Мулоқотда Корея Республикаси томонидан “Hyundai Engineering CO. Ltd” компанияси инфраструктура бўлими катта менежери Ким Хюнг Гю, бўлим менежери Йео Ганг Йеоп ва “Saman Corporation” компанияси бошқарув директори ва бош муҳандиси Бюн Ки Санг иштирок этди. Музокаралар давомида томонлар коммунал соҳада ДХШ лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Aгентлик раҳбарияти иштирокчиларга дастлаб, ДХШ соҳасидаги қонунчилик ва унга киритилган янги ўзгаришлар, ҳозирги кунда амалга оширилаётган ДХШ лойиҳалари тўғрисида маълумот берди.
Меҳмонлар бугунги кунда пойтахтимизда хусусий ташаббус билан амалга оширилаётган Салар ва Бектемир канализация тозалаш иншоотлари лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишнинг хозирги холати ҳақида маълумот тақдим этишди. Ушбу лойиҳа доирасида кунига 200 минг тонна оқава сувни тозалаш имконияти яратилади. Лойиҳанинг дастлабки қиймати тахминан 200 миллион долларни ташкил этади. Дастлабки техник-иқтисодий асослаш ҳужжати 2021 йил июлда тайёр бўлиши кутилмоқда, шундан сўнг лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари устида ишлаш бошланади.
Шунингдек, Aгентлик вакилллари иштирокчиларга коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги яна бир истиқболли лойиҳа - Наманган шаҳридаги канализация тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ишлари тўғрисида маълумот берди. Айни кунда ушбу лойиҳа бўйича тендер жараёнларининг иккинчи босқичи давом этмоқда.
Корея компаниялари вакиллари Ўзбекистонда ДХШ лойиҳаларини амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланган Давлат-хусусий шериклини ривожлантириш агентлигига мамлакатда ДХШни ривожлантиришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.