси томонидан “ijro.gov.uz” тизими орқали Адлия вазирлигига юборилади. Кейин Адлия вазирлиги “ijro.gov.uz” тизимида ижро муддатлари ва масъул шахсларни қабул қилган ҳужжатларига мувофиқ белгилайди.
Ундан кейинги босқичда ушбу вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлаш мақсадида масъул ижрочилар ҳар бир вазифани амалга оширишнинг аниқ механизмларини белгилаб, “Йўл харита”ларни тайёрлайди, давлат органлари раҳбариятига тасдиқлатиб, амалиётга жорий қилади. Тегишли ҳужжатга мувофиқ ижроси таъминланган топшириқ натижалари масъул ижрочилар томонидан “ijro.gov.uz” тизимига киритилади. Адлия вазирлиги натижаларни кўриб чиқади, ижро натижалари қониқарсиз бўлганда улар қайта ишлашга юборилади. Белгиланган вазифалар сифатли бажарилса, ижро ҳолати “ijro.gov.uz” тизимида тасдиқланади. Охирги босқичда Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси топшириқлар ижро этилиши даражасини кўриб чиқади ва амалга оширилган ишлар натижаларини тасдиқлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилади.
ИЖТИМОИЙ ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ ИЖРО ИНТИЗОМИДА
Президентимизнинг 2021 йил 22 июлдаги “Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорида сифат жиҳатидан янги босқичда давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий жавобгарлиги масалалари белгиланди ва уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг янги тизими жорий этилди. Ушбу қарорга кўра, вазирликда вазир ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларини халқаро усул ва тамойиллар – КРI (Key Performance Indicator – асосий ишлаш кўрсаткичи) асосида бажаришни тизимли назорат қилиш йўлга қўйилди.
Шундай қилиб, барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида конституциявий қонунийликни, қатъий ижрочилик интизомини собитқадимлик билан таъминлаш, жамият аъзоларини конституциявийлик руҳида тарбиялаш, уларни ижобий-ҳуқуқий хулқ-атвор ва конституциявий маданият соҳибларига айлантириш нафақат Конституцияга чексиз ҳурматни шакллантиради, балки илғор ижтимоий тараққиётнинг гарови бўлиб хизмат қилади. Давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасидаги муносабатлар конституциявий бўлишини, конституциявий қонунийчилик қарор топишини таъминлайди. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг конституциявий маданиятини шакллантиради.
Ҳожимурод ОДИЛҚОРИЕВ,
Тошкент давлат педагогика университети бўлим бошлиғи
юридик фанлари доктори, профессор