Анча вақтдан бери тадбиркорликнинг бирор йўналишида фаолият юритишни мақсад қилиб юрган Икром ака соҳа вакилларига қаратилаётган эътибордан илҳомланиб, ишини бошлаб юборди. Дастлаб ўзи режа қилганидек, чарм-пойабзал билан шуғулланувчилар фаолиятини жиддий ўрганиб чиқди. Водийга бориб, бу соҳада иш юритаётган тадбиркорлар билан яқиндан танишди. Тажриба оширди. Ҳамкорлар орттирди.

Шундан сўнг Қарши шаҳрида лойиҳа қиймати икки ярим миллион долларлик пойабзал тайёрлаш корхонасини ишга туширишга киришди. Банкдан икки миллиард сўм кредит олиб, Қарши шаҳридаги Рогузар маҳалласида каттагина жойга Хитойдан керакли ускуналарни олиб келиб жойлаштирди.

— Ишни бошлашдан олдин яхшилаб ўрганиб чиқдим, — дейди “Ўзтекст” масъулияти чекланган жамияти раиси Икром Панжиев. — Вилоятимизда пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи ташкилотлар саноқли. Шу боис, мен ҳам шу ишга қўл урдим. Ҳозир етмиш кишининг иш билан бандлигини таъминлашга эришдик. Бир йилда 200 минг жуфт оёқ кийимини савдога чиқаришни мақсад қилганмиз. Ҳали иш бошлаганимизга саноқли кунлар ўтган бўлса-да, хориждан харидорлар ҳамкорлик таклифини билдиришмоқда. Хусусан, Тожикистон, Қирғизистон ва Россияга экспорт қилиш бўйича келишув олиб боряпмиз. 

Айни пайтда йилига ўртача 3 миллион долларлик экспорт қилишни мўлжал қилаётган тадбиркор келгусида фаолият турини янада кенгайтиришни мақсад қилган. Жумладан, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали қўшимча 200 та иш ўрни яратиш кейинги лойиҳасидан ўрин олган.

— Ҳозир қўқонлик мутахассислар ишчиларимизга оёқ кийим тайёрлашни ўргатмоқда, — дейди И.Панжиев. — Тез орада маҳсулотларимизни ички бозорга чиқаришни бошлаб юборамиз. Асосийси, биз, тадбиркорларга имкониятлар эшиги очилмоқда, иккиланишга ҳожат йўқ. Ҳар бир имтиёздан унумли фойдаланиб, фақат олдинга ҳаракат қилишимиз лозим. Яқинда ўтказилган очиқ мулоқотда иштирок этиб, ўзимга катта куч олдим, фидоийлик билан меҳнат қилишимиз кераклигини яна бир бор ҳис қилдим.

Ўсиш давом этади

Азим Қашқадарёда кенг кўламли ишлар бўляпти. Воҳада биргина ўтган олти ойда саноатда эришилган натижаларнинг ўзи сўзларимизга исбот бўла олади.       

Қашқадарё вилоятида жорий 1-ярим йиллик якунлари бўйича 25,9 триллион сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 104,3 фоиз ўсди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши (қурилиш тармоғини қўшган ҳолда) 25,6 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,5 фоиз кўпайган.

Бугунги кунда вилоятда 4058 та саноат корхонаси фаолият юритмоқда. шундан 577 таси жорий йилда ташкил этилди.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4 миллион сўмни ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,3 фоиз бўлди.

Бугунги кунда воҳада 65 та саноат йўналишида хорижий инвестиция иштирокидаги кўшма корхоналар фаолият юритмоқда. Улар томонидан ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми 1,9 триллион сўмликни ташкил этиб, умумий улушда 14 фоизни ташкил этди.

Жорий йилда саноат йўналишида қиймати 8,3 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган бўлиб, 1 июнь ҳолатида ушбу лойиҳаларнинг 125 таси ишга туширилди ва 1936 та янги иш ўрни яратилди. Ушбу янги лойиҳалар ҳисобига 235,6 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари тайёрланишига эришилди.

Хусусан, Яккабоғ туманида “Davr sharob” МЧЖ томонидан йилига 2 минг диколитр спирт маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга, қиймати 25 миллиард сўмлик ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилди ва натижада 50 та янги иш ўрни яратилди.

Миришкор туманида “Темур ҳамкор пласт” МЧЖ кунига 40 тонна помидорни қайта ишлаш қувватига эга, қиймати 22,9 миллиард сўмлик лойиҳа эвазига 530 та янги иш ўрни очилди.

— Кейинги йилларда вилоятимиз саноатида янги марралар забт этилмоқда, — дейди Қашқадарё вилояти ҳокимининг саноат бўйича маслаҳатчиси Нодир Ҳамроев. — Бугун чарм-пойабзал ёки озиқ-овқат, тўқимачилик саноати дейсизми, барча-барча йўналишларда мақтовга арзирли ютуқларни аниқ рақамларда келтириб ўтишимиз мумкин. Шуниси аниқки, бунинг таъсирида бугун элимизда фаровонлик, аҳолининг иш билан таъминланиши яхшиланиб, керакли маҳсулотларга эҳтиёжи қондирилмоқда. Одамларнинг яшаш тарзида ўзгариш бўлмоқда.

Бир пайтлари биттагина саноат корхонаси очиш учун қанчадан-қанча оворагарчиликларга дуч келинарди. Бир амаллаб ишни бошлашингиз билан тепангизда текширувчилар пайдо бўлар, иш юритишга йўл беришмасди. Бундан безор бўлган киши қўл силтаганча ишни ташлаб кетишга мажбур бўларди. Бугун эса барчаси бошқача. Бемалол, истаган соҳангизда иш бошлашингиз мумин. Ҳеч ким йўлингизни қайтармайди. Қонунан иш олиб борсангиз, ошиғингиз олчи.  

Президентимизнинг 2023 йил 3 февралдаги “2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳам манзилли ишлар давом этирилмоқда. Жумладан, вилоятда ун ишлаб чиқариш йўналишида сўнгги икки йилда 9 та янги корхона ишга туширилди. Жорий йилда ҳам 138,5 минг тонна қувватга эга 11 та шундай корхона очилиши белгиланган.

Хусусан, яқинда Қамаши туманида “Бўритош ая” фермер хўжалиги “Мадина” бренди остида йиллик қуввати 10 минг тонна бўлган, умумий қиймати 6 миллиард сўмлик ун ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширди. Натижада 30 та янги иш ўрни яратилди.

Электротехника саноатида ҳам ўзгаришлар катта. Жумладан, Қарши шаҳридаги “Буюк Турон” кичик саноат зонасида жойлашган “АЛП Техно сервис” корхонаси томонидан ўтган 6 ой давомида 25 миллиард сўмлик телевизорлар ишлаб чиқарилди ва хорижга экспорт қилинди. Бугунги кунда ушбу корхонага янги линия олиб келиб ўрнатилди. Заводнинг маҳаллийлаштириш даражаси 60 фоизга етказилди. Йил якунига қадар корхонада 100   миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланади.

                              Рақамлар реалликни ифодалайди

Вилоятга хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Ўтган давр мабайнида вилоятга 170 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилди.

Хусусан, Китоб туманидаги “Қарши конч цемент” МЧЖ томонидан қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 10,2 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция ўзлаштирилди

Вилоятдаги саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу ишлар натижасида 192,6 миллион долларлик саноат маҳсулотлари дунёнинг 38 давлатига экспорт қилинди.

Хусусан, “Sulton tex group” МЧЖ томонидан 6,8 миллион долларлик калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

Вилоятда йил якуни билан саноат ишлаб чиқариш ҳажми
26,4 триллион сўмни (115,2 фоиз ўсиш) ташкил этиши режалаштирилган. Шундан ҳудудий саноат ҳажми 10,9 триллион сўмни (115,2 фоиз ўсиш) ташкил этиши мақсад қилинган.

Бунда, жумладан, драйвер соҳаларда жами 7,5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Вилоятдаги ер ости бойликларидан самарли фойдаланиш кўлами кенгаймоқда. Жумладан, ўтган давр мобайнида 50 та кон савдога чиқарилди. Уларнинг 24 тасида қурилиш материаллари саноати йўналишида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар ушбу йўналишда яна 40 та янги конни аукцион савдога чиқариш орқали янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш белгиланган.

Ер ости захираларига хорижлик инвесторларни жалб этишга эътибор кучли.  Хусусан, Чироқчи туманидаги кварц, Китоб туманидаги мармарлашган оҳактош хомашёсини Австриянинг дунёга машҳур “Лассенбергер” компанияси томонидан қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда. Ушбу корхона билан эришилган келишувга кўра, микрокальцитдан травертин, шпаклёвка, лок-бўёқ каби 40 дан ортиқ турдаги қурилиш материали ишлаб чиқариш бўйича қиймати 35 миллион долларлик лойиҳани Китоб туманидаги эркин иқтисодий зонада жойлаштириш белгиланган.

“Шўртангазкимё” мажмуасига қарашли “Қарши термапласт” заводида полиэтилен қувурлар ишлаб чиқариш линияси завод қурилмоқда.

Вилоятда саноатни ривожлантириш ишлари шу йўсинда изчил давом эттирилмоқда.

Акбар РАҲМОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири