Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда ва бу борадаги саъй-ҳаракатлар қатъий, ортга қайтмас тус олган.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни”га бағишланган “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирда коррупция давлат ва жамият фаровонлиги учун энг жиддий хавф-хатарлардан бири экани қайд этилиб, ушбу иллат келтириб чиқарадиган оқибатлар аниқ мисоллар орқали таҳлил қилинди. Шунингдек, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала бўлиб, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизнинг келажагини ва обрў-эътиборини қадрлайдиган ҳар бир фуқаро коррупция таҳдидининг зарарли оқибатларини доимо эсда тутмоғи ва унга қарши курашмоғи шарт.
Алишер Назаров,
Тошкент давлат шарқшунослик университети
Коррупцияга қарши курашиш “Комплаенс назорат” тизимини
бошқариш бўлими бошлиғи