Жанубий Кореяда ватандошимиз Маҳмуд Абдуллаев томонидан фаолияти йўлга қўйилган «Лаззат» ўзбек миллий ресторани Кореянинг «SKY» телеканалида намойиш этилди.

«Hello plate» номли кўрсатувда ўзбек миллий таомлари ва унинг тайёрланиши ҳақида сўз юритилади. Ресторан Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилувчи барча тадбирларда фаол иштирок этиб келади. Маҳмуд Абдуллаев Сеул шаҳри ҳокимияти ва Жанубий Корея Туризм қўмитасининг таклифига биноан сўнгги 7 йилдан буён ўтказилаётган халқаро таомлар кўргазмаларида миллий таомлар тайёрлаб, фахрли ўринларни эгаллаб келяпти, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

«Лаззат» миллий таомлар ресторани асосчиси ва раҳбари Маҳмуд Абдуллаев 2020 йил 27 сентябрда Ўзбекистон Республикаси томонидан «Туризм фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бугунга келиб ватандошимиз Жанубий Кореянинг онлайн савдо бозорида ва ривожланган етказиб бериш компаниялари рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб турибди.