Қурилиш тармоғи Навоий кон-металлургия комбинати тизимида кенг ривожланаётган соҳалардан бири. Бугун НКМК қурувчилари қураётган иншоотлар комбинат равнақи, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигига хизмат қилмоқда. Улар орасида бунёдкорларимизнинг ўз кучи билан иинвестицион лойиҳалар асосида қураётган замонавий саноат индустрияси, яъни гидрометаллургия заводлари, кон ва шахталар, темир йўллар, кўприк ва магистраллар, ижтимоий соҳа объектлари янги Ўзбекистоннинг меъморий қиёфасини янада муҳташам этяпти.

Ҳар йили август ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимлари касб байрамини нишонлайди. Бу гал ҳам ушбу санани мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартириб, ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон, файзли бўлишига хизмат қилувчи эзгу ишлар билан кутиб олдик. Президентимизнинг байрам муносабати билан йўллаган табригида эътироф этилганидек, халқ манфаатини ўйлаб мустаҳкам ва кўркам иморатлар қуриш, равон йўл ва кўприклар бунёд этиш дунёдаги энг савобли ва хайрли ишлардан биридир.

Қурувчилик —  шарафли касб. Унинг юки қанчалик залворли, масъулиятли ва машаққатли эканини яхши биламиз. Қурилишда лойиҳани мукаммал ишлаб чиқишдан тортиб, иншоотнинг сўнгги пардозини бажаргунча бўлган ҳар бир босқич эътибор, маҳорат, тажриба, фидокорона меҳнат талаб этади. Соҳада сифат ва самарадорлик биринчи ўринда туради. Чунки йўл қўйилган оддий хато ҳам катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, ҳар бир ишни пишиқ-пухта амалга ошириш доимий диққат-эътиборимизда.

Айни пайтда инвестицион лойиҳалар асосидаги қурилишларимиз қамрови анча кенг. Барчаси йирик лойиҳалар. Қурувчиларимиз уларни тез ва сифатли рўёбга чиқаришга интилмоқда. Ваҳоланки, яқин-яқингача ишлаб чиқаришга доир лойиҳалар фақат четдан жалб этилган қурувчи-муҳандислар томонидан амалга ошириларди. Бугунги кунда бундан тўла воз кечилиб, барчасини ўзимизнинг қурувчилар бажаряпти.

Бу борадаги дастлабки саъй-ҳаракатлар 4-гидрометаллургия заводини барпо этиш ва Мурунтов конида жаҳонда ягона бўлган тик қия конвейерни ўрнатишдан бошланган эди. Мазкур йирик лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ўзимизга ишончни янада мустаҳкамлади.

Энг аввало, моддий-техник базамизни янада мустаҳкамладик. Паркимиз замонавий қурилиш техникаси ҳисобига кенгайди ва ҳозир 500 га яқин турли машина-механизмга эгамиз. Бундай имкониятлар ишимиз суръати ва сифатининг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, зарур қурилиш материаллари корхонамизнинг ўзида ишлаб чиқарилаётгани. Бу, биринчидан, объектлар қурилиши харажатларини сезиларли пасайтириш, маблағни иқтисод қилиш, иккинчидан, қурилиш майдонларига материалларни етказиб беришда узилишлар бўлмаслиги, учинчидан, янги цехлар ташкил этилиш ҳисобига ёшларимиз учун иш ўринлари яратишга имкон берди.

Ҳозирги кунга келиб 24 турдан ортиқ қурилиш маҳсулотлари ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда. Темир-бетон, металл конструкциялар, ғишт, қум, оҳак, шағал, эшик-деразалар, полиэтилен қувурлар кабилар шулар жумласидан. Кейинги етти йилда 859,1 миллиард сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга эришилди. Айни пайтда эса эҳтиёждаги маҳсулотлар турини босқичма-босқич кўпайтириш чоралари кўриляпти. Иш ҳажми ва  суръати ҳам шунга мос равишда йилдан йилга ўсиб боряпти. Мисол учун, 2016 йилда атиги 189,6 миллион доллар ҳажмида иш бажарган бўлсак, 2022 йилда бу кўрсаткич 486 миллион долларга етди.

Комбинат фаолиятида инвестиция дастури алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, 2017-2022 йилларда ушбу дастур асосида 28 та инвестицион лойиҳа амалга оширилди. Булар сирасига 5, 6, 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводининг “Б” блоки, янги очилган Турбой, Балпантов ва Томдибулоқ конларини гидрометаллургия заводлари билан боғловчи 82,6 километрли темир йўл, кўприк ва магистрал йўлларни киритиш мумкин. Шу билан бирга, комбинат ҳомийлигида Зомин туманида НКМК санаторийси, Зарафшон шаҳрида фавворалар сайилгоҳи, Учқудуқ туманида “Олтинкўл” дам олиш мажмуаси ва бошқа объектлар барпо этилди. Бу каби ишларимиз кон-металлургия соҳасида катта янгилик, бунёдкорлик йўлида эса улкан қадам бўлди.

Бунга яна бир мисол сифатида 5-гидрометаллургия заводи қурилишини олайлик. Уни янги асрнинг ҳақиқий бунёдкорлик намунаси, дейиш мумкин. Заводнинг замонавий қиёфаси, ўзига хос ишлаб чиқариш ечимлари, ўрнатилган инновацион технологияларни кўриб ҳавасингиз келади. Қолаверса, корхона белгиланган муддатдан олдин бунёд этилди. Бу, шак-шубҳасиз, саҳро инжиқларига қарамай елкама-елка ишлаган қурувчилар, мутахассису муҳандислар меҳнати, орттирган тажрибасининг амалий маҳсулидир.

Агар йўлингиз Зарафшон шаҳри, Учқудуқ тумани маркази, Заркент қўрғони ва бошқа ҳудудларга тушиб қолса, қад ростлаган муҳташам уй-жойлар, ижтимоий объектлар, фавворалар, маданият ва истироҳат боғлари, дам олиш масканларига кўзингиз тушади. Ободлик кўнгилдан, ўзинг яшаётган манзилдан бошланади, деб шунга айтсалар керак.

Бугунги кунда комбинатда Капитал қурилиш, инвестициялар, кон бошқармаларида қурилиш бўлимлари, Зарафшон қурилиш бошқармаси, унинг тасарруфидаги 3 та қурилиш-монтаж жамоаси ҳамда 1 та қурилиш трести мавжуд бўлиб, уларда 3,5 минг нафардан зиёд қурувчи-муҳандис меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти ёшларадир.

Айни пайтда қурувчиларимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигини ёруғ юз, катта меҳнат ютуқлари билан кутиб олмоқда. Жумладан, 6-гидрометаллургия заводи, Тўдакўл дам олиш базасида халқаро шахмат мактаби, Зарафшон шаҳрида 504 ўринли ихтисослаштирилган мактаб-интернат фойдаланишга топшириш учун тўлиқ шай ҳолга келтирилди.

Қурилиш соҳасидаги истиқбол марраларимиз катта. Жумладан, инвестиция дастури доирасида қиймати 513,5 миллион доллар бўлган 12 та лойиҳа жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Унинг 155,8 миллион доллари қурилиш-монтаж ишларига тўғри келади. Шунингдек, ҳали олдимизда қиймати 390 миллион доллар бўлган Мурунтов конини ўзлаштириш (5-навбати), унинг 2-босқичи ва қиймати  55 миллион доллар бўлган “Янги Довон-Тошкон конларида маъдан қазиб олиш мажмуасини қуриш” каби лойиҳаларни 2026 йилгача амалга оширишдек масъулиятли вазифалар турибди. Бу лойиҳалар рўёби юртимиз иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшади, албатта.

Фарҳод БАҲРОНОВ,

 “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бош директорининг

 инвестициялар ва капитал қурилиш бўйича ўринбосари