Кураш халқимизнинг қадимий миллий спорт турларидан биридир. Сўнгги йилларда ушбу миллий спорт турини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш, бу борадаги халқимизнинг қадимий анъаналарини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрда “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори бу борада муҳим дастуриамал бўлмоқда.

Қарорда белгиланганидек, кураш бўйича нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил қилиш, аҳолининг барча қатламларини кураш билан шуғулланишга кенг жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонда курашни умумхалқ спорт турига айлантириш борасида кенг қамровли ишлар оилб борилмоқда. Шунингдек, курашни оммалаштириш, унинг жаҳон спорти дурдонасига айланишига ва пировардида Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш асосий мезонлардан бири қилиб белгиланган.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ташаббуси билан юртимизда “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур!”, “Биз Президент полвонларимиз!”, “Биз Президент барчинойларимиз!” шиорлари остида умумхалқ кураш мусобақаларига старт берилган. Февраль ойида бошлаб юборилган тадбирлар ҳар бир маҳаллаларга кириб боргани ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳозирга қадар 70 зиёд маҳаллаларда мусобақалар ўтказилди ва иштирокчилар сони 5000 дан зиёд бўлди. Бу мусобақалардан асосий мақсад маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, кураш спорт турини ёшлар орасида оммалаштириш, сизу-бизнинг спортимиз, қадриятимиз бўлган курашни ҳар бир оилага олиб киришдир.

Юқоридаги қарор ижросини бажариш мақсадида Республикамиз бўйлаб ҳар куни турли кураш мусобақалари ўтказилмоқда. Ўтган 3 ой сарҳисоб қилинганда 500 дан зиёд мусобақалар ўтказилди.

Ҳозирга қадар Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда 200 дан ортиқ умумтаълим мактабларига кураш гиламлари тақдим этилди. Бу ҳам ўз ўрнида ёш полвонлар сонини ошишига, курашимизни янада жадал ривожланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Дарҳақиқат, замонавий кураш асосчиси, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Юсупов томонидан кураш халқаро қоидаларининг яратилиши кураш спорти чўққиларга кўтарилишига асос бўлди. Бу қоидалар асосида нафақат юртимизда, балки, бутун дунёда мусобақалар ўтказиб келинмоқда.