Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Наманган халқаро университети ўрганилганда университетнинг олий таълим хизматларини лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этишда қатор қўпол қоидабузарликлар қайд этилди. Хусусан:

  • талабаларни ўқишга қабул қилиш муддатларига риоя этилмагани;
  • вазирликнинг HEMIS ахборот тизимига маълумотлар киритилмагани;
  • ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартибига амал қилинмагани;
  • барча таълим йўналишлари бўйича адабиётлар етишмаслиги аниқланди.

Лицензия талаби бўйича бакалавриат таълим йўналишлари учун 35 фоиз илмий салоҳият бўлиши белгиланганига қарамай, мазкур нодавлат олий таълим ташкилотида 17 фоизни ташкил этган.

Бундан ташқари, олий таълим ташкилотининг ҳудуди ичимлик суви ва канализация билан таъминланмагани, аксарият ўқув аудиториялари, компьютер хонаси ва кутубхона талабга жавоб бермаслиги қайд этилган. Талабалар турар жойлари билан таъминлаш ҳолати ҳам қониқарсиз деб топилган.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Наманган вилояти Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 23 августдаги ҳал қилув қарори билан «НАМХУ ОТМ» масъулияти чекланган жамиятига нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун 2022 йил 10 февралда берилган лицензияси бекор қилинган. Умуман олганда, «НАМХУ ОТМ» МЧЖ ва вазирлик ўртасида иш иқтисодий суднинг 3 та ва маъмурий судларнинг 3 та, жами 6 та инстанциясида кўриб чиқилган.

Бироқ, шунга қарамай, университет 2023/2024 ўқув йилида 5600 нафардан ортиқ талабаларни ўқишга қабул қилган, белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ҳамда лицензияга киритилмаган бинода ўқув жараёнини ташкил этган.

Шунингдек, «Valley innovative university» нодавлат олий таълим муассасасини текшириш жараёнида бир қатор лицензия талаб ва шартлари қўпол равишда бузилгани аниқланган.

Университет лицензияда кўрсатилган фаолият манзилида эмас, балки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ва ваколатли орган томонидан олий таълим тури бўйича хизмат кўрсатиш учун хулоса берилмаган манзилда фаолият юритган.

Муассиснинг банкдаги ҳисоб варағида мавжуд бўлиши лозим бўлган маблағ тўғрисида маълумот тақдим этилмаган. Таълим жараёнини қонунчилик ҳужжатлари бўйича амалга ошириш юзасидан университетнинг ички тартиб-қоидалари ҳамда ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ишлаб чиқилмаган.

Университетда таҳсил берувчи профессор-ўқитувчилар тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаган ва тақдим этилмаган. Илмий даражага ва унвонга эга бўлган ўқитувчиларнинг минимал талаблари ҳам бажарилмаган. Компьютер техникаси билан жиҳозланган электрон кутубхона мавжуд бўлмаган, ўқув адабиётлари (дарсликлар, ўқув қўлланмалари) билан таъминланмаган, адабиётларнинг электрон вариантлари умуман етишмаслиги аниқланган.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларда Valley innovative university таъсисчиси вазирликка алоқаси бўлмаган шахслар лицензиясини бекор қилмаслик учун катта миқдорда пора талаб қилганини айтиб ўтган.

Valley innovative university ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида иқтисодий суднинг 3 та инстанциясида суд процесслари бўлиб ўтди. Мазкур суд жараёнларида тарафлар ўзларининг фикрларини эркин билдиришди, шунингдек, асосли далилларни тақдим этишди. Бироқ Valley innovative university томонидан судда бирор марта пора талаб қилингани тўғрисида маълумот берилмади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида пора олиш, пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган. Агар жисмоний ва юридик шахсларга бирор шахс томонидан пора талаб қилинганда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар бериш зарур.

Зеро, қонунчиликда жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширганлик учун жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.

Ва яна бир муҳим жиҳат – лицензияси бекор қилинган олий таълим муассасаларининг талабаларини бошқа олий таълим ташкилотига кўчириш учун масъулият Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги зиммасида бўлиб, талабалар ўзлари истаган олий таълим ташкилотига тегишли тартибда кўчирилади. Бирорта талабанинг масаласи эътиборсиз қолдирилмайди. Хусусан, Наманган халқаро университетининг HEMIS ахборот тизимига киритилган 5876 нафар талабасидан ўқишга кўчириш бўйича ариза олиш жараёни 16 февралдан бошланди. 19 февраль ҳолатига 5148 нафар талабадан аризалар олинди.

Шу ўринда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги журналистлар, блогерлар ва барча оммавий ахборот воситалари вакиллари учун очиқлигини маълум қилади, шунингдек текширилмаган ёки ўз тасдиғини топмаган хабарларни эълон қилиш орқали аҳолига нотўғри маълумот бермасликка чорлайди.