Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Бухоро вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Ж. миграция соҳасида ишловчи танишлари орқали фуқарони Кореяга юборишини айтиб, 7 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Андижон вилоятида эса “N.K.” нодавлат таълим муассасаси раҳбари С.Э. юқори лавозимдаги танишлари орқали хорижий давлат бакалавр дипломини олиб бериш ва Кореяга ишчи визаси расмийлаштиришни ваъда қилиб, 6 минг АҚШ доллари ҳамда 3 миллион сўм талаб қилган. У маблағнинг бир қисми — 500 доллар ва 3 миллион сўмни олган вақтида қўлга олинган.
Терговга қадар текширув жараёнида С.Э. яна 14 нафар фуқародан Кореяга ишчи виза олиб бериш баҳонасида жами 44,1 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олгани аниқланган.
Наманган вилоятидаги тезкор тадбирда “G.V.” МЧЖ раҳбари А.В. икки нафар фуқарони Кореядаги олий таълим муассасаси магистратурасига ўқишга киритиш ва иш билан таъминлашни ваъда қилиб, 11 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Сурхондарё вилоятида эса фуқаро Ф.Р. бошқа бир шахсни 10 минг АҚШ доллари эвазига Кореяга ишга жўнатишини айтиб, маблағнинг бир қисми сифатида 5 минг АҚШ доллари ва 61 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора беришга доир моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.