Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Корея консорциумининг инвестиция лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ҳужжатга мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизимида юқори технологияларни қўллаш, тиббиёт соҳасида замонавий илмий ишланмалар ва илғор Корея тажрибасини жорий қилиш, халқаро даражадаги талабларга жавоб берувчи юқори малакали мутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш учун зарур шароитларни яратиш ва Ўзбекистон Республикасида тиббий туризмни ривожлантиришга асосланган тиббий хизмат кўрсатишнинг сифатли тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Хусусан, Uclone&SNS Korea Inc, KIND бизнес гуруҳи, KDBank акциядорлик гуруҳи, Shinhan Bank, K-Exim Bank, Кореянинг Чунг-Анг университети таъсисчилигида Корея консорциумининг тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Лойиҳа асосида Тошкент шаҳрида 400 ўринли, кунига 3 500 амбулатор ташрифга мўлжалланган Тиббиёт маркази, шунингдек, қуввати 2 400 талаба (бакалавр, магистр)га таълим беришга мўлжалланган Корея тиббиёт университетининг филиалини ўз ичига олган умумий қиймати 135,2 миллион доллар бўлган тиббиёт кластери ташкил этилади.
Лойиҳада белгиланишича, тиббиёт кластерини қуриш ва фойдаланишга топшириш BLT (build-lease-transfer) «қурилиш – ижара – топшириш» платформаси асосида амалга оширилади ва 25 йилга мўлжалланади, шундан сўнг лойиҳа ўзбек тарафининг Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошқарувига ўтказилади.
Мазкур тиббиёт кластери қурилиши учун Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида 4,8 гектар бўлган ер участкаси ажратиш назарда тутилган, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ҳужжатда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида объектнинг қурилиши даврида ускуналар, хомашё ва материаллар, машина ва механизмлар, махсус транспорт воситалари, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи маҳсулотлар ва техник қурилмалар, буюмлар ва асбоб-ускуналар, дастурий таъминотларни олиб киришда инвестор ва унинг субпудрат ташкилотлари бир қатор божхона ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиши белгиланган.
Шунингдек, республикада тегишли аккредитациядан ўтган синов лабораториялари мавжуд бўлмаган тақдирда импорт қилинаётган материаллар, ускуналар, машина ва механизмлар, бутловчи маҳсулотлар ва техник қурилмалар, технологик жиҳозлар, эҳтиёт қисмлар, асбоблар мажбурий сертификатлашдан озод қилиниши ҳам белгиланган.