Қуролли Кучлар академиясида мазкур олий ҳарбий таълим муассасасининг Умумқўшин факультетига ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясига янги қабул қилинган ёш курсантлар «Ватанга қасамёд» қабул қилди. Шулардан 4 нафари «Тўмарис издошлари» бўлган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясига янги қабул қилинган ва Ватан ҳимоясига ҳаётини бағишлашга аҳд қилган қизлардир.
Шунингдек, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Ўзбекистон олий ҳарбий авиация билим юртида ҳам Ватанга қасамёд тантаналари юқори савияда ўтказилди.
Курсантлар давлатимизнинг муқаддас рамзи бўлган байроқни ўпиб, буюк аждодларнинг пок руҳлари олдида, Ватани олдидаги бурчини ҳалол бажаришга бел боғлаб, виждони, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, Ўзбекистон Республикасига, халқига ва Президентига бир умр содиқ бўлишга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртининг юксак ишончини оқлашга яқинлари ва кенг жамоатчилик гувоҳлигида тантанали равишда онт ичди, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.