Учрашувда божхона соҳасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, амалий ҳамкорлик лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этишга бўлган ўзаро қизиқиш қайд этилди.
Жумладан, томонлар Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси делегациясини Сеулга амалий ташрифини ташкил этиш, шунингдек, божхона органларини стратегик ривожлантириш ва божхона бошқарувини такомиллаштириш бўйича маслаҳат бериш учун Ўзбекистонга Жанубий Корея божхона хизмати мутахассисларини жалб этиш бўйича иш бошлашга тайёрлигини билдирди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Корея Республикаси божхона хизмати 10 та мамлакатда электрон божхона тизимларини яратишда қатнашиб, 14 та давлатда божхона бошқарувини модернизация қилишга кўмаклашган.
Бундан ташқари, мезбонлар Корея Республикаси Божхона ва чегара назорати ўқув институтида Ўзбекистон давлат божхона хизмати органлари ходимлари учун ўқув курсларини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, томонлар Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитасининг Божхона институти ва Жанубий Корея Божхона ва чегара назорати ўқув институти ўртасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, педагог кадрлар малакасини ошириш, ўқув дастурлари ва талабалар алмашинуви бўйича ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Меморандум имзолаш бўйича келишиб олди, деб хабар беради «Дунё» АА.