Хўш, бунинг асосий сабаблари нимада? Ҳомиладор аёлларда коронавирусни даволашда нималарга эътибор қаратиш зарур? «COVID-19»га чалинган она гўдагини кўкрак сути билан озиқлантириши мумкинми?
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Камола Солиҳова ушбу мавзу юзасидан батафсил маълумот берди:
— Бугунги кунда ҳомиладор аёлларда коронавирус инфекцияси қандай клиник кўринишларда кечиши, бу шароитда ҳомила ўзини қандай ҳис қилаётгани борасида нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда чуқур таҳлиллар олиб борилмоқда, — дейди К.Солиҳова — Шу маънода биз ҳам мазкур йўналишдаги илмий изланишларимизни хориж тажрибаси билан таққослаб, ўзимиз учун тегишли хулосалар чиқармоқдамиз.
Таъкидлаш лозимки, коронавирус жуда юқумли касаллик ҳисобланиб, ҳомиладор аёлларда оддий инсонларга қараганда уни юқтиришга мойиллик юқори. Бунинг сабаби эса бўлажак оналарда ҳомиладорлик туфайли иммунитет пасайишидир. Бироқ агар улар ўзларини мунтазам равишда парвариш қилиб борса, гигиена қоидаларига қатъий риоя этса, касалликдан ҳимояланадилар.
Инфекция юққанда бошқаларда бўлгани каби ҳомиладор аёлларда ҳам қуруқ йўтал, мушакларда оғриқ, ҳароратнинг кўтарилиши, иштаҳанинг йўқлиги, ҳолсизлик, оғир ҳолатларда эса нафас қисиши кузатилиши мумкин.
— Коронавирусга чалинган онадан касаллик туғилажак болага ўтадими?
— Сўнгги хулосаларга кўра, коронавирус йўлдош тўсиғи орқали ўта олмайди ва шу туфайли ҳомила ушбу касалликдан ҳимояланади. Бу жиҳатдан инфекция ҳомиладор аёллар учун гриппга қараганда камроқ хавфли ҳисобланади. Яъни, туғилган гўдакка дунёга келганидан кейин коронавирус юқмаса, у бола соғлом дунёга келади.
Бироқ шундай бўлсада, шифокор сифатида она бўлишни режалаштираётган аёлларимизга ҳомиладорликдан аввал «COVID-19»га қарши эмланишларини тавсия қиламан. Бу билан улар нафақат ўзлари, балки туғилажак фарзандини ҳам коронавирус инфекциясидан асрайди.
— «COVID-19»га чалинган она гўдагини кўкрак сути билан озиқлантириши мумкинми?
— Маълумки, она сути гўдак учун энг табиий ва мақбул озуқа ҳисобланади. Боиси, унинг таркибида чақалоқнинг соғлом ўсиши учун зарур бўлган барча микро ва макро элементлардан ташқари уни турли юқумли касалликлардан ҳимояловчи антитаначалар мавжуд. Яъни, бу озуқа болада иммунитет тизимининг шаклланишида қатнашади. Она сутидаги иммуноглобулинлар янги туғилган чақалоқни турли инфекциялардан ҳимоя қилади, онадан болага иммунитет ўтишини таъминлайди.
Шу боис, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусга чалинган онанинг ҳолатига қараб, гўдакни эмизишга рухсат беришни тавсия этади. Лекин, шуни ёддан чиқармаслик лозимки, вирус онадан болага асосан ҳаво-томчи ҳамда тўғридан-тўғри мулоқот йўли орқали юқиши боис, оналар чақалоқларни парваришлаш ва эмизиш жараёнида тиббий ниқобдан фойдаланишлари, уни ишлатишдан олдин ва кейин қўлларни яхшилаб ювишлари ҳамда хонадаги барча буюмларни хлорли эритма билан мунтазам равишда дезинфекция қилишлари лозим.
Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.