Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фаровонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ислоҳотларнинг натижадорлиги эса жамиятда қонунийликнинг тўла таъминланиши, коррупциядан холи муҳит яратилишига бевосита боғлиқ. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов бу — коррупция.
Коррупция кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган, фақат бир мамлакатга хос қусур эмас. Бу иллат барча давлат ва жамиятлар ҳаётига дахл қиладиган глобал ҳодисага айланган. Бинобарин, коррупциянинг олдини олиш ва унга буткул барҳам бериш барча давлатларнинг биринчи даражадаги вазифасидир.
Тараққиётимизнинг янги босқичида коррупцияга қарши курашишга жиддий киришилди. Ҳатто коррупцияга қарши курашишга доир қонун ҳам бўлмаган бир шароитда Президентимиз бутун жамиятни бу иллатга қарши курашга сафарбар қилди.
Қисқа даврда ушбу йўналишда ҳуқуқий асослар ва аниқ тизим яратилди, барча ташкилий масалалар ҳал қилинди. 80 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат, хусусан, 5 та қонун, 30 дан ортиқ фармон ва қарор, 4 та давлат дастури қабул қилинди.
Парламент палаталарида бевосита шу масала билан шуғулланувчи махсус қўмиталар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида доимий комиссиялар, барча идоралар ишини мувофиқлаштирувчи Миллий кенгаш, махсус ваколатли давлат органи — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Давлат бошқаруви тизими, давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомиллари тубдан такомиллаштирилди. Барча давлат идораларининг очиқ ва шаффоф фаолият юритишига эришилди.
“Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳалари, “Комплаенс назорат”, “Жамоатчилик назорати” каби мутлақо янгича механизмлар жорий этилгани ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш ва очиқлик борасидаги ишлари самарадорлигини рейтинг баҳолаш, коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш тизимлари йўлга қўйилди.
Аҳамиятли жиҳати, коррупцияга қарши курашишга нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки барча вазирлик ва идоралар, кенг жамоатчилик тўлиқ жалб қилинди. Айниқса, оммавий ахборот воситаларининг бу борадаги ўрни ва таъсири ортиб бораётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда коррупцияга қарши кураш умуммиллий ҳаракатга айланди. Натижалар кўлами ҳақида эса узоқ гапириш мумкин. Буни халқимиз ҳам, халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.
Сўнгги эълон қилинган “Open data inventory” очиқ маълумотлар рейтингида Ўзбекистон 15 поғона кўтарилиб, жаҳон бўйича 30-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.
Бироқ коррупцияга қарши кураш жараёни муайян вақт билан белгиланмайди, унга муросасизлик муносабати доимий саъй-ҳаракатларни талаб қилади. Зеро, шиддатли ўзгаришлар асри бўлган ҳозирги даврда, афсуски, коррупциянинг янгидан янги кўринишлари, мураккаб схемалари пайдо бўлмоқда, географияси ҳам кенгаймоқда.
Биргина ўтган йилда коррупциявий қилмишлари учун 4906 мансабдор жавобгарликка тортилгани, улардан 2,3 триллион сўм зарар ундириб олингани ҳам ҳали муаммолар борлигини кўрсатмоқда.
Бу эса коррупциянинг фақат оқибати билан курашиш эмас, унга имкон берган сабаб ва омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чораларни кучайтириш лозимлигини англатади. Зотан, коррупцияга қарши миллий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга оширишдир.
Халқаро экспертлар фикрича, бу иллатни фақат қонунлар қабул қилиш ва жазо чораларини кучайтириш билангина бартараф этиб бўлмайди. Бунинг учун жамоатчилик назоратини кучайтириш ва жамиятнинг коррупцияга қарши маънавий иммунитетини ошириш ҳам зарур.
Шу нуқтаи назардан, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг жорий йил 5 март куни Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган йиғилиши бу борадаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Қолаверса, мазкур тадбир жаҳон миқёсида Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини яна бир бор кўрсатиб берди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича илгари сурган ташаббуслари ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратди.
Албатта, давлат ва жамият ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда прокуратура органлари олдига ҳам муҳим вазифалар қўйилди. Шундан келиб чиқиб, прокуратура органларининг бу борадаги ишини қайта кўриб чиқдик. Алоҳида фармойиш қабул қилиб, прокуратура органларининг энг қуйидан юқоригача бўлган бутун тизимида кучайтирилган иш тартиби жорий қилдик.
Бу масалаларга барча даражадаги прокурорларнинг шахсан масъуллиги ва жавобгарлигини белгиладик, Бош прокурор раҳбарлигида Мувофиқлаштирувчи штаб ҳам ташкил этилди.
Умуман, мазкур йиғилишда берилган кўрсатмаларга мувофиқ, давлат ва жамият ҳаётида юзага келаётган коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича мутлақо янги тизимни йўлга қўйдик.
Биринчидан, бутун саъй-ҳаракатларимизни коррупциянинг оқибатлари билан курашишга эмас, аввало, чуқур ўрганиш ва таҳлиллар асосида уларни келтириб чиқараётган омилларни аниқлаш ҳамда таг-томири билан бартараф этишга, қисқаси, превентив чораларга йўналтирдик.
Шу мақсадда Бош прокуратуранинг раҳбар ходимлари ҳар бир вазирлик ва идораларга масъул этиб бириктирилди. Қисқа муддатда прокуратура органлари ходимлари томонидан 70 га яқин вазирлик ва идораларда, уларнинг барча бўғинида мутасаддиларни тўлиқ жалб қилган ҳолда соҳадаги коррупциявий омиллар бирма-бир муҳокама қилинди. Натижада ҳар бир вазирлик ва идора бўйича уларнинг энг қуйи бўғинини ҳам қамраб олган ҳолда аниқ ва манзилли чораларни назарда тутган алоҳида “йўл хариталари” ишлаб чиқилди.
Қисқа муддатда 10 дан ортиқ соҳада маиший ва тизимли коррупциявий омиллар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича 20 га яқин аниқ таклифлар тайёрланди. Мисол учун, мамлакатда биргина 2024 йилда 3531 гектар ер талон-тарож қилингани, қишлоқ хўжалиги ерига 227,6 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланиб, бу ҳолатлар бўйича 1854 та жиноят иши қўзғатилган.
Ўтказилган таҳлилларда мазкур қонун бузилиши ҳолатларининг келиб чиқишига аксарият ҳолларда коррупция аралашгани маълум бўлди. Шу боис, соҳадаги коррупциявий омилларни бартараф қилиш учун тегишли қарор лойиҳасини тайёрладик. Унда барча ваколатли идораларни “Е-YER NAZORAT” дастурига интеграция қилиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ердан фойдаланиш ҳолатини ҳар йили икки маротаба инсон омилисиз аэрокосмик мониторингдан ўтказиш, аниқланган қонунбузарликлар юзасидан реал вақт режимида назорат идораларига маълумот юбориш тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бундан буён прокурорлар қонунчилик ижроси бўйича ўтказиладиган ҳар қандай назорат тадбирида тизимли қонунбузилишлар билан бирга коррупциявий омилларни ҳам аниқлаш ва бартараф қилишга алоҳида эътибор қаратади.
Иккинчидан, миллий парламент ҳамда маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорлигимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, коррупция омилларини бартараф этиш ва бевосита раҳбарларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини оширишда кенгашлар имкониятидан кенг фойдаланишга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Миллий парламентимиз билан ҳамкорликда коррупция кўп кузатилаётган соҳа ва ҳудудлар бўйича чуқур таҳлиллар ўтказиб, бевосита вазирлик ва идораларнинг ҳайъат йиғилишларида ҳамда Миллий кенгашда танқидий муҳокамалар ўтказиш тизимини йўлга қўйганмиз.
2024 йилнинг ўзида 10 дан ортиқ вазирлик ва идора, маҳаллий ҳокимликлар тизимида ўтказган таҳлилларимиз натижаси Миллий кенгашда кўриб чиқилиб, манзилли чора-тадбирлар ижрога қаратилди.
Шунингдек, назорат ва тергов фаолиятида аниқланаётган муаммолар ҳамда коррупциявий омилларни бартараф қилиш юзасидан парламент ва ҳукуматга 100 дан ортиқ ахборот ва норматив ҳужжат лойиҳаларини киритдик.
Коррупциявий жиноятлар аксарият ҳолларда маҳаллий даражада, яъни туман ва маҳалла миқёсида содир этилмоқда. Шу боис, парламент қўмиталари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда республика идоралараро ишчи гуруҳлари тузилиб, энг чекка маҳаллагача, ҳар бир соҳанинг қуйи бўғинигача тушиб, коррупциянинг илдизларини аниқлаш ва бартараф этиш чораси кўрилмоқда.
Ишчи гуруҳлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Андижон ва Фарғона вилоятларида ўрганишлар амалга оширилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар йиғилиши ўтказилди ҳамда зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Учинчидан, кўп бора таъкидланганидек, коррупциянинг олдини олишнинг энг қулай ва самарали йўлларидан бири рақамлаштиришдир.
“Шаффоф қурилиш” тизими кўплаб бюрократик тўсиқларни бартараф қилиш, қонунбузарликларни барвақт тўхтатишга имкон бермоқда.
Ўтган йили бу тизим орқали қурилиш лойиҳаларига 3,7 триллион сўм ортиқча киритилгани, шунингдек, 63 миллиард сўмлик сифатсиз ишлар ва 83 миллиард сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатларини аниқлаб, талон-тарожнинг олдини олишга эришдик.
Ёқилғи-энергетика соҳасида жорий қилинган “Энергоназорат” тизими, “АСКУЭ” ва “АСКУГ” дастурларининг такомиллаштирилиши ҳам қонунийликни таъминлаш, талон-тарож омилларини аниқлашга хизмат қилмоқда.
2024 йили бу тизимлар орқали газ ва электр ўғирлиги билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар ҳамда коррупциявий схемалар фош этилгани шундан далолат беради.
Умуман, бугунги хавф-хатарларга қарши самарали курашиш учун, аввало, ҳуқуқ-тартибот идораларнинг ишини замонга мос равишда ташкил қилиш, фаолиятга ахборот технологиялари ва илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш тақозо қилинади. Шу боис, хорижий давлатлар, жумладан, Қатарнинг рақамлаштиришга доир ижобий тажрибасини бевосита жойида ўргандик. Айниқса, ушбу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятидаги замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ютуқлари бизда катта қизиқиш уйғотди.
Ўрганиш натижалари асосида фаолиятимизни тўлиқ рақамлаштиришга доир ҳужжат лойиҳасини ҳам тайёрладик.
Тўртинчидан, ислоҳотлар доирасида мамлакатда қулай бизнес ва инвестициявий муҳит яратиш, тадбиркор ва инвесторлар ҳуқуқларини кафолатли ҳимоялаш чоралари изчил кўриб борилмоқда.
Жиноятчиликдан холи, тинч ва осойишта масканда тадбиркорлик ривожланади, инвесторлар ҳам сармоясини ана шундай хавфсиз ҳудудга киритади.
Прокуратура органлари бу масалага ҳар доим жиддий эътибор қаратиб келган.
Ўтган йили прокуратура органлари томонидан тадбиркорлар, жумладан, инвесторлар фаолиятига ноқонуний аралашув ва турли бюрократик тўсиқлар билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланиб, бартараф этилгани, юзлаб субъектнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилгани ҳам шундан далолат.
Йиғилишда берилган топшириқлар асосида аҳоли ва тадбиркорлар, жумладан, инвесторларни коррупциявий тажовузлардан ҳимоялаш, бундай хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш тизимини янги механизмлар асосида тубдан такомиллаштирдик.
Хусусан, коррупциявий ҳолатларга зудлик билан муносабат билдириш мақсадида Бош прокуратурага тезкор хабар бериш имкониятига эга, туну кун ишлайдиган “1161” рақамли “ишонч телефони” ва “@bpantikoruz_bot” телеграм боти ишга туширилди.
Бу ҳақда аҳоли гавжум жойлар, жумладан, аэропорт, темир йўл ва автовокзаллар, реклама мониторларида махсус роликлар намойиш этилмоқда.
Қисқа муддатда, яъни 10-25 март кунлари мазкур тизим орқали 275 та ариза ва хабар қабул қилинди ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.
Бешинчидан, коррупцияга қарши курашишга оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ҳам қатор вазифалар олдимизга қўйилди.
Дарҳақиқат, қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этиш соҳалардаги тизимли муаммолар ечимига ҳуқуқий асос бўлади. Шу боис, Миллий кенгаш йиғилишида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича белгилаб берилган аниқ йўналишларда хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда ишлар жадал бажарилмоқда.
Олтинчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борадаги фаолиятимизни ҳам янги босқичга олиб чиқиш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг “Виртуал академия” платформасида алоҳида дастурлар яратиб, ўқувчи ва талабаларни ўқитиш орқали коррупцияга қарши иммунитетни ёшликдан шакллантиришга эътибор қаратилмоқда.
Прокуратура органлари томонидан аҳоли ва давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларга “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билим ва кўникмасини оширишга ҳам кундалик вазифа сифатида қаралмоқда.
Ушбу йўналишда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида махсус ўқув дастурларини ташкил этиб, давлат хизматчиларини ўқитиш, малакаси ва маънавиятини ошириш тизимини йўлга қўйдик. Ушбу тизим асосида 95 мингдан ортиқ давлат хизматчиси ўқитилди.
Еттинчидан, коррупциявий омилларга ташхис қўйишда илмий-амалий ёндашув муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳам Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида илмий мактаб пойдевори яратилган, жумладан, коррупция муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича алоҳида илмий марказ, магистратура йўналиши ҳамда илмий кенгаш фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, қатарлик ҳамкорларимиз билан Коррупция муаммолари тадқиқот маркази ташкил қилинмоқда.
Яна бир масала. Қилинган ишларни жамоатчиликка етказиш, умуман, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари асосида ишимизни янада самарали ташкил қилиш чораларига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Шу мақсадда “Жамиятимизни коррупциядан биргаликда халос этайлик!” шиори остида 33 банддан иборат медиа-режа ишлаб чиқиб, ижрога қаратдик. Жорий йил 25 март куни Бош прокурорнинг мамлакатимиз аҳолисига мурожаати ҳам эълон қилинди.
Умуман олганда, бундан буён барча куч ва воситаларимиз коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилинади.
Бу борада давлат ва нодавлат тузилмалари, ҳокимликлар, кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқамиз, жамиятнинг барча қатлами салоҳиятини бирлаштириш йўлидан борамиз. Жамиятда коррупцияга қарши муросасизлик муҳитини шакллантириш чораларини кўрамиз.
Албатта, бу вазифаларни билимли, ташаббускор, садоқатли ва бугунги ислоҳотлар натижаларига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ходимлар корпуси билангина самарали амалга ошириш мумкин. Шу боис, ходимларимизнинг билими, дунёқараши, онгу тафаккурини ривожлантириш, маънавиятини юксалтириш ишларини изчил давом эттирамиз.
Мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олиш, умуман, барча соҳаларда қонунийликни таъминлашда биз — прокуратура ходимлари, энг аввало, халқимизнинг хайрихоҳлиги, ҳамжиҳатлиги ва кўмагига таянамиз.
Агар ҳар бир фуқаро жонажон ватанимизни жиноятдан, коррупциядан холи, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда курашсак, кўзланган мақсадга, албатта, эришамиз.
Ниғматилла ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори