Мамлакатнинг ташқи сиёсат вектори кўп қиррали муносабатлар сари ривожланиб борар экан, бу йўлда ҳар қандай вазиятда миллий манфаатлар ва миллий қадр-қиммат - ҳамкорлик моҳиятини белгилаб келмоқда.
Ташқи сиёсатда прагматик йўлдан оғишмай бораётган Ўзбекистон - минтақада ўзига хос сиёсий имижга, аниқ манфаатлари ва устувор вазифалари бўлган ўзбек дипломатиясига эга эканлиги дунё мамлакатлари минбарларида яққол акс этмоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг яқинда Германия Федератив Республикасига қилган амалий ташрифида сиёсий музокаралар орқали икки халқнинг тарихий ва замонавий алоқалари янада мустаҳкамланди. Кучли сиёсий дипломатия орқали кенг иқтисодий ҳамкорликка йўл очаётган Президентимиз изчиллик ва ишончлилик тамойилларига асосланган ҳолда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашуви чоғида конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалаларида манфаатли муҳокамалар ўтказди. Шунингдек, Минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни, шу жумладан, Европа Иттифоқи дастурлари доирасида таъминлашнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзида “Марказий Осиё - Германия” форматидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталар экан, амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига, энг аввало юксак технологиялар ва инновацион ривожланиш, транспорт коммуникациялари, “яшил” энергетика, касбий таълим, фаол маданий ва академик алмашинувларга алоҳида эътибор қаратилгани минтақавий манфаатлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Чунки барчамизга яхши маълумки, Германия тараққий этган индустриал-технологик мамлакат бўлиб, иқтисодиётнинг саноат ва технологик тармоқлари бўйича жаҳонда етакчи давлатлардан бири саналади. Шу боис ҳақли равишда айтиш мумкинки, Германияда илғор тажрибани ўзлаштиришни ташкил қилиш мамлакатда юқори натижалар беради. Ўз навбатида Ўзбекистон маҳсулотларини Марказий, Шарқий ва Жанубий Осиё давлатлари бозорларига таклиф этиш учун мамлакатимизга Германия инвестициялари ва технологияларини жалб этиш кўзланган истиқболга эга. Шу билан бирга, Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси аҳоли сони бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаган Ўзбекистон салоҳиятини юқори баҳолайди.
Мамлакат етакчиси Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси шафелигида ташкил этилган иқтисодий форумда иштирок этар экан,
– “Биз сизлар билан биргаликда мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларини модернизация қилиш бўйича катта иш олиб бормоқдамиз, самарали қўшилган қиймат занжирлари ва минглаб янги иш ўринларини яратмоқдамиз. Биз очиқ мулоқот учун янги майдонлар ва доимий платформалар пайдо бўлишидан манфаатдормиз,” – дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, 2017 йилда бошланган ички сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар натижасида фаол модернизация қилинаётган Ўзбекистон иқтисодиёти - немис бизнесининг ўзбек ҳамкорлари билан мустаҳкам туташтирувчи янги алоқа нуқталарини топа олди. Қувонарлиси, бугунги кунда ўзаро товар айирбошлаш кескин ўсиб бормоқда.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам ўз ижобий динамикасини кўрсатган ҳолда, мамлакат бозорида немис капитали иштирокида кўплаб янги корхоналар очилмоқда. Фикримизни Фарғона вилояти мисолида далиллайдиган бўлсак, дунёнинг 90 мамлакатида 225 та ишлаб чиқариш корхонасига эга бўлган, йиллик айланмаси эса 6,4 миллиард долларни ташкил этувчи немис компанияси - “Knauf” ҳозирда айнан Ўзбекистон туманида фаолият юритмоқда. Шунингдек, вилоят ҳокими бошчилигида ҳудудда тиббиёт тизимини ривожлантиришда Германия илғор тажрибасини жорий қилиш, вилоят соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, фарғоналик шифокорларнинг Германияда малака ошириш ва тажриба алмашинишларини йўлга қўйиш, Германия университетлари ўртасида вилоятимизда қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий анжуманлар ва қўшма тадқиқотлар ўтказиш каби кўп томонлама ҳамкорлик ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Фарғона давлат университети ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам кўп йиллардан буён самарали давом этмоқда. Университет Германиянинг “DAAD” ташкилоти, Тошкентдаги Гёте институти, “Халқаро ва маданиятлараро алмашинув уюшмаси” каби илмий ташкилотлари билан узвий ҳамкорлик алоқаларига эга. Яқинда “DAAD” ташкилотининг академик алмашинуви гранти асосида университет талабалари Германиянинг Кёльн университетида таълим олиб қайтдилар. Ўзаро алмашинувлар доирасида ўтган йиллар давомида университетга 6 нафар немис тили ўқитувчилари лектор сифатида юборилди. Гёте институти билан ҳамкорлик доирасида “DLL” (Немис тилини ўрганиш) лойиҳаси бўйича университетга немис тили ўқитишда методик ёрдам, интерактив панел ҳамда дарсликлар тақдим этилган. Германиянинг Людвигсбург педагогика университети билан олиб борилган академик алмашинувлар натижасида эса немис талабалари ФарДУда таълим олиш имкониятига эга бўлди. Бу каби халқаро миқёсдаги амалий ишлар кўплаб кафедралар фаолиятида давом этмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, Германия билан ҳамкорлик учун юртимизда нафақат олий таълим тизими, келажаги кафолатли бўлган кўплаб истиқболли соҳалар мавжуд. Муҳтарам Президентимиз ташаббускорлигида Германия билан узоқ муддатли, барқарор ва манфаатли муносабатлар мустаҳкамланиб борар экан, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалар бўйича юқори самарадорликка сармоя киритиш имконини беради.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори, педагогика фанлари доктори, профессор