Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов ушбу тадбирда видеоконференция шаклида Ўзбекистондан бош маърузачи сифатида иштирок этди.

Учрашув доирасида ялпи мажлислар бўлиб ўтди, унда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда рақамли технологиялар, самарали бошқарув ва қонун устуворлигининг аҳамияти муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалалари ЙХҲТга аъзо давлатлар учун устувор вазифа бўлиб қолиши, иқтисодий ривожланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, барқарорлик ва хавфсизлик учун долзарб экани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг ЙХҲТдаги Доимий вакили, мамлакатимизнинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев йиғилишнинг «Рақамли технологиялар ёрдамида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш» мавзусидаги биринчи сессиясига бошчилик қилди ва Ўзбекистоннинг электрон давлат бошқаруви тизимида ҳамда коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтиришда рақамлаштиришдан фойдаланиш фаолияти билан таништирди.

Форумнинг иккинчи сессиясида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурхонов маъруза қилди.

Иштирокчиларга сўнгги йилларда амалга оширилган асосий ислоҳотлар ва Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш соҳасидаги самарали чора-тадбирлар, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятининг мақсадлари, вазифалари ва асосий йўналишлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, коррупцияга қарши чоралар самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги самарали ўзаро алоқаларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

ЙХҲТнинг Иқтисодий ва атроф-муҳит масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси, элчи Вук Жугич «Дунё» ахборот агентлигига берган интервьюсида ЙХҲТ ҳудудида рақамли технологияларни қўллаш орқали коррупцияга қарши курашнинг долзарб масалаларига бағишланган тадбиринг аҳамиятига тўхталди:

«Мен ушбу форумда Ўзбекистон вакилининг нутқини бош маърузачи сифатида қабул қиламан. Маърузада коррупция иллатига қарши кураш бўйича Ўзбекистоннинг илғор тажрибаси тақдим этилди. Келгусида ушбу йўналишда Ўзбекистон билан самарали ҳамкорлик давом этишига умид қиламан».