Учрашув аввалида Уюшма раҳбарияти хорижлик тадбиркорга мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик саноатига оид қонунчиликдаги сўнги ўзгаришлар, инвесторларга яратилаётган шароитлар ва берилаётган имтиёзлар ҳақида маълумот тақдим этди. Ўз навбатида жаноб Ким Хюнхеюи бугунги кунда Ўзбекистон чарм-пойабзал саноатида ўсиш динамикаси кузатилаётгани, шу боис Корея компанияси мамлакатимизга сармоя киритишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

«Selen CO LTD» компанияси раҳбари «Навоий» ЭИЗ ҳудудида «NAV SILIN» МЧЖ ҚК янги корхонасини ташкил этиш бўйича ташаббусни илгари сурди. Янги лойиҳа фаолияти асосан синтетик ип ишлаб чиқаришга йўналтирилади. Лойиҳа қиймати 6 миллион долларни ташкил этади. Бу ерда йилига 120 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. Янги қўшма корхонани 2023 йилда фойдаланишга топшириш кутиляпти. Натижада 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

«Ўзчармсаноат» уюшмаси Корея компанияси ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича амалий ва ташкилий масалаларда ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди. Учрашувда янги қўшма корхонани барпо этиш ва фойдаланишга топшириш бўйича ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилиб олинди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.