Хусусан, 2025 йил давомида келиб тушган 1 700 дан ортиқ мурожаатлар таҳлил қилинганда қатор муаммолар аниқланган. Жумладан, мурожаатларнинг 33,8 фоизида қурувчи корхоналар томонидан қурилиш ишлари сифатсиз бажарилгани, 33,1 фоизида уй-жойлар шартномада белгиланган муддатда топширилмагани маълум бўлган. Шунингдек, 13,5 фоиз ҳолатда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олингани, 1,3 фоиз мурожаатлар эса бошқа қурилишга оид масалаларга тааллуқли экани қайд этилган.

2026 йилнинг январьфевраль ойларида ҳам 350 дан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларда ҳам фуқаролар худди шундай муаммоларга дуч келганини билдирган.

Мисол сифатида, Сурхондарё вилоятида яшовчи фуқаро Тошкент шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш учун қарийб 1,4 млрд сўм тўлаган. Бироқ қурувчи корхона томонидан хонадон ўз вақтида топширилмаган ва қурилиш ишлари сифатсиз бажарилган. Фуқаронинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, унга тўланган маблағ тўлиқ қайтариб берилган.

Қайд этилишича, 2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки икки ойи давомида мурожаатларнинг 1 529 таси ёки 74,3 фоизи ижобий ҳал этилган. Натижада қарийб 24,4 млрд сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Қўмита бу йўналишдаги ишларни давом эттираётганини маълум қилди. Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан кафолатлангани, шартномавий муносабатларда уларнинг талаблари устувор аҳамиятга эга экани эслатиб ўтилди.