— Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бу мавзуда йиғилишлар ўтказилган, лекин ҳали бирор жойда илмий анжуман ташкил этилгани йўқ. Ўзбекистон бу борада биринчи бўлди, — деди конференцияда онлайн иштирок этаётган Ҳарвард университети (АҚШ) профессори Рафаил Кушак. — Юртингизда коронавирусдан ҳимояланиш, инфекция тарқалишининг олдини олиш, унинг аҳоли саломатлиги, ижтимоий-иқтисодий соҳаларга салбий таъсирини камайтириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хизмати бошлиғининг ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, вирусли касалликларнинг ушбу янги тури инсоният учун синов бўлиб, айни пайтда дунё халқларларига ўз имкониятларини тўғри баҳолашга туртки бўлди.
Ушбу нуфузли йирик тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Тошкент тиббиёт академияси, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедраси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда жаҳоннинг 20 дан ортиқ давлатларидан етук мутахассислар, юртимиз ва хорижнинг ўнлаб фармацевтика компаниялари иштирок этмоқда.
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, юқумли касалликларнинг 80 фоизини вирусли касалликлар ташкил этади, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессори, академик Бакриддин Зарипов. — Юқумли касалликлар коронавирусга ўхшаш янги турлари пайдо бўлаётгани нафақат соғлиқни сақлаш ходимлари, балки илмий жамоатчилик, айниқса, физиолог олимларни изланишга, “янгидан пайдо бўлаётган”, “қайтаётган” сифатига мансуб касаллкиларни бартарф этишга хизмат қиладиган илмий-тадқиқодлар олиб боришга ундамоқда.
Бугунги конференцияда коронавируснинг биологияси, физиологияси ва бу касалликнинг олдини олиш йўллари бўйича амалга оширилган илмий ишлар якунлари муҳокама қилиняпти. Қувонарлиси, улар орасидан энг мақбулларини амалиётга татбиқ қилиш масалалари ҳам кўриб чиқиляпти.
Долзарб мавзуларда маърузалар ўқиётган чет эллик экспертлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш, инфекция занжирини узиш, беморларни даволаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича Ўзбекистонда кўплаб ижобий ютуқлар қўлга киритилганини эътироф этишмоқда. Айниқса, полимераза занжир реакцияси усулида таҳлил ўтказишга ихтисослашган вирусологик лабораториялар тизими фаолияти йўлга қўйилгани, касалликка қарши эмлаш жараёнида аҳолига вакцинани танлаш имконияти яратилгани юқори баҳоланди.