Кейинги йилларда ташқи сиёсий алоқаларимиз араб давлатлари ҳисобига кенгайиб бораётгани, айниқса, эътиборга молик. Улар орасида муштарак мақсадларимиз йўлида мамлакатимиз салкам 3 миллионли аҳолига эга Қатарни араб дунёсидаги муҳим, ишончли ва истиқболли ҳамкор деб ҳисоблайди ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишлардан бири сифатида кўради.

Тошкент шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда бўлиб ўтган тантанали маросимда Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан бирга “Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот” совриндорларини тақдирлаш маросимида иштирок этиши Қатарнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка катта эътибор қаратаётгани, Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганининг тасдиғидир.

Коррупция иқтисодиётнинг самарасизлигига ва издан чиқишига олиб келади. Коррупция кўламининг ўсиши нарх-навони қимматлаштириб, хизмат ва товарлар сифатини ёмонлаштиради. Ўз навбатида, бундай ҳолат тараққиётга жиддий халақит беради. БМТ Тараққиёт дастурида жаҳон иқтисодиёти айнан коррупция ҳолатлари туфайли йилига 3 триллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўқотаётганини, жамият тараққиётининг энг хавфли кушандасига айланган бу иллатга қарши фақат биргаликда кураш олиб боришгина кутилган самарани бериши таъкидланган. Албатта, бугун коррупция шиддат билан ўзгараётган дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Сабаби, бугун коррупция иллати бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдидга айланиб бормоқда. Бу иллат жамиятга нафақат иқтисодий, балки маънавий зарар ҳам етказади. Шу боис Ўзбекистон кейинги йилларда ушбу “вабо”га қарши кенг миқёсли кураш бошлаган. Давлатимиз раҳбарининг жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти ҳақидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йиллларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Президенти “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, унда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ бериш билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари ҳам қайд этилган. Шунингдек, қонун билан коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ваколатли органлар тизими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқароларнинг мазкур соҳадаги иштироки, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бу борада халқаро ҳамкорликни таъминлаш каби чоралар мустаҳкамлаб қўйилди.

Белгиланган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши учун махсус давлат органи ташкил этилиб, бу борадаги давдат сиёсатининг институционал асослари такомиллаштирилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.

Демакки, Тошкентда ўтказилган Коррупцияга қарши кураш бўйича юксак халқаро мукофотнинг тақдимоти Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини тасдиғидир. Коррупцияга қарши курашда мамлакатимизда тизимли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Масъул шахслар ва тузилмалар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган профилактик механизмлар амалиёти кенг жорий этилмоқда, давлат хизматлари кўрсатишда бюрократия камаймоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар эса коррупция ҳолатларининг камайишига муҳим омил бўлаётир. Ўзбекистонда давлат органларининг коррупцияга қарши кураши Марказий Осиё мамлакатлари учун намуна бўлиши мумкин, чунки 2017 йилдан бошлаб мамлакатда амалдорлар томонидан хизматга оид ҳуқуқбузарликларни камайтиришга қаратилган туб ислоҳотлар бошланди.

Ўзбекистон сўнгги 6 йил давомида етакчи халқаро ташкилотларнинг баҳо ва рейтингларида бундай жиноятларни камайтириш бўйича барча Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллаб келаётгани бежиз эмас. Бу шунчаки республикада коррупцияга қарши тизимли кураш олиб борилаётганидан далолат беради. Маълумки, коррупция ижтимоий соҳага, иқтисодиётга тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, потенциал хорижий инвесторларни қўрқитади ва кўпинча давлат идораларини обрўсизлантиради. Шу муносабат билан Тошкентда Коррупцияга қарши кураш бўйича юксак халқаро мукофотни топшириш маросимининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг бу борадаги юксак натижалардан далолат беради. Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш модели ҳақида гапирганда, мамлакатда давлат органларини рақамлаштириш амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу борада Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллайди. Бундан ташқари, фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин бўлган халқ қабулхоналарини жорий этиш амалиёти ҳам ўзини оқлади. барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди. Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда. Ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда. 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсади кўзланган. Республикамиз “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилди. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида катта режа ва вазифалар олдинга қўйилганини таъкидлади. Энг аввало, коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиш, уни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзбекистон коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ҳамда янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва уларда фаол қатнашади. Бу борада ўтган ойда Тошкентда ишга тушган Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформасидан кенг фойдаланилади. Президентимиз ўз нутқида нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этишни таклиф этди. Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлигини кучайтириш орқали унинг салоҳият ва имкониятларини янада оширишга киришади. Энг илғор халқаро тажрибага асосланган янги механизмлар татбиқ қилинади, жумладан, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этилади. Онги ва қалби болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифага айланиши керак. Шубҳасиз, тарғибот-ташвиқот ишларисиз, инсонга болаликдан ҳалол тарбия бермасдан туриб, аср иллатига қарши кураш самарали бўлмайди. Шунинг учун давлатимиз раҳбари бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этишни таклиф этди. Коррупцияга қарши курашишдек мураккаб жараёнларда оммавий ахборот воситаларининг алоҳида ўрни бор. Газеталар, электрон ОАВ, онлайн платформалар ва фаол ижтимоий тармоқлар коррупцияга қарши курашни ўз фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири деб билса, унга қарши кураш таъсирчанлиги ошади. Шу маънода, Президентимиз коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифини илгари сурди. Зеро, Ккоррупцияга барҳам беришнинг асосий омили бу жирканч иллатнинг зарари ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишдир. Шуни унутмаслик керакки, бу нафақат давлат сиёсати, балки ҳар бир инсон, жамият аъзосининг маънавияти ва масъулияти масаласидир. Биз нафақат тенг имкониятларга эга адолатли жамият яратиш, балки жамиятимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш учун коррупсияни енгишимиз керак. Коррупцияни камайтириш йўлида қўйилган ҳар бир қадам бизни адолатли ва ҳалол жамиятга яқинлаштиради.

Иброҳимжон ФОЗИЛЖОНОВ,

 Тошкент давлат иқтисодиёт университети Бизнес бошқаруви факультети декан ўринбосари,

иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD