Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан «Олтин дафтар»га киритилган мамлакатимизда инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқчи бўлган Корея Республикасидаги сирдарёлик ватандошлар ҳамда Сирдарё вилояти ва туманлари ҳокимликлари вакиллари ўртасида видеомулоқот ўтказилди.

Онлайн-мулоқот Сирдарё вилояти ва туман ҳокимликлари ҳамда Жанубий Кореяда меҳнат қилаётган юртдошларимиз билан уларнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан мавжуд масалаларни биргаликда муҳокама қилиш ва амалий вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда ватандошларимиз саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар юзасидан фикр алмашди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Вилоят ҳокимлиги вакиллари сармоядор ватандошларга мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар, жумладан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташкил этиш ҳамда таклиф этилаётган лойиҳаларни амалга ошириш учун ер майдони, бино ва иншоотларни ажратиш тартиблари тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида, юртдошларимиз қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур дастгоҳларни сотиб олиш ва етказиш бўйича тегишли шартномаларни имзолаш ишларини олиб бораётганлиги ҳамда янги иш ўринлари яратишга эътибор қаратаётганлигини маълум қилди.

Мулоқотда ушбу лойиҳаларни татбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳудудий бошқарув органлари томонидан тегишли мутасадди вакиллар белгиланди ва ҳамкорликни жадал олиб бориш бўйича режалар аниқлаб олинди, деб хабар беради «Дунё».