Коррупцияга қарши кураш ва коррупция даражасини ўрганиш бўйича «Transparency International» халқаро ташкилот томонидан 2020 йилда чоп этилган рейтингга кўра, Ўзбекистон коррупция бўйича 26 балл билан 183 мамлакат орасида 146-ўринни эгаллаган.
Бу ушбу соҳада ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотларни кечиктириб бўлмаслиги англатади. Албатта, коррупция даражасини қисқартиришга турли омиллар таъсир кўрсатади. Уларнинг бири қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ўзида коррупцион нормаларнинг мавжудлиги ва бундай нормаларнинг амалиётга жорий этилишининг олдини олишдир.
Ўзбекистон Республикасида коррупция даражасини қисқартириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 24 февралда адлия вазири буйруғи (рўйхат рақами – 3287) билан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Ушбу Низомда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан чеклистларни тўлдириш орқали коррупциоген омилларни аниқлашни назарда тутувчи мутлақо янги тартиб жорий этилди.
Бунда, ҳужжатнинг ҳар бир нормаси ва қоидаси таҳлил қилиниб, коррупциявий омил бор ёки йўқлиги чеклистда акс эттирилади.
Шу билан бирга, коррупциявий омиллар тўлиқ қайта кўриб чиқилди ҳамда ҳуқуқни қўлловчилар ва фуқароларга уларнинг маъноси аниқ, лўнда ва батафсил мисоллар билан ёритилган методика асосида тушунтириб бериляпти.
Жумладан, қонунчиликда асоссиз равишда истиснолар киритилишини назарда тутиш чекланди, қабул қилинаётган норма барча учун ягона ва умумий бўлиши белгиланди.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида коррупциявий омилларга аниқ мисоллар келтирилди.
Эндиликда лойиҳаларни коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишда жамоатчилик кенг жалб қилинади.
Бунда фуқаролар regulation.gov.uz порталида чеклист тўлдириш орқали қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириши мумкин.
Бундан ташқари, амалдаги қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизаси ҳозирги кунда самарали йўлга қўйилган ҳуқуқий мониторинг тизими доирасида ўтказилиши белгиланди.
Ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад коррупциянинг қонунийлаштирилиб олинишига ўз вақтида чек қўйишдир.
Шерали Субхонов,
Тошкент давлат юридик университети
Фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал ҳуқуқ кафедраси ўқитувчиси.