ХХI асрда коррупция истисносиз барча мамлакатларга хос долзарб муаммолар қаторида қолмоқда. Коррупциявий ҳуқуқбузарликлар натижасида замонавий шароитда давлатларга катта моддий зарар етказилмоқда. Дунё бўйича ҳар йили 1 триллион доллар миқдоридаги маблағ пора учун сарфланади. Ушбу маълумотлар БМТнинг ҳар йили 9 декабрда нишонланадиган Коррупцияга қарши кураш халқаро куни муносабати билан тайёрланган тадқиқотида келтирилган.
Коррупция натижасида давлатлар ҳар йили 2,6 триллион доллар миқдорида зарар кўрмоқда, бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизига тенг. Еврокомиссия маълумотига кўра, коррупция Европа иқтисодиётига ҳар йили 120 миллиард евро зарар келтирмоқда.
Мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий-ҳуқуқий ҳодиса сифатида коррупция ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига асосий тўсиқ бўлиб келади. Коррупция урчиган давлатда қонун устуворлиги принципи сусаяди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилади. Шу билан бирга, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидлар ҳам кучаяди.
Мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг халқаро стандартларга асосланган илғор тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.
Хусусан, олий таълим муассасаларида ҳам коррупцияга қарши курашишнинг комплаенс назорат тизими йўлга қўйилди. Бунинг учун 20 га яқин меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда, коррупция ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда.
Жумладан, талабаларнинг ўқишини кўчириш, тиклаш ва хориждан кўчириш жараёни очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш махсус автоматлаштирилган онлайн дастур ёрдамида амалга оширилмоқда.
Олий таълим муассасалари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, ўқув, илмий, маъмурий ва молиявий жараёнларни автоматлаштириш, тизимда бюрократик тўсиқлар юзага келишининг олдини олиш ва молиявий харажатларни қисқартириш, бошқарув жараёни учун сарфланадиган вақтни камайтириш ва меҳнат самарадорлигини ошириш мақсадида “Олий таълим жараёнларини бошқариш ахборот тизими” (HEMIS) ишлаб чиқилди. У маъмурий, ўқув, илмий ва молиявий жараёнларни бошқариш модулларини ўз ичига олади.
Тошкент давлат шарқшунослик университети мисолида айтадиган бўлсак, университетнинг коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва талабалар учун коррупциявий ҳолатлар бўйича хабар қилиш имконини берувчи ишонч телефони ҳамда телеграм ижтимоий тармоғида махсус бот ишга туширилди.
Ўқув йили давомида университет профессор-ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари билан “Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш” мавзусида очиқ дарслар, профилактик тадбирлар ташкил этилиб, коррупциявий ҳолатларни аниқлашга қаратилган сўровномалар ўтказилмоқда. 9 декабрь — Коррупцияга қарши курашиш халқаро куни доирасида таълим муассасасида турли танловлар, маърифий тадбирлар ҳамда давра суҳбатлари ўтказиш анъанага айланган.
Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи лозим.
Шундан келиб чиқиб, қаердадир тамагирлик, порахўрлик ҳолатига дуч келсак, бефарқ бўлмаслигимиз, аксинча, коррупция иллатини бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатларни виждонан бажаришга киришмоғимиз бурч ва масъулиятимизга айланмоғи даркор.