Муаллифнинг “Созим” шеъридаги муқаддима нафақат лирик иқрор, балки ижодкорнинг бутун бир ҳаётий манифестидек янграйди:
Мен шоирман,
Истангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим,
Бировлардан олмадим туйғу...
Бу мисраларда замон ва муҳит босимидан баланд турувчи, ўзлигини англаган шахс овози устуворлик қилади. “Бировлардан олмаслик” маънавий қарамликдан халос бўлиш, туйғулар софлигини ва асллигини сақлаб қолишдир. Ижодкор ўз руҳий ҳудудини шу қадар қатъият билан ҳимоя қиладики, ҳатто “мижғов ва пасткаш, ғийбат гаплар” унинг ижод осмонини булғай олмайди. Бундай мағрурлик кибр эмас, балки сўз масъулияти олдидаги содиқликдир.
Абдулла Орипов ижодида жамият таҳлили шунчаки бугунги куннинг ижтимоий манзаралари билан чекланиб қолмай, балки инсониятнинг ибтидоий илдизларигача бўйлайди. Шоирнинг “Юзма-юз” достони тарих фалсафасини англашда муҳим маънавий калит вазифасини ўтайди. Муаллиф инсон эволюциясини “мамонтлар тўдаси” чиққан ибтидоий давридан бошлайди. Бироқ асарнинг мағзи мамонтнинг енгилиши ёки жисмоний жанг тасвирида эмас, балки инсон онгида содир бўлган “илк маънавий хиёнат” нуқтасидадир:
Ўша кун бузилди азалий удум,
Уни инсон ўзи бузиб ташлади.
Кундузги ошкора ўғрилардай у
Ўлжасин уй-уйга торта бошлади.
Бу сатрларда нафснинг жамоавий имон ва тартиб устидан ҳукмронлиги дунёдаги барча кулфатларнинг дебочаси сифатида талқин қилинади. Шахсий манфаатнинг умуминсоний қадриятлардан устун қўйилиши тарихни “зулмат” ва “қон” билан булғади. Шоирнинг фикрича, инсониятни боғлаган маънавий инқироз айнан ўлжа талашиш бошланган лаҳзада туғилган. Бу инсониятнинг ўз асл табиатидан ва ҳақиқат йўлидан адашиши ҳақидаги аччиқ хулосадир.
Тарихнинг қонли саҳифаларини варақлар экан, ижодкор Спартакнинг ҳақ талашишидан тортиб, Цезарнинг найзасию Чингизхоннинг чўқморигача бўлган фожиаларни бир фалсафий занжирга тизади. Дунёнинг “адашиб кетгани” ҳақидаги фикр шоирнинг ёшликдаги ғўрлиги эмас, балки оламнинг зиддиятли қонуниятларини теран англашидир. Бу тарихий силсила ичида шахс ва муҳит муносабати янгича маъно касб этиб, яхшилик донини экканларнинг “ёмон” деб ном олиши жамиятнинг азалий ҳамда оғриқли парадокси сифатида очиб берилади.
Шоир дунёдаги ҳақсизликнинг мангуликка даъво қилишига қарши исён кўтаради. Унинг назарида, нажот руҳий тикланишда, яъни “ёшлик софлиги” деб аталган ўша маъсум манзилга қайтишдадир. Фақат истиқбол деб аталган эзгу ниятгина инсонга унинг асл софлигини қайтариб бера олади.
Абдулла Орипов тарихни фақат ўтмиш эмас, балки бугунги куннинг маънавий кўзгуси ва келажакнинг пойдевори сифатида тадқиқ этади. Бу босқичда шоир инсонни ўз ички дунёсини тафтиш қилишга, яъни “тўда” бўлиб ўлжа талашмайдиган, нафс қуллигидан озод, соф ва имонли ҳолатга қайтишга чорлайди. Тарихнинг изтиробли сабоқлари орқали у инсонни ўзлигини англашга ва руҳий покланишга даъват этади.
Унинг ижодида шахснинг жамиятдаги ўрни шунчаки ижтимоий мақом бўлмай, балки виждон ва масъулият мезони билан белгиланади. Шоирнинг фалсафий тафаккурида “оломон” ва “халқ” тушунчалари бир-бирига қарама-қарши қўйилган икки қутб сифатида гавдаланади. Муаллифнинг “Оломонга” шеъридаги ўткир ва изтиробли саволлар жамиятнинг маънавий мудроқлигига берилган бадиий зарбадир:
Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?
Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?
Бу мисраларда шоир оломоннинг энг қўрқинчли қиёфаси — лоқайдлиги ва томошабинлигини фош этади. Оломон учун тарихдаги буюк фожиалар, миллат фидойиларининг қурбон бўлиши шунчаки бир “томоша”. Унинг “номидан ҳукмлар ўқилиши” эса масъулиятсизликнинг олий кўринишидир. Шоир оломонни халқ бўлишга, яъни ўзлигини англаган, тарих ва келажак олдида жавобгарликни ҳис этадиган яхлит маънавий кучга айланишга даъват этади.
Шахснинг тўда ичида йўқолиб қолиш хавфи “Тўда” шеърида янада теранроқ таҳлил қилинади. Тўда — шахсиятсизлик ва иродасизлик макони. Унда ҳар қандай буюклик, ҳар қандай алоҳидалик “тўданинг феъли” олдида завол топиши мумкин. Шоирнинг “Тўдани кўрганда қўрқиб кетаман”, деган иқрори замирида минг йиллардан буён сақланиб келаётган ибтидоий шафқатсизликдан хавотир ётади:
Агарда қўзиса тўданинг феъли,
Унга тенг келолмас сойларнинг сели.
Хос унга ёвузлик, шафқатсизликлар,
Қорни тўқ бўлса-да, тоқатсизликлар.
Бу ерда “тоқатсизлик” ўзгача фикрни, юксак истеъдодни ва мустақил иродани қабул қилолмасликдир. Абдулла Орипов наздида халқ бўлиш тўда психологиясидан халос бўлиш, виждон амри билан яшаш демакдир. Шоир “Юзма-юз” шеърида таъкидлаганидек, “инсон инсон учун тўка олса ёш” ва “бир сафда турса одамлар”, ана шундагина оломон халққа айланади.
Муаллиф жамиятнинг ҳар бир аъзосини ўз ички оламига боқишга, сохта “ура-уралар”дан воз кечиб, “инсоф ва виждон” чегарасини тан олишга ундайди. У виждон уйғонишини тўданинг ҳиссиз оқимидан ажралиб чиқиб ҳақиқатнинг тик нигоҳига дош бера олишда деб билади. Шоирнинг бутун ижоди мана шу маънавий юксалишга — шахсни оломон зулматидан халқнинг нурли уфқларига олиб чиқишга хизмат қилади.
Файласуф шоир ижодида инсон шунчаки жисмоний мавжудот эмас, балки асрлар давомида шаклланган маънавий мероснинг, қон ва руҳ ирсиятининг давомчиси сифатида талқин қилинади. Шоирнинг фалсафий мушоҳадаларида генетика тушунчаси биологик қонуниятлардан юксалиб, миллий ўзликни англашнинг тарихий занжирига айланади. Унинг “Генетика” шеъри бу борада инсон руҳиятининг теран қатламларини очиб берувчи энг салмоқли асарлардан биридир:
Билмадим, қонимда қай аждод яшар,
Балки бобо Кайфий, балки Улуғбек...
...Тунлар қулоғимга чалинар элас,
Тулпорлар кишнаши, отлар гурроси.
Муаллиф инсон танасида оқиб турган қонни минг йиллик тарихнинг овози деб билади. Бу ерда “билмайман” дейиш орқали ижодкор инсон табиатининг нақадар мураккаблигига ва унинг ботинида мудраб ётган улкан кучларга ишора қилади. Қонда фақат ташқи қиёфа — “қош-кўз” эмас, балки аждодларнинг феъл-атвори, орзу-армонлари ва шиддати ҳам мерос бўлиб ўтади. Улуғбекнинг закий нигоҳи ёки Муқаннанинг тиним билмас исёнкор руҳи авлодларнинг ички оламида қайта уйғониши миллий ирсиятнинг боқийлигидир.
Шоирнинг талқинида бу мерос фақат зафарлардан иборат эмас. Унда “дарбадар бир ошиқ”, “сарбадор” ва ҳатто “шаҳаншоҳ”нинг ҳам асоратлари бор. Инсон ўз вужудида ҳам ҳукмдорликка интилиш, ҳам дарвешликка мойиллик каби зиддиятли кучларни ташиб юради. Бу миллат характерининг мураккаб фалсафасидир. “Ўзбекистон” қасидасида мазкур ғоя янада кенгроқ миқёсда, ватан тақдири билан уйғунликда давом эттирилади. Тарихнинг шиддатли синовлари, Жалолиддиннинг Амударёдан сакрашию Собир Раҳимовнинг зафарли қадами — бари-бари бугунги авлоднинг қонида яширинган “генетик қувват” сифатида тасвирланади.
Абдулла Орипов учун ирсият занжирини англашнинг бош белгиси келажак олдидаги масъулиятни ҳис қилиш демакдир. Биз фақат ўтмишнинг меросхўрлари эмас, балки келажакда туғилажак “энг олий инсон, мукаммал зот”нинг замини ҳамдирмиз:
Риштайи жонида бир зарра бўлиб,
Бизнинг ҳам қонимиз гупургай, рост бу…
...Лабда табассуму кўзда ёш билан
Сенга талпинаман, буюк набирам…
Шоирнинг ушбу хулосаси инсониятнинг маънавий узвийлиги ҳақидаги буюк ҳақиқатдир. Инсон ўз аждодларининг “турфа хислатини” қонида ташиб юрар экан, у ҳеч қачон илдизсиз бўла олмайди. Бу қон бизни “шу қадим дунё”га ва “қон билан, тер билан қотган шу тупроқ”қа боғлаб турувчи энг мустаҳкам илоҳий риштадир. Генетик хотиранинг уйғониши эса шахсни оломонликдан халқ даражасига кўтарувчи энг олий маънавий жараёндир.
Шоир шеъриятининг маънавий қуввати шундаки, у жамиятнинг зоҳирий фаровонлиги ортига яширинган ахлоқий инқирозларни ўткир нигоҳ билан пайқайди ва уларга аниқ бадиий ташхис қўяди. Унинг ҳажвий ва фалсафий мушоҳадаларида инсоннинг асл қиёфаси ва у тақиб юрган ижтимоий ниқоблар ўртасидаги зиддият аёвсиз фош этилади. “Таклифнома” шеъри бу борада ижтимоий мунофиқликнинг энг оддий, аммо энг оғриқли манзарасини чизиб беради:
Сўкар дунё деган бир ғамхонани,
Киборларни сўкар ғазабга тўлиб.
Ва лекин тўй қилса, “Таклифнома”ни
Ўшаларга элтар биринчи бўлиб.
Гап шунчаки тўй ҳақида эмас, балки инсоннинг ўз сўзи ва амали ўртасидаги жарлик ҳақида бормоқда. Тилида лаънатлаган кучларига амалда талпиниш шахснинг маънавий иккига бўлинишидир. Шоир бундай ҳолатни жамиятнинг руҳий хасталиги деб билади. Иккиюзламачилик Абдулла Орипов талқинида инсоннинг ўзлигидан кечиши ва манфаат занжирига боғланишидир.
Муаллифнинг ижтимоий ташхиси “Мартаба” шеърида янада даҳшатлироқ тус олади. Унда икки кишининг ўз аждодлари қандай қатл этилгани билан мақтаниши (бирини “бош жаллод сўйгани”, иккинчисини “ипак арқонда осишгани”) жамиятдаги қадриятлар тизими нақадар остин-устун бўлиб кетганини кўрсатади. Инсонлар ўз қадр-қимматини эмас, балки кимнингдир қўлида қурбон бўлиш усулини мартаба деб билиши руҳий қулликнинг энг юқори нуқтасидир. Шоир бу орқали мутелик ва сохта ғурур қон-қонимизга сингиб кетганини аччиқ заҳарханда билан баён этади.
Жамиятдаги маънавий тубанликнинг яна бир кўриниши “Икки хушомадгўй” ва “Лўттибоз” шеърларида давом эттирилади. Шоир “виждонли одамлар ортгани сайин, лўттибоз сони ҳам кўпайиб борар”, дея таъкидлар экан, ахлоқсизликнинг ташкилий шаклларидан огоҳлантиради. Хушомадгўйлик шахснинг ички ниқоби бўлиб, у “товонидан тортиб тиззасигача ялаш” орқали ўзлигини топтайди.
Шоирнинг ҳассос тафаккури миллатнинг келажагига бўлган чексиз ишонч билан суғорилган. У “Алишер” шеърида таъкидлаганидек, беш юз йил буюк сиймолар учун шунчаки бир лаҳза. Абдулла Орипов ўз ижоди орқали миллий генетикани уйғотишга, оломонни халқ даражасига кўтаришга ҳаракат қилди. Унинг шеърияти миллатнинг руҳий паспортидир. Абдулла Орипов қолдирган маънавий мерос “сароб”лар ичида ҳақиқатни топиш, “тўда”лар ичида шахс бўлиб қолиш ва ҳар қандай синовда имон мададига суяниш дарслигидир. Унинг ранг-баранг ва соф шеърияти асрлар оша “буюк набиралар” қонида гупуриб, миллатнинг руҳий зафаридан далолат бериб тураверади. Зеро, шоир айтганидек, вужуд ўтар, баҳорлар ўтар, аммо маънавий мустаҳкамлик ва ҳур фикр дунёда мангу қолажак.
Мунисжон ҲАКИМОВ,
ЎзФА Алишер Навоий номидаги
Давлат адабиёт музейи бўлим мудири,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори